Бриллиант дисплейли смартфонларгача оз қолди!

Бриллиант дисплейли смартфонларгача оз қолди!

Айни пайтда OLED-дисплей технология асосида смартфон саноати учун энг илғор экранлар етказиб берилмоқда. Айниқса, энг қиммат флагманлар ишлаб чиқарувчи Apple компанияси ҳам илғор смартфонида OLED матрицали дисплейдан фойдалангач, жаҳон миқёсида бундай экранларга эҳтиёж кескин ошиб кетди.

Бироқ, жорий йилда жаҳон смартфон саноатида янги турдаги инновацион дисплейлар кутилмоқда. Шу кунларда экран технологиясини такомиллаштирувчи Akhan компанияси бриллиант қопламали экранларнинг прототипини синовдан ўтказмоқда.

Ишлаб чиқарувчининг сўзларига кўра, янги дисплейлар ҳозир энг илғор смартфонларда ўрнатилаётган дисплейлардан 6 баробар пишиқ ва 10 баробаргача мустаҳкам бўлади.

Mirage Diamond Glass деб ном олган бу технологияга кўра, смартфон экранларида лабораторияларда тайёрланган сунъий бриллиант тошидан фойдаланилади. Бу хомашё экран шишаси таркибига қўшилади. Натижада, “нанокаркас” деб ном олган дисплейлар ҳосил бўлади. Бундай дисплейлар ташқи таъсирларга ҳам чидамли бўлади.

Akhan вакилларининг маълум қилишларича, бриллиант нано-қопламалардан анъанавий Gorilla Glass экранларини ишлаб чиқаришда ҳам фойдаланиш мумкин.

Ҳозирда Akhan экспертлари Mirage Diamond Glass хомашёсининг смартфондан фойдаланишда яратиб берадиган қулайликларини ўрганишмоқда. Жумладан, янги турдаги экранлар тасвирнинг ёрқинлигини, шу билан бирга кўзни олувчи ёруғликни қайтаришга мослаштирилган бўлади. Натижада, ёруғ шароитда ҳам экрандан бемалол фойдаланиш мумкин.

Бриллиант дисплейли смартфонларнинг 2019 йилда намойиш этилиши кутилмоқда.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!