Британиядаги чангюткичлар ишлаб чиқарувчиси электрокар устида изланмоқда

Британиядаги чангюткичлар ишлаб чиқарувчиси электрокар устида изланмоқда

Британиядаги чангюткичлари билан машҳур Dyson хўжалик техникалари ишлаб чиқарувчиси электр автомобиль ишланмаси устида шуғулланмоқда. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар қилди.

“Британ ҳукумати ўзининг Малмсберидаги бош қароргоҳида янги электрокар ва унинг батареяларини ишлаб чиқариши керак бўлган Dyson компаниясига молиявий кўмак кўрсатмоқда. Инвестиция ҳажми 174 миллион фунт стерлинг(246 миллион доллар)ни ташкил этади. Бундан ташқари, 500 дан зиёд қўшимча иш ўрни ташкил этилиб, уларнинг аксарияти муҳандисларга тақдим этилади”, дейилади британ ҳукумати сайтига жойлаштирилган ҳужжатда.

Режада келтирилишича, Dyson янги аккумуляторлар яратиш учун 16 миллион фунт (22 миллион доллар) миқдорида грант олади. Dyson вакиллари эса электрокар ишлаб чиқарилиши ҳақидаги маълумотларни тасдиқлашни исташмаган. Улар буни ишланма босқичидаги маҳсулотлар тўғрисида маълумот бериш тақиқлангани билан изоҳлашган.

Dyson компаниясига 1992 йилда инглиз кашфиётчиси ва саноат дизайнери сэр Жеймс Дайсон томонидан асос солинган. 1970 йилда у жиҳозланмаган қирғоқларга ҳам келиб тўхтайдиган тезюрар Rotork Sea Track ҳарбий кемасини ишлаб чиққан эди. Бундан ташқари, кашфиётчи шарсимон кўринишдаги ғилдиракларга эга Ballbarrow аравасини ҳам ихтиро қилган бўлиб, у турли мураккаб бурилишларда ҳам осонгина бошқарилади.

Бошқа кашфиётлари сифатида айланма фильтрацияли янги турдаги чангюткич, стандарт турдагиларига қараганда ўн баробар тезроқ ишлайдиган гигиеник қўл қуриткич, жониворлар юнгини тозалаш учун чангюткич ва хавфсиз вентиляторларни айтиш мумкин.

Dyson компанияси техникаларида ихчам, енгил, самарали ва тежамкор электромоторлар қўлланилади. Худди шундай мотор янги электромоторга ҳам ўрнатилиши мумкин. Британ фирмаси ишланмалари учун 2014-2018 йилларда сарфлайдиган сармояларнинг умумий миқдори эса 1,5 миллиард фунт стерлинг(2,1 млрд доллар)ни ташкил этади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!