CES 2018: Byton — Tesla Model X"га Хитойнинг "жавоби"

CES 2018: Byton — Tesla Model X

Хитойнинг Byton компанияси Лас-Вегас (Невада, АҚШ)да ўтаётган Consumer Electronics Show (CES) 2018 кўргазмаси доирасида ўзининг тўлиқ электр токида ҳаракатланадиган кроссоверини намойиш қилди.

Byton Concept EV автомобили қимматбаҳо Tesla Model X машинасининг арзон муқобилидир. Бу ишланма ташқи дизайнини суратлардан ҳам кўриш мумкин ва у кўринишидан ҳашамдор.

Ушбу машинани 2 талқинда -- 1 ва 2 электр моторлар билан ишлаб чиқариш режа қилинган.

Қуйи моделнинг умумий қуввати 272 от кучига эга бўлади. Аккумулятор блогида 71 кВт·соат токни захирага сақлаш мумкин. Бу қувват билан Byton Concept EV тўлиқ қувватланиб 400 км масофани босиб ўта олади.

Юқори талқин -- иккита электр моторга эга версиянинг умумий қуввати 476 от кучига эга. Бу модификациядаги аккумулятор блоги ўзида 95 кВт·соат электрни жам қилади ва тўлиқ қувват билан 520 км масофани босиб ўта олади.

Асосий эътибор машина интерьерига қаратилган. Салонга бош суқишингиз билан "high-tech" нафасини ҳис қиласиз: олд панел, яъни олд ўриндиқларнинг қаршисида улкан дисплей ўрнатилган бўлиб, у ҳайдовчи ҳамда унинг ёнидаги ўриндиқ қаршисини ҳам тўлиқ эгаллаб олган.

Бу дисплейда борт тизими маълумотлари ҳамда бошқа кўнгилочар иловалар ёки ахборотлар намоён бўлади.

Автомобил рулида ҳам қўшимча 8 дюймли экран бўлиб, бу сенсорли бошқарув пульти машинани осон бошқариш мумкин. Орқа ўриндиқдаги йўловчилар учун ҳам алоҳида дисплейлар мавжуд.

Машинада юз-қиёфа ҳамда ҳаракатларни тушуна оладиган махсус тизим, шу билан бирга, учинчи даражали автоматлашган автопилот бошқарувини жорий қилиш режалаштирилган. Бунда автомагистрал йўлларда машина ўз-ўзини хавфсиз бошқариши мумкин.

Қайд этилишича, Byton Concept EV 2019 йилда ишлаб чиқарилади ва 45 000 АҚШ долларидан сотувга чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, Tesla Model X айни пайтда халқаро бозорда ўртача 80 минг АҚШ долларидан сотилмоқда.