CES 2018: Дунёнинг энг илғор мобил процессори мукофотланди

CES 2018: Дунёнинг энг илғор мобил процессори мукофотланди

Samsung Exynos 9810 чипини ноябрь ойининг бошларида тақдим қилган эди. Компания унинг жиҳатлари хусусида кеча Лас-Вегасда ўтаётган халқаро кўргазма доирасида батафсил маълумот берди.

Exynos 9810 чипи маълумотларни 10 нанометрли техник жараёнда, 2-авлод FinFET технологияси ёрдамида қайта ишлайди. Процессордаги икки кластернинг ҳар бирида 4 тадан ядро бор: улардан бири 2,9 ГГц частота тезлигида ишласа, иккинчи кластер смартфонннинг кам қувват ейиши учун зарур чора-тадбирларни кўради. Янгича технологик меъморий ечим ҳисобига янги процессор ядроси бир ядроли режимда оладиган натижа аввалги чиплар кўп ядроли режимда оладиган самарадорликдан ҳам 40% юқори.

Процессор deep learning, яъни "чуқур ўрганиш" тизимида яратилган. Ундаги нейронли тармоқда "ақлли тизим" жорий қилинган ва процессор мустақил равишда ўз-ўзини ўқитиб боради. Мисол учун, бу технология суратдаги одамлар ва буюмларни таниб қолади, керак вақтда уларни топиб беради, автомат тарзда каталоглаштиради. Шу билан бирга, бу чип қиёфани 3D сканер қилиш технологиясини ҳам қўллаб-қувватлайди. Юз, бармоқ изи ҳамда кўзнинг рангдор пардасига оид маълумотлар хавфсизликка жавоб берадиган алоҳида ёрдамчи чипда сақланади.

Exynos 9810 модеми 1,2 Гбит/секунд тезлигида ишлайдиган жаҳондаги илк чип. Кўп форматли MFC кодеклай олиш кўникмаси ҳисобига, бу чипда видео ҳамда фотосурат сифати кескин ошади. Натижада, янги смартфонларда сониясига 120 кадрдан иборат 4K видеолар ёзиш мумкин.

10 битли HEVC формати ҳар бир рангда — қизил, яшил, кўк рангларда 1024 хил туснинг акс этишини таъминлайди. Натижада, смартфон экранида 1,07 млрд тусни қамраб олган кенг ранг диапазони ҳосил бўлади.

Exynos 9810 процессорида татбиқ қилинган инновациялар эвазига CES 2018 кўргазмасида "Innovation Awards HONOREE" мукофоти билан тақдирланди ва айни пайтда сайёрамизнинг энг илғор чипи дея эътироф этилди. Бу чип илк маротаба яқинда тақдим қилинадиган Galaxy S9 флагманида ўрнатилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.