ChatGPT учун илк "тарсаки": OpenAI чатботи бан қилинди

ChatGPT учун илк

Гарчи ҳали бир қанча камчиликлари бўлса ҳам ChatGPT сунъий интеллекти миллионлаб одамлар томонидан жуда ижобий кайфият билан қабул қилинди ва бир гап билан айтганда ҳозирда ҳамма ундан хурсанд, фақат Италиядан ташқари ёхуд OpenAI'нинг ақлли чатботи италияликлар қалбидан жой эгаллай олмади.

Маълум бўлишича, OpenAI'нинг ChatGPT сунъий интеллект чатботи Италия ҳукумати томонидан мамлакатда хизмат кўрсатишдан қонунан тўхтатилган ёхуд вақтинчалик бан қилинган. Бунга асосий сабаблар фойдаланувчилар маълумотларини ноқонуний тўплаш, қайта ишлаш ва вояга етмаганларнинг хизматдан фойдаланиши бўлиб, Италия ҳукумати ҳозирда компанияга нисбатан тергов иши очган.

Италиянинг Маълумотларни ҳимоя қилиш органининг таъкидлашича, OpenAI компанияси Европа Иттифоқининг Маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича умумий низомини (GDPR) бузмоқда ёхуд италияликлар OpenAI'нинг сунъий интеллектни "машқ қилидириш" мақсадида шахсий маълумотларни оммавий йиғиш ва қайта ишлашни таъминловчи қонуний асоси йўқ деб ҳисоблайди. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, италияликлар OpenAI чатботи одамларнинг маълумотларини ноқонуний тарзда йиғади ва қайта ишлайди деб ҳисоблайди.

Эҳтимол, Италия ҳукуматинининг бундай "ёнишига" ChatGPT маълумотлар базасининг 20 март куни бузилиши "учқуни" сабаб бўлган бўлиши мумкин. 

Бундан ташқари OpenAI вояга етмаганларнинг хизматдан фойдаланишига бефарқ эканлиги ҳам алоҳида айтиб ўтилган – Италия ҳукумати ёш фойдаланувчилар платформадан ёлғон ва мутлақо нотўғри маълумотлар олишидан ҳавотирда. Гарчи ChatGPT'дан фойдаланиш қоидаларида хизматдан фақат 13 ёшдан ошганлар фойдаланиши мумкинлиги келтирилган бўлса ҳам, платформада ёшни верификация қиладиган ҳеч қандай тизим йўқ.

Сан-Францискода жойлашган компанияга учун бу муаммоларни ҳал қилиш учун 20 кун муҳлат берилган. Акс ҳолда эса, OpenAI'ни Европа Иттифоқининг маълумотларни ҳимоя қилиш тартибини бузганлик учун компания йиллик айланмасининг 4 фоизигача ёки 20 миллион еврогача, қайси бири каттароқ бўлса, жаримага тортилиши мумкин.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!