“Cмартфон” ва “WhatsApp”нинг қозоқча таржимаси ижтимоий тармоқларда кулгига сабаб бўлди

“Cмартфон” ва “WhatsApp”нинг қозоқча таржимаси ижтимоий тармоқларда кулгига сабаб бўлди

Бир муддат аввал Қозоғистон Республикасининг Маданият ва спорт ишлари вазири “смартфон” ҳамда “WhatsApp” каби янги сўзларнинг қозоқ тилидаги альтернативлари бўлиши ва муомалада шу сўзлар ишлатилиши тўғрисида маълум қилган. Бу ҳақда Nur.kz нашри хабар тарқатмоқда.

Вазирнинг сўзларидан ғазабланган қозоқ блогерлари эса бу эълонни “мўлжалга олиб”, мазкур масалада ҳукуматга ёрдам бериш мақсадида, киноя тарзида замонавий хориж сўзларининг бир қанча талқиндаги таржималари рўйхатини ишлаб чиқишган. Жумладан, Facebook ижтимоий тармоғида бир қанча халқаро бренд ва сўзларнинг қизиқарли альтернативлари ўрин олган сурат эълон қилинган.

Шундай қилиб, қозоғистонлик ёшлар Facebook’ни “Беткiтап”, Windows’ни “Терезелер”, Whatsapp’ни “қалайсын”, смартфонни “ақылтелефон” деб таржима қилишни таклиф қилишмоқда. Бу таклифлар ижтимоий тармоқларда бошқа қозоғистонликларнинг завқини қўзғаб, кулгусига сабаб бўлмоқда. Улар “Photoshop”, “CorelDraw” ва “Instagram” каби халқаро номларни ҳам қозоқ тилига таржима қилиш кераклигини айтишган.

Эслатиб ўтамиз, 2 йил аввал қозоғистонлик тилшунослар альпинистни “асқарпаз”, балконни “қылтима” ва таблеткани “түйме” деб таржима қилиб, интернет фойдаланувчиларнинг норозилигига сабаб бўлишган эди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!