Дастурчиларнинг маоши қанча?
Ахборот технологиялари соҳасидаги ишлар дунё бўйлаб энг юқори ҳақ тўланувчи ишлар қаторига киради. Маош юқорилиги жиҳатидан, бошқа соҳаларда бўлгани каби, биринчи ўринда директорлар туради. Аммо кўпинча IT-компанияларда ҳам оддий дастурчилар ва дастурий таъминот ишлаб чиқувчиларнинг иш ҳақлари айрим бўлим бошлиқлариникидан баландроқ бўлиши мумкин.
Келинг, яхшиси, «Моё образование» сайти яқинда эълон қилган маълумот – Россиядаги дастурчиларнинг ойлик маошлари рейтингини кўриб чиқсак. Эслатиб ўтамиз – иш ҳақлари сўмда кўрсатилган.
Лавозими | Ўртача
маош |
Энг юқори
маош |
Java бўйича етакчи дастурчи | 18 423 000 | 26 151 000 |
Oracle бўйича етакчи дастурчи | 16 045 000 | 23 770 000 |
1С бўйича етакчи дастурчи | 15 450 000 | 23 770 000 |
PHP бўйича етакчи дастурчи | 15 450 000 | 23 770 000 |
С# бўйича етакчи дастурчи | 14 490 000 | 20 200 000 |
С++ бўйича етакчи дастурчи | 14 262 000 | 21 390 000 |
Java бўйича дастурчи | 14 856 000 | 23 770 000 |
Oracle бўйича дастурчи | 14 262 000 | 21 390 000 |
Релиз-муҳандис | 14 262 000 | 23 770 000 |
iOS бўйича ишлаб чиқувчи | 13 662 000 | 21 390 000 |
1С бўйича дастурчи | 13 075 000 | 21 390 000 |
Ruby бўйича дастурчи | 13 075 000 | 17 823 000 |
С++ бўйича дастурчи | 13 075 000 | 20 203 000 |
Android бўйича ишлаб чиқувчи | 13 075 000 | 20 203 000 |
Delphi бўйича дастурчи | 12 475 000 | 17 823 000 |
Python бўйича дастурчи | 12 475 000 | 19 016 000 |
PHP бўйича дастурчи | 11 405 000 | 21 390 000 |
JavaScript бўйича дастурчи | 11 288 000 | 17 823 000 |
Perl бўйича дастурчи | 11 288 000 | 21 390 000 |
Flash бўйича ишлаб чиқувчи | 10 695 000 | 17 823 000 |
Superjob портали тадқиқотлар маркази берган маълумотларга кўра, Java бўйича етакчи дастурчининг ўртача иш ҳақи синовдан ўтказиш бўлими раҳбарининг маошидан юқорироқ экан. Дастурчининг маоши тегишли лавозимга талабгорлар сонига ҳам боғлиқ бўларкан. Яъни, қайси лавозим талабларига жавоб бера олувчи дастурчилар қанча кам (рақобат паст) бўлса, шу лавозим учун маош шунча юқори бўлар экан.
Юқоридагилардан ташқари, дастурчининг маоши у дастур ёзадиган тилга ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Масалан, фақат JavaScript’да ёзадиган дастурчиларга талаб паст ва уларнинг хизмати унча юқори баҳоланмайди. Чунки JavaScript – анча кенг тарқалган ва у одатда бошқа тилларга қўшимча тил ҳисобланади.
Superjob тадқиқотчиларининг изоҳлашича, Perl тилли дастурчиларда ҳам шунга ўхшаш ҳолат – уларга эҳтиёж камайиб бормоқда. Perl тили дастурлаштиришнинг бошқа, замонавий тиллари томонидан сиқиб чиқарилмоқда ва унда «ижод қилувчи» дастурчилар бошқа тилларни ўзлаштириб олишмоқда.
Хўш, юқоридаги рақамларни кўриб, сизнинг ҳам дастурчи бўлгингиз, ёки фарзандингизни шу соҳага йўналтиргингиз келиб қолдими? Унда сайтимизни кузатиб боринг – бу борада муҳим ва қизиқ маълумотлар ҳали олдинда!