Дастурлаш ҳақида (билмаганларга)

Дастурлаш ҳақида (билмаганларга)

Кўпчилик дўстларимдан соҳамни дастурлашга ўзгартирсаммикин деган фикрларни эшитаман. Айниқса, чет элга чиққанларнинг кўпчилиги бундай ҳаёлга борган. Улар учун бу соҳанинг баланд-пастини соҳани ўзгартиришдан аввал билиш фақат фойда келтиради деган ўй билан ушбу мақолани ёзишга қарор қилдим.

Дастурлаш — бу сизнинг бирор бир муаммони ҳал қилиш учун компютернинг улкан имкониятларини фойдаланиш қобилияти. Бунинг учун сиз компютерга буйруқ бера олишингиз керак. Лекин бу эшитилганичалик осон иш эмас. Компютер масалани ҳал қилишда ҳар қандай инсондан тез лекин у инсончалик “фаросатли” эмас. Масалан, укангиз ёки синглингизга жуда оддий туюлган чой дамлашни 2 оғиз сўз билан буюрасиз. Компютерга бундай содда буйруқ кетмайди: чой дамлаш қанақа жараён эканлигини тушунтиришингиз, вазифани бажариш жараёнида қандай деталлардан қай тарзда фойдаланишни икир-чикиригача тушунтиришингиз керак. Менимча, нима демоқчилигимни тушундингиз.

Дастурчи ҳам яхши ижодкор, ҳам кучли мантиқли бўлиши керак. Рассом ёки ҳайкалтарош каби ижодкор аҳлининг илҳоми келмай сиқилиб, ичкиликка берилганини киноларда ёки ҳаётда кўрган бўлсангиз керак. Дастурчиларда худди шунақа ҳолат кўп бўлади:

Ишни топшириш мухлати жуда яқин лекин катта қисми ҳали тайёрмас?

Кутилмаган муаммо чиқди ва уни умуман ечимини тополмаяпсиз?

Кўпчилик дам олиш кунлари дам олади, ёзда оромгоҳларга кетади. Сизда бундай имконият жудаям кам бўлади. Сабаби: тинимсиз ўз устингизда ишлашингиз, янги нарсаларни ўрганишингиз керак. Ҳиндистоннинг бир шаҳарчасидаги йигит ҳам сизнинг рақобатдошингиз. Бу соҳа умуман чегара билмайди.

Жуда қўрқитиб юбормадимми?)) Энди яхши томонларини айтсам:

Ҳеч бирор нарса яратиб кўрганмисиз? Агар яратмаган бўлсангиз, хафа бўлмангку, лекин бу дунёга ҳали келмапсиз?

Борган сари билимингиз ортиб бораётганини, устозим Шранет тарифлари билан айтганда, компютернинг худосига айланиб бораётганингизни сезасиз.

Менимча, агар ушбу хусусиятлар сизда бўлса, сиз дастурлаш соҳасига ўтишни эплайсиз:

Мактаб пайтингизда математика, информатика ёки физика каби фанларга қизиққан ва яхши ўқиган бўлсангиз?

Қандайдир ғоянгиз бору, уни ўзингиз амалга оширишни истайсиз?

Тасаввур қилинг, бу соҳа “мода”дан қолди ва унақа катта ойлик ҳам тўланмай қўйди. Шундаям ўзгартиришни истасангиз (бундай дейишимга сабаб дастурлашни бошлаганингиздан анчагача яхши маош олишдан умидингизни узинг)?

Умуман олганда, агар сиз дастурлашни севсангиз, бу эркаликларини кўтариш унчалик қийинмас (ичиб-чекиш ҳам шартмас).

Энди тасавур қилайлик, бу сизга қийиндай туюляпти: осонроғи ва тезроқ пул топиш мумкин бўлган бошқа шунга ўхшаш касблар йўқми? Бор, бу ҳақида кейинги сафар.

Баҳриддин Абдиев

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг.


Сўнгги хабарлар