Давлат раҳбарлари қайси смартфондан фойдаланишади?

Давлат раҳбарлари қайси смартфондан фойдаланишади?

АҚШ

Америкаликларнинг йўлбошчиси Барака Обаманинг бир неча йиллар давомида BlackBerry русумидаги смартфонни ишлатиб келаётгани маълум бўлган эди. Барак Обама 2009 йилда Оқ уйга келганида унга қўйилган асосий шарт ҳам қадрдон BlackBerry’исидан воз кечиш бўлган. Аммо жаноб Обама бу телефондан воз кечмади.

Шундай бўлса ҳам, 2015 йилнинг декабрь ойида Обаманинг Аляска штати бўйлаб саёҳати давомида у селфи тушиш учун iPhone қурилмасидан фойдалангани ҳақидаги хабар шов-шув бўлиб кетган эди.

Аммо АҚШ раҳбари хавфсизлик нуқтаи назаридан бирор смартфондан умуман фойдаланмаслигини, онда-сонда АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги томонидан такомиллаштирилган мобиль қурилмалардан фойдаланишини тан олган.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан BlackBerry чиндан ҳам, ахборот хавфсизлигини таъминлай олиши исботланган бўлса керак, кўпчилик давлат раҳбарлари, йирик банк ва корпорация раҳбарлари, ҳатто кўпчилик ривожланган давлатларнинг хавфсизлик хизмати ходимлари ҳам ушбу русумдаги гаджетдан фойдаланишади.

Германия

Германия раҳбари Ангела Меркел эса ҳали ҳам Nokia slide моделига мансуб мобиль алоқа воситасидан воз кечгани йўқ.

2013 йилда АҚШ Хавфсизлик агентлиги Ангела Меркелнинг мобиль қўнғироқларини текширишига оид тарқаб кетган хабарлардан сўнг ушбу телефон аппарати яна ҳам шуҳрат қозонган эди.

Айтишларича, Англеа Меркел хоним Nokia 6260 Slide қурилмасидан фақатгина яқинлари билан, шахсий масалаларда суҳбат қуради. Давлат иши масалаларида эса у Германиянинг хавфсизликни таъминлаш органи томонидан махсус чип ўрнатилган, махсус иловаларга эга BlackBerry Z10 смартфонидан фойдаланади.

Россия

Владимир Путин ҳеч қачон қўл телефони ишлатмаслигини кўп такрорлайди. У телефонда сўзлашиш учун ортиқча вақти йўқлигини, бўлган тақдирда ҳам, тинимсиз қўнғироқлар вақтини ўғирлаб қўйишини айтади.

Ундан фарқли ўлароқ, бош вазир Дмитрий Медведев эса Apple смартфонларининг шайдоси.

Ҳатто у 2006 йилда Silicon Valley – АҚШдаги электроника ва технология компаниялари жойлашган ҳудудга борганида Стив Жобс унга ҳали тақдимоти қилинмаган iPhone 4 смартфонини совға қилган эди.

Покистон

Бош вазир Наваз Шарифнинг  iPhone ва Samsung қурилмаларидан фойдаланиши маълум. Аммо бу қурилмаларнинг ҳеч бирини у ўзи билан олиб юрмайди. Бош вазир фақатгина  BlackBerry Bold смартфонидан оила аъзолари ва сиёсий маслакдошлари билан алоқа қилишда шахсан фойдаланади.

Франция

Франция президенти Франсуа Олланд  iPhone 5 смартфонидан фойдаланади. У iPhone қурилмасидан фақатгина шахсий масалаларда фойдаланади. Франциянинг ундан олдинги раҳбари эса BlackBerry русусмидаги смартфондан фойдаланган.

Шимолий Корея

Шимолий Корея Президенти Ким Чен Ин HTC смартфонидан фойдаланиши 2013 йилда олинган суратдан кейин маълум бўлган. Шундан сўнг, Шимолий Корея фуқаролари ўртасида ушбу тайванлик ишлаб чиқарувчининг смартфонларига бўлган талаб ортиб кетган.

Бу мамлакатда 25 миллион аҳоли ва 2 миллион мобиль алоқа фойдаланувчилари истиқомат қилади.

Шимолий Кореяда мансабдорларнинг, уларнинг оила аъзоларининг, бадавлат инсонларнинг, бизнесменларнинг, Хитой билан алоқа қилувчи инсонларнинг мобиль  қурилмалардан фойдаланиши қаттиқ назоратга олинади ва кези келганда таъқиқланади.

Италия

Италия бош вазири Маттео Ренци iPhone смартфони фойдаланувчиси. Шу сабабли бўлса керак, Apple асосчиси Стив Жобс ҳаётдан кўз юмганида у ўзининг Facebook саҳифасига ҳамдардлик постини ёзиб, Стив Жобсни “замонамизнинг Леонардо да Винчиси” деб атаган эди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!