Dell симсиз қувват олувчи жаҳондаги илк ноутбукни сотувга чиқарди

Dell симсиз қувват олувчи жаҳондаги илк ноутбукни сотувга чиқарди

Таниқли ноутбук ишлаб чиқарувчиси бўлган Dell компанияси 2017 йилнинг январида ўтказилган CES-2017 электроника маҳсулотлари кўргазмасида илк симсиз қувват олувчи лаптоп концепциясини намойиш қилган эди.

12 июлдан ишлаб чиқарувчи "2 таси 1 да" тамойили асосида ишлайдиган Dell Latitude 7285 жаҳондаги илк симсиз қувват олувчи гибрид ноутбукини сотувга чиқарди.

Симсиз қувватлаш учун харидор Dell 7285'га қўшимча 380 долларга симсиз заряд олувчи клавиатурани сотиб олиши керак бўлади. Клавиатура ўзи алоҳида $380 доллар туради. Планшет компютерининг ўзи ҳам арзон эмас. Унинг энг арзони 1200 доллардан сотилмоқда.

Dell 7285'га мўлжалланган клавиатуранинг бошқа талқинлари ҳам бор — бири ўта юпқа бўлиб, саёҳат чоғида малол келмайди ва бошқаси ўзида қўшимча 4 соатлик қувватни жамлайди. Планшет эса тўлиқ қувват билан 6 соат ишлашга мўлжалланган.

Симсиз қувват олиш технологияси қандай ишлайди?

Аҳамият берган бўлсангиз, Dell Latitude 7285 девайсининг планшет қисми симсиз қувват ололмайди. Гаджетни симсиз қувватлаш учун уни махсус клавиатурага улаш керак бўлади. WiTricity технологияси жорий қилинган клавиатура магнит тебраниши эффекти асосида қувват олади.

Шунингдек, Dell компаниясининг маълум қилишича, планшет қувват олаётганда металл бўлмаган юзада туриши керак. Фойдаланувчи қувват олаётган ноутбукни металл юзадан камида 5 см юқорига қўйиши керак.

Windows 10 операцион тизими бошқарувида ишлайдиган Dell Latitude 7285 планшет компютери 12 дюймли Sharp IGZO дисплейига эга. Унинг сиғими 3K (2880 x 1920 пикселли). Гаджет 7-авлод Intel Core процессорлари, 8 ёки 16 ГБ тезкор хотира, 512 ГБ доимий ички хотирага эга бўлган.

Корпусда USB Type-C/Thunderbolt 3 портлари, кард-ридер, аудио порти мавжуд.  Dell Latitude 7285 2 диапазонли  Wi-Fi (802.11ac), Bluetooth 4.2, Miracast ва WiGig алоқа стандартларини қўллаб-қувватлайди.

Ноутбук ўлчами: 273,2 х 208,5 х 7,8 мм, вазни — 675 грамм.

Нарх-наво

Dell Latitude 7285 ноутбукининг энг арзони 1200 доллардан сотилади. Бу талқин 7-авлод Core-i5-7Y54 процессори, 128 ГБ доимий хотира ва 8 ГБ тезкор хотирага эга бўлади.

Ўзида қўшимча қувватни жам қиладиган клавиатура $250, симсиз қувват олувчи клавиатура ва махсус таглик $580 доллар туради. Шунингдек, ишлаб чиқарувчи фойдаланишга қулай бўлиши учун ноутбукка қўшиб, махсус таглик (подставка)ни ҳам 200 доллардан сотувга чиқарган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!