Эгизаклар iPhone X'ни блокировкадан чиқаришга уринишди (видео)

Эгизаклар iPhone X'ни блокировкадан чиқаришга уринишди (видео)

Business Insider нашри журналистлари Face ID функциясининг инсон қиёфасини қанчалар аниқ таний олишини синовдан ўтказишга қарор қилишди.

Грег ва Брайан Фиберлар бир қараганда бир-бирларига қуйиб қўйгандай ўхшашади. Face ID функциясида айнан уларнинг бу ўхшашлиги қўл келади. Аввалига Грег флагманда ўз қиёфасини 3 ўлчамда сканерлаб, тасдиқлатиб олди. Сўнг кўзойнак тақиб, бош кийими кийиб ва шарф ўраган ҳолатда қиёфа сканерини синаб кўрди. iPhone X бу вазифаларни бир зумда амалга оширди ва ҳар қандай кўринишда Грегни таний олди.

Шундан кейин Грег смартфонни эгизаги Брайанга берди. Эгизак қиёфага эга фойдаланувчи ҳар қанча уринмасин iPhone X уни Грег деб тан олмади.

Видеони ўзингиз томоша қилинг: 

 "Мен ҳайратдаман. Бизни ҳали бирор инсон бу қадар тез фарқлашни уддалай олмаган. Ҳатто оиламизнинг баъзи аъзолари ҳам бизни баъзида фарқлай олмайдилар. Энди Брайан менинг айфонимни блокировкадан чиқара олмаслигига ишонч ҳосил қилдим. Бу кутилмаган янгилик бўлди", дейди Грег.

Бу технология қандай ишлайди?

iPhone X'да Apple компанияси кучли бир инновацияни жорий қилган — TrueDepth технологияси. TrueDepth — 7 мегапикселли олд камера, инфра-қизил камера, белгиларни қайд этувчи проектор ҳамда инфра-қизил нур тарқатувчи қурилмалар бирикмасидан иборат инновацион камера ва сканерлаш тизимидир.

Мисол учун, белгиларни қайд этувчи проектор фойдаланувчи юздаги 30 мингдан зиёд белги, нуқта ёки доғни аниқлайди ва шунга кўра қиёфанинг харитасини чизади. iPhone X фойдаланувчиси тизимга кириши чоғида айфондаги TrueDepth тизими қиёфани айнан шу харита билан солиштириб кўради.

ЎқингiPhone 8: рақибларда йўқ инқилобий функция маълум бўлди

Инфра-қизил нурли камера эса юзнинг нуқтали таркибини шакллантиради ва олинган маълумотлар асосида юзнинг нуқтали кўринишини инфра-қизил спектрда, яъни "виртуал тўр" шаклида тайёрлайди. Бу сурат эса A11 Bionic процессорига ўрнатилган Secure Enclave номли махсус модулга юборилади. Secure Enclave модулида эса фойдаланувчининг қиёфаси аввал сақлаб қўйилган харита билан солиштирилади.

Айтиш керакки, бу ерда таққослаш ўта мураккаб жараёндан иборат. A11 Bionic микропроцессорининг нейрон ядросидаги бир қисми юзнинг инфра-қизил сурати ва юз харитасининг математик гавдалантирилган шаклини қайтадан чизади. Шундан сўнг бу суратларда олинган натижа юзнинг аввал рўйхатдан ўтказилган талқини билан солиштириб кўрилади.

ЎқингЭгаси уйқудалигида iPhone X'ни блокировкадан чиқарса бўладими?

Инфра-қизил нур тарқатувчи қурилма эса камерага iPhone X фойдаланувчисининг юзини ҳар қандай шароитда, жумладан тунги шароитда ҳам таниш имкониятини яратади. Бу қурилма юзга йўналтирган инфра-қизил нур оқими юзга урилиб, камерага уни ҳис қилишга ёрдам беради.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.