Эҳтиёт бўлинг – Teligram! Оммавий мессенжернинг зарарли клони тарқалди

  •   DiMaX
  •  1504
  •  15.01.2018 18:30

Эҳтиёт бўлинг – Teligram! Оммавий мессенжернинг зарарли клони тарқалди

Telegram мессенжерининг оммавийлиги ҳамда дастурчиларга унинг очиқ кодлари тақдим этилгани яхши, албатта. Дастурчилар ушбу кодлар асосида оригинал Telegram’дан фарқланувчи, қўшимча имкониятларга эга мессенжерлар яратишлари ҳам мумкин. Аммо бундан ёмон ниятда фойдаланувчилар ҳам йўқ эмас-да...

ЎҚИНГ: Террористлар қайси мессенжерлардан кўп фойдаланиши айтилди

Ахборот хавфсизлиги воситаларини ишлаб чиқишга йўналтирилган Symantec компаниясининг мутахассислари куни кеча Google Play иловалар каталогида Telegram’нинг зиёнкор клонини пайқаб қолишди. Мазкур илованинг тавсифи оригинал мессенжернинг маълумотлари билан айнан бир хил экан. Фарқи эса иккитагина – логотип ранги бошқача ва номланишиям ўзгача эди: фейк-мессенжер Teligram деб аталган.

«Янгиланган версия»

Клон-мессенжер оммабоп илованинг янгиланган талқини сифатида ниқобланган экан. Чиндан ҳам у ўзини худди Telegram’дек тутар ва мулоқот қилишга бемалол ярар эди. Фақат унинг чатларида реклама қалқиб чиқиб турарди.

Бу иловада бошқа бирор зиёнкор функция мавжудлигини аниқлашга муваффақ бўлишмади, аммо Google Play аллақачон бу фирибгарлик иловасини блоклаб ташлади.

ЎҚИНГ: Энг хавфли Android-вируслар-4: Faketoken

Клонлар қирилиб битмаган...

Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас: Symantec мутахассислари масалага чуқурроқ киришга қарор қилишди ва Telegram клонлари яна бор-йўқлигига қизиқишди. Хавотирлар беҳуда эмас экан – шунақаси топилди ва у ҳақиқий зиёнкор кодга эга илова бўлиб чиқди.

Ушбу иккинчи фейк-мессенжер ҳам Telegram’нинг ҳақиқий очиқ кодлари асосида яратилган ва интернет тармоғида org.telegram.messenger номи остида тарқалган экан. Кимдир уни ўз қурилмасига ўрнатиб олса, иловани яратган хакер аллақачон тизимга кириб олган зиёнкор кодларни ишга тушириб юбориши мумкинлиги аниқланди.

Демак, ўз смартфонингиз ва планшетингизга чет манбалардан илова ўрнатмаганингиз ва унинг хавфсизлиги масаласига жиддийроқ қарашингиз лозим.

ЎҚИНГ: Android тизимига вируслар нега тушади ва улардан қандай қутуламиз?

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.