Эксклюзив: iPhone 11’нинг илк суратлари ва хусусиятлари билан танишинг!

Эксклюзив: iPhone 11’нинг илк суратлари ва хусусиятлари билан танишинг!

Купертинолик гигантнинг iPhone X суперфлагмани ромсиз ва юқориси «ўйиқ»ли OLED-экрани, Face ID юз сканери, тезкор ва симсиз қувватлаш технологиялари билан бутун дунёни ҳайратга солишда давом этмоқда. Бугун эса ҳали 2018 йилда тақдим этилиши кутилаётган iPhone 11 моделининг ҳам рендер-расмлари тарқалди, деб ёзади AKKet.com.

Мазкур смартфон ҳақида «сизиб сиққан» хабарлар асосида дизайнерлар гуруҳи унинг тахминий ташқи кўринишини яратди. Бунинг эвазига энди бизда Apple’нинг бўлажак флагмани дизайнига яқиндан назар солиш, шунингдек, айрим хусусиятлари билан танишиш имкони юзага келди.

iPhone 11’да илк кўзга ташланадиган жиҳат – ромсиз AMOLED-экран бўлиб, унинг устки қисми «ўйиқ»дан маҳрум бўлганлиги эътиборни тортади. Маълумки, бу йилги суперфлагман айни экранининг шу жиҳати билан ҳам бошқа барча смартфонлардан ажралиб туради.

ЎҚИНГ: iPhone X экранидаги «ўйиқ» – Apple’нинг ажойиб «имзо»си!

Энди iPhone экрани унинг олд панелини деярли буткул эгаллайди ва бу жиҳати билан у Samsung Galaxy S9’га ҳам ўхшаб кетади. Экраннинг шундоққина тепасида иккинчи авлод Face ID юз сканери ўрин олган. У аввалгисидан кўра тезкорроқ, аниқроқ ва ишончлироқ бўлади. Шунингдек, бу смартфонда бармоқ изи сканери ҳам мавжуд бўлиб, у Display ID технологияси асосида – дисплейнинг ўзига ўрнатилади.

iPhone 11 орқа қопқоғи, суратларда кўриниб турганидек, металлдан ишланган, унинг юқори чап қисмида асосий камеранинг тик жойлашган иккита модули кўзга ташланади.

Бўлажак флагманнинг асосий каркаси ҳам, худди iPhone X моделидаги каби, жарроҳлик пўлатидан ишланади. Бу эса смартфоннинг ўта мустаҳкам ва букишларга чидамли бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, «юбилей айфони»нинг мустаҳкамлигини таъминлаган омиллардан бири ҳам шудир.

ЎҚИНГ: Эксклюзив видео: iPhone X’ни 300 метрлик баландликдан ташласа нима бўлади?

Купертинолик техногигантнинг навбатдаги флагмани аппарат қисми ҳақида сўз юритишга ҳали эрта. Аммо, ҳозиргача тарқалган миш-мишларга кўра, уни 8 ядроли Apple A12 процессори ҳамда 4 гигабайтлик тезкор хотира билан жиҳозлашади. Шунингдек, Apple ниҳоят анъанавий Lightning тирқиши ўрнига бу смартфонида ҳозирда урфга кирган USB Type-C портини жорий этиши ҳам мумкин.

Бундан ташқари, iPhone 11 корпуси IP68 стандарти бўйича сув ва чангдан ҳимояга эга бўлиши эҳтимоли бор. Бордию Apple ўзининг навбатдаги флагманини шунақа хусусиятлар билан бойитса, ҳар қандай Android ишқибозининг ҳам унга ҳаваси келиши аниқ.

iPhone 11’нинг (агар у чиндан ҳам шунақа номланса) расмий тақдимоти 2018 йилнинг сентябрида бўлиб ўтиши керак. Унга iOS 12 операцион тизими ўрнатилган бўлиб, нархи ҳатто iPhone X’дан ҳам анча баланд бўлиши тахмин қилинаётир. Apple компаниясининг бу борада баҳонаси тайёр: янги смартфонида янада қимматбаҳо бутловчи қисмлар ва мураккаб технологиялар қўлланади, буларнинг барчаси эса ишлаб чиқаришда қўшимча харажатларни талаб этади ва ҳоказо...

Омон бўлсак бирга кўрармиз, биздан узоқлашманг!

ЎҚИНГ: iPhone X таннархи ҳисобланди: қийматнинг 74 фоизи Apple’нинг фойдаси экан!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.