Эксклюзив: Samsung’нинг «ўта ҳимояланган» янги смартфонини тўлиқ видеода томоша қилинг!

  •   DiMaX
  •  2371
  •  24.07.2017 16:44

Эксклюзив: Samsung’нинг «ўта ҳимояланган» янги смартфонини тўлиқ видеода томоша қилинг!

Samsung ўзининг Galaxy Note 8 фаблетини асосий рақиби – Apple’нинг «юбилей» смартфони – iPhone 8 тақдимотидан аввал намойиш этишга ҳаракат қилмоқда, деган гаплар тарқалган эди. Энди эса, ишлаб чиқарувчига яқин манбалардан сизиб чиққан маълумотларга кўра, компания яқин орада яна бир қурилмаси – Galaxy S8 Active моделини ҳам чиқаришни режалаштираётир. Яқинда унинг айрим хусусиятлари ҳамда суратларини ҳам тақдим этган эдик.

Ҳимояланган – демак, қуролланган!

Samsung’нинг «оддий» GS8 моделининг «ўта ҳимояланган» талқини батафсил акс эттирилган видеолавҳа интернетда тарқалди. Шунингдек, бу қурилма аниқ-тиниқ тасвирланган бир нечта суратлар ҳам бутунжаҳон тўри тармоқларида пайдо бўлди. Ҳа, бу ўша – Galaxy S8 Active моделининг фото ва видео тасвирларидир.


Ўз-ўзидан маълумки, Samsung Galaxy S8 Active смартфонининг асосий афзаллиги – унинг ўта ишончли ҳимояга эга эканлигидир. Бу гаджет нафақат IP68 стандарти бўйича сувдан ҳимояланган, балки мустаҳкамлиги бўйича MIL-STD-810G ҳарбий сертификатига ҳам эга.

Фарқлар кўпмас, лекин муҳим

Сизиб чиққан маълумотларга кўра, девайс корпуси металл ва «полимерлар»дан ясалган. Унинг аккумулятори 4000 мА/соат сиғимга эга бўлиб, мазкур кўрсаткичи билан у Galaxy S8 ҳамда S8+ талқинларидан тегишлича 1000 ва 500 мА/соатга катта.

Galaxy S8 Active экрани деярли GS8 экранига ўхшайди, фақат у буткул ясси бўлиб, атрофидаги роми ҳам унчалик ингичка эмас. Шундай бўлса-да, роми барибир ўтган йилги Galaxy S7 Active моделиникига қараганда анчагина юпқа.

Дастурий таъминоти масаласига келсак, ўта даражада муҳофазаланган бу смартфон Android 7.0 Nougat тизим версиясида ишлайди. Хабарларга кўра, унда қўшимча «фаол» функциялар, жумладан, сув ости камераси режими ҳам йўқ.

Нархи ва чиқиш вақти

Мазкур қурилманинг қолган хусусиятлари ва функциялари «стандарт» Galaxy S8 моделиники билан бир хил бўлиши кутилаётир: Snapdragon 835 процессори ҳамда 4 гигабайтлик тезкор хотира.

Кучли ҳимояланган Samsung Galaxy S8 Active девайсининг тақдим этилиш санаси – 1 август, деган тахминлар мавжуд.

 Бу қурилма нархи эса Galaxy S8 Plus даражасида бўлиши айтилаётир.