Эксклюзив видео: iPhone 8 Plus ва Galaxy Note 8’ни бетонга ташлаб синашди!

Эксклюзив видео: iPhone 8 Plus ва Galaxy Note 8’ни бетонга ташлаб синашди!

Ҳозиргача савдога чиқарилган смартфонлар орасида энг етакчилари – Samsung Galaxy Note 8 ҳамда iPhone 8 Plus флагманларидир. Хўш, улардан қай бири зарбаларга кўпроқ чидамли эканига қизиқасизми?

Мақтанишда бир-биридан қолишмайди

Ҳар иккаласининг ҳам корпус орқа қопқоғи бақувват шишадан ишланган ва металл роми мавжуд. Аммо, Жанубий Кореялик гигантнинг Note 8 қурилмасида Gorilla Glass 5 тобланган шишаси ишлатилган бўлса, купертинолик ишлаб чиқарувчи ўзининг iPhone 8 Plus моделида шу пайтгача смартфонларда қўлланган шишаларнинг энг мустаҳкамини ўрнатганини даъво қилган.

Хулласи калом, мазкур даъволарнинг нақадар асосли эканлигини амалда синаб кўришди. YouTube’даги PhoneBuff канали Samsung Galaxy Note 8 ҳамда iPhone 8 Plus смартфонларининг мустаҳкамлик тестини ўтказиб, видеотасвирини интернетга жойлади.

Смартфонларнинг тестини ўтказиш учун, видеоблогер махсус яратилган машинадан фойдаланган. Бу ускуна қурилмаларни ерга шундай куч билан ташлайдики, бунда смартфон табиий баландликдан – кишининг қўлидан тушиб кетгандагидек тушади.

Хўш, бетонга ташлашда-чи?

Видеоблогер флагманларни қаттиқ ерга турли усулларда – орқа томонини, бурчагини ва экранини пастга қаратган ҳолда ташлаб кўради ва бунда уларнинг шикастланиш даражасига қараб баҳолайди. Охирги раундда эса бир неча марта ташлаб, нечта мартагача девайс ўз фаолиятини тўхтатмаслигини текширади.

Ҳар иккала моделнинг орқа панели билан тушиши уларнинг иш фаолиятига таъсир кўрсатмаган, аммо шиша қопқоқлари дарз кетган. Бурчаги билан тушганда ҳам бу иккала флагманда салгина қирилиш юзага келган, холос. Экрани билан ташлашда эса иккалови ҳам шикастланган, бироқ iPhone 8 Plus дарзлари дисплейи бўйлаб ёйилиб кетган, Galaxy Note 8’да эса фақат чеккалари дарз кетган.

Сўнгги жанг

Сўнгги раундда бу иккала гаджетни металл юзага бир неча бор ташлаб, мустаҳкамлигини синаб кўришган. Буни қарангки, ўн марта ташлагандан кейин ҳам Samsung Galaxy Note 8 ўчиб қолмади, тегинишларни сезди ва қўнғироқ қилишга яради. iPhone 8 Plus эса саккизинчи ташлашдан кейин корпусининг айрим майда қисмларидан ажралди, ўчиб қолди ва бошқа ёқилмади.

Марҳамат, ўзингиз кўриб завқланинг:

 

Дарвеқе, айни мазкур ишлаб чиқарувчиларнинг Galaxy S8 ҳамда iPhone 7 моделлари бетонга ташлаб кўрилган синовнинг видеосини ҳам кўрганмидингиз?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.