Эксклюзив видео: Nokia 8 тиғ ва олов синовида!

Эксклюзив видео: Nokia 8 тиғ ва олов синовида!

Nokia бренди ўз телефонларининг бошқа жиҳатларидан ташқари, корпуси мустаҳкамлиги билан ҳам ном қозонган эди. Хўш, унинг ҳозирда ишлаб чиқараётган смартфонлари ҳам шу хусусияти билан мақтана оладими?

Бу йил бир неча моделлардаги смартфонлари ҳамда «қайта туғилган» Nokia 3310 (2017) тугмачали телефони билан бозорга қайтган ушбу бренднинг маҳсулотлари орасида ҳозирда флагмани – Nokia 8 ҳисобланади. Шуни инобатга олиб, JerryRigEverything номли YouTube-канал муаллифи Зак Нильсон бу смартфон устида мустаҳкамлик синовини ўтказди ҳамда унинг видеосини интернетга жойлади.

Марҳамат, ўзингиз томоша қилинг:

Гувоҳи бўлганингиздек, Nokia 8 ҳам етарлича мустаҳкам чиқди. Унинг олд панели Gorilla Glass 5 талқинидаги 2.5D-шиша билан қопланган. Зак Нильсон уни Моос шкаласи бўйича олтинчи даражадаги қаттиқликка эга жиҳоз билан тирнай олди, бу эса яхши натижадир. Камера модулларининг ҳамда бармоқ изи сканери жойланган тугмачанинг ҳам шикастланишдан муҳофазаси чакки эмас.

Шунингдек, синовчи Nokia 8 экранини зажигалка билан ҳам ёндириб синаб кўрди. Бунда ҳам қурилма ўзининг бақувватлигини намоён этди; зеро, IPS-экранлар кучли қизишдан кейин тезда ўзини тиклаб олади.

Смартфоннинг металл корпуси 6000 серияли алюминийдан ясалган. Гарчи айрим рақобатчилар бундан ҳам мустаҳкам 7000 серияли алюминийга ўта бошлаган бўлсалар-да, Nokia 8 ҳам букишларга аъло даражада қарши тура олди.

Унинг орқа панелида калитлар ҳеч қандай из қолдира олмади. Канцелярия пичоқчаси – бошқа масала, аммо ҳеч ким чўнтагига ёки сумкачасига телефон билан бирга бунақа ўткир ускунани солмайди-да.

Айтиб ўтиш керакки, JerryRigEverything каналига айнан турли гаджетлар устида мана шунга ўхшаш тестлар видеолари жойлаб борилади. Жумладан, Зак Нильсон томонидан iPhone 7, HTC U Ultra Sapphire Edition, Nokia 3310 (2017), Galaxy Note 8, Xiaomi Mi Mix устида ўтказилган қалтис тажрибалар ҳақида ҳам ёзганмиз.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.