Эксперт: "iPhone X'даги бу инновацияни яратиш учун рақибларга 2,5 йил керак".

Эксперт:

iPhone X'да Apple компанияси кучли бир инновацияни жорий қилган — TrueDepth технологияси. TrueDepth камера тизими — Apple iPhone X'нинг муҳим жиҳати.

TrueDepth ўзи нима?
TrueDepth — 7 мегапикселли олд камера, инфра-қизил камера, белгиларни қайд этувчи проектор ҳамда инфра-қизил нур тарқатувчи қурилмалар бирикмасидан иборат инновацион камера ва сканерлаш тизимидир.

Мисол учун, белгиларни қайд этувчи проектор фойдаланувчи юздаги 30 мингдан зиёд белги, нуқта ёки доғни аниқлайди ва шунга кўра қиёфанинг харитасини чизади. iPhone X фойдаланувчиси тизимга кириши чоғида айфондаги TrueDepth тизими қиёфани айнан шу харита билан солиштириб кўради.

Инфра-қизил нурли камера эса юзнинг нуқтали таркибини шакллантиради ва олинган маълумотлар асосида юзнинг нуқтали кўринишини инфра-қизил спектрда, яъни "виртуал тўр" шаклида тайёрлайди. Бу сурат эса A11 Bionic процессорига ўрнатилган Secure Enclave номли махсус модулга юборилади. Secure Enclave модулида эса фойдаланувчининг қиёфаси аввал сақлаб қўйилган харита билан солиштирилади.

Айтиш керакки, бу ерда таққослаш ўта мураккаб жараёндан иборат. A11 Bionic микропроцессорининг нейрон ядросидаги бир қисми юзнинг инфра-қизил сурати ва юз харитасининг математик гавдалантирилган шаклини қайтадан чизади. Шундан сўнг бу суратларда олинган натижа юзнинг аввал рўйхатдан ўтказилган талқини билан солиштириб кўрилади.

Инфра-қизил нур тарқатувчи қурилма эса камерага iPhone X фойдаланувчисининг юзини ҳар қандай шароитда, жумладан тунги шароитда ҳам таниш имкониятини яратади. Бу қурилма юзга йўналтирган инфра-қизил нур оқими юзга урилиб, камерага уни ҳис қилишга ёрдам беради.

KGI маркетинг ва тадқиқот компаниясининг таниқли таҳлилчиси ҳамда машҳур инсайдер Минг-Чи Куонинг сўзларига кўра, Apple ўз флагманида жорий қилган бу инновация ғоятда ноёб. Бу технология ҳали-бери андроид смартфонларга татбиқ қилинмайди. Аниқроғи, TrueDept камера муқобилини яратиш учун Android ишлаб чиқарувчиларига камида 2,5 йил керак бўлади. Айтиш жоизки, бу технология олд камерада ҳам сифатли суратлар олишда, шунингдек "аниможи" каби интерактив иловалардан фойдаланишда айни муддао.

Куонинг фикрича, айнан ана шу TrueDept-камераси Apple компаниясининг смартфон бозоридаги яққол етакчи бўлишини таъминлайди. Жумладан, эксперт 2018-2019 йилларда iPhone савдосининг кескин кўтарилиб кетишини айтмоқда. Хусусан, шу йил охирига қадар "Олма" йўқ деганда яна 30-35 млн дона айфон сотишга эришади.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.