Электрон савдо: Шавкат Мирзиёев жаҳондаги энг илғор тажрибани қўллашни буюрди

Электрон савдо: Шавкат Мирзиёев жаҳондаги энг илғор тажрибани қўллашни буюрди

Ўзбекистон Республикаси Президенти 14 май куни «Электрон тижоратни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПФ-5349-сонли фармонида давлат ва иқтисодиётнинг реал секторида инновацияларни жорий қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини ислоҳ қилиш, электрон тижоратни қўллаб-қувватлаш орқали рақамли иқтисодиётни ривожлантириш каби вазифалар белгилаб олинган.

«Электрон тижоратни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор мамлакат иқтисодиётининг соҳаларини ривожлантириш, маҳаллий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини экспорт қилиш географиясини кенгайтириш ва ҳажмини ошириш, Интернет тармоғи орқали жаҳон бозорига миллий маҳсулотларни сотиш, тўлов тизимларини такомиллаштиришдаги ўрнини ҳисобга олиб, электрон тижоратни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинди.

Айтиш жоизки, қарор лойиҳаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши муҳокамасига қўйилган ҳамда кенгашнинг тажрибали аъзолари бўлган экспертларнинг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилган эди.

 Қарорда қуйидаги ўзига хос жиҳатлар назарда тутилган:

Ўзбекистон Республикасида 2018-2021 йилларда электрон тижоратни ривожлантириш дастури   тасдиқланди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ электрон тижорат иштирокчилари томонидан хизматлар кўрсатиш жараёнида ахборот тизимлари томонидан шакллантириладиган, битимлардаги томонларни идентификациялаш имконини берувчи электрон чеклар, квитанциялар, хабарлар ва бошқа усуллар товарлар (хизматлар) учун тўловларни тасдиқловчи квитанциялар, талонлар, чипталар ва бошқа ҳужжатларга тенглаштирилди;

тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон тижорат битимларини амалга оширишда тўловлар виртуал терминаллар (E-POS) орқали харидорга нақд пулни қабул қилганлиги тўғрисида электрон чек ёки бошқа тасдиқловчи хужжатни мажбурий юборган ҳамда инкассация қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда пул маблағларини хизмат кўрсатувчи банкга топшириш шарти билан нақд пул шаклида қабул қилиниши мумкин;

электрон тижорат субъектлари савдо фаолиятини амалга оширишда тўлов терминалларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик субъектларининг корпоратив банк карталари, шунингдек, электрон тўлов тизимлари орқали тўловларни қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлдилар;

электрон тижорат орқали реализация қилинган уч минг АҚШ долларигача бўлган товарлар (хизматлар)ни экспорт қилиш Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилмасдан ва юк божхона декларацияси тўлдирилмасдан почта хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади;

виртуал терминаллар (E-POS) шу турдаги назорат-касса машиналари ва тўлов терминалларига тенглаштирилади.

Шунингдек, қарор асосида 2018 йилнинг 1 июлидан тадбиркорлар – электрон тижорат иштирокчиларга қатор имтиёзлар берилади, хусусан:

электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни етказиб бериш бўйича хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига учинчи шахслар (товарларни сотувчилар) учун тўловларни кейинчалик уларни белгиланган тартибда инкассация қилиш шарти билан қабул қилиш ҳуқуқи берилади;

электрон тижорат орқали сотиладиган товарлар (хизматлар) учун уларнинг умумий қийматидан мажбурий 15 фоизли олдиндан тўлов тўлаш талаби бекор қилинади;

электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни сотувчига

ва етказиб берувчига шахсий мулк, ижара ва бошқа фойдаланиш ҳуқуқига асосан тегишли бўлган автомобиль транспортида Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб етказиб беришда шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро автомобилда йўловчилар ва юк ташишларни амалга ошириш учун лицензия олиш талаб қилинмайди, қонунчиликда белгиланган ҳолатлар бундан мустасно;

электрон тижорат орқали дори воситалари ва тиббиёт буюмларини реализация қилиш, фақат сақлаш ва етказиб беришда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш тартиби ва талабларига қатъий риоя қилган ҳамда қонун ҳужжатлари талабларини инобатга олган ҳолда амалга оширишга рухсат этилади.

Қарорда белгиланган муҳим йўналишлардан бири 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестрининг тузилиши бўлди.

Миллий реестрни юритиш электрон шаклда онлайн режимда амалга оширилади;

Миллий реестрга ихтиёрий ва бепул асосда товар (хизмат)ларни электрон тижорат орқали сотишдан олган даромадлари умумий сотилган товарлар (хизматлар) ҳажмининг камида 80 фоизини ташкил этувчи, шу жумладан, электрон тижоратда электрон савдо майдончалари, товарларни етказиб бериш, электрон ҳужжатлар ва хабарларни сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар киритилади.

Миллий реестрга киритилган юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар 2 фоиз ставка бўйича ягона солиқ тўловини тўловчилар ҳисобланади.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги ва Марказий банкига бир ой муддатда етакчи хорижий савдо майдончалари (ebay, Amazon ва бошқалар), тўлов тизимлари (Paypal) билан музокаралар ўтказишни ташкил этсин ва ўтказилган музокаралар якуни бўйича маҳаллий тадбиркорлик субъектларига ушбу савдо майдончалари ва тўлов тизимлари орқали товарлар (хизматлар)ни реализация қилиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш имконини яратиш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.

Қарорнинг имзоланиши электрон тижоратни ривожлантириш, халқаро электрон савдо платформаларига қўшилиш, миллий маҳсулотларни жаҳон бозорига олиб чиқиш ва экспорт салоҳиятини ошириш, тадбиркорлар орасида электрон тижоратни оммалаштиришга  хизмат қилади.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.