Энди исталган Android-смартфонни iPhone X’га айлантириш мумкин!

  •   DiMaX
  •  9491
  •  18.09.2017 16:19

Энди исталган Android-смартфонни iPhone X’га айлантириш мумкин!

Бу йил смартфонлар оламида ромсиз дизайн урфга кирди, улар орасида iPhone X ҳамда Essential Phone моделларини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Чунки бу икки қурилма экранининг юқори қисмида динамик, олд камера ва бошқа сенсорлар учун «ўйиқ» жой очилган. Аммо энди исталган Android-смартфон экранини шу кўринишга келтириш мумкин, деб ёзади neowin.net.

Агарда сиз ҳам ўзингизнинг Android қурилмангиз экрани худди iPhone X’никидек кўринишини истасангиз, Smartphone upgrader 2017 иловаси ёрдамида буни амалга оширсангиз бўлади. У экраннинг бурчакларини думалоқлаштиради ва тепа қисмида, худди iPhone X ёки Essential Phone смартфонларидаги каби ўйиқ жой ҳосил қилади.

«Айфонлаштирувчи» илованинг созламаларида экран бурчакларининг думалоқлик даражасини ҳамда тепа қисмидаги ўйиқ ўлчамини созлаш имкони тақдим этилади. Қора тусдаги ҳудудлар барча иловалардан устун тарзда акс эттирилади (бунинг учун иловага тегишли рухсат тақдим этишингиз керак бўлади). Бироқ ҳолат қаторидаги белгичалар – иконкаларни у ёпиб қўймайди.

Smartphone upgrader 2017 иловасини Android-смартфонингизга мана бу ердан кўчириб олиб ўрнатишингиз мумкин. Самараси яхшироқ акс этиши учун уни олд панели қора, экрани эса AMOLED-дисплей бўлган қурилмаларда қўллаш тавсия этилади.