Энг арзон Nokia 1 ҳамда илк ромсиз Nokia 7+ суратлари ва жиҳатлари

  •   DiMaX
  •  2490
  •  15.02.2018 12:08

Энг арзон Nokia 1 ҳамда илк ромсиз Nokia 7+ суратлари ва жиҳатлари

Google компанияси махсус Android One дастури доирасида, турли смартфонсозлар билан ҳамкорликда телефонлар тақдим этиб келмоқда. Бу қурилмалар «тоза» Android версиясида ишлайди ва янгиланишларни биринчилар қаторида олади. Жумладан, Xiaomi корпорациясининг Google ҳамкорлигидаги 2017 йилги Mi A1 модели дунё бозоридаги энг харидоргир смартфонлардан бўлган.

ЎҚИНГ: Mi A2: Xiaomi'дан янги бестселлер -- нархи ва жиҳатлари!

Android One дастури доирасида Google’нинг янги ҳамкорларидан бири Nokia бренди бўлади. Машҳур инсайдер Эван Бласс ушбу ҳамкорлик натижасида тақдим этиладиган иккита смартфоннинг суратлари ва хусусиятларини ошкор этди.

Nokia 1

Мазкур қурилма Nokia смартфонлари орасида энг арзони бўлади. Бу девайс кичикроқ, HD форматли экранга ҳамда металл ромли поликарбонат корпусга эга. Nokia 1 модели Snapdragon 212 процессори, 1 ГБ тезкор ва 8 ГБ доимий хотирага эга.

Nokia 1 гаджети ҳамёнбоп смартфонларга мосланган Android Go операцион тизими бошқаруви остида ишлайдиган бўлиши кутилмоқда. Унинг нархи эса 95 АҚШ доллари атрофида бўлади, дейилади хабарда.

Nokia 7 Plus

HMD Global тақдим этаётган ушбу биринчи ромсиз смартфон Nokia 7 моделининг катталаштирилган ва хусусиятлари кучайтирилган версияси бўлади. Nokia 7 Plus (ёки Nokia 7+) томонлари ўзаро 18:9 нисбатда бўлган, диагонали 6 дюймлик экранга эга. Дисплейининг тасвир аниқлиги 2160×1080 пикселни ташкил этади (Full HD+ формати). Корпуси металл ромли бўлиб, орқа панели шишадан ишланган.

Nokia 7 Plus моделининг «электрон юраги» – Snadragon 660 процессори бўлади. Қурилманинг тезкор хотираси 4 ГБ, доимий хотираси эса 64 ГБ ҳажмга эга. Шунингдек, унинг Carl Zeiss оптикасига эга қўшалоқ камераси тасвирни оптик барқарорлаштириш функциясига ҳамда икки каррали зумга эга. Nokia 7+ смартфони Android 8 Oreo тизим талқинида ишлайдиган бўлиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: Nokia 7 Plus: ўрта нархли, кучли смартфон!

Афтидан, HMD Global компанияси Nokia 1 ҳамда 7 Plus смартфонларини 25 февралда – Барселонада бўлиб ўтадиган MWC 2018 кўргазмаси доирасида намойиш этади. Шунингдек, мазкур тадбирда компаниянинг асосий флагмани – Nokia 9 ҳам тақдим этилиши кутилаётир.

ЎҚИНГ: Орзиқиб кутилаётган Nokia 9’ни «жонли» суратларда кўрамиз!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!