Энг йирик ўралувчан шаффоф дисплей тақдим этилди

  •   DiMaX
  •  994
  •  23.06.2017 10:50

Энг йирик ўралувчан шаффоф дисплей тақдим этилди

LG Display 22 июнь куни, компаниянинг таъкидлашича, дунёдаги энг катта қайишқоқ шаффоф дисплейни намойиш этди. Жанубий Кореянинг Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги шафелиги остидаги ушбу лойиҳанинг амалга оширилишига нақ 59 ой вақт сарфланди. Бу тўғрида мамлакатдаги YonhapNews агентлиги хабар бермоқда.

Диагонали 77 дюймга тенг бўлган экран 3840 × 2160 пикселли (4K) ўлчамга эга. Унинг ёруғликни ўтказиш даражаси 40 фоизни, қайиша олиш радиуси эса 80 миллиметрни ташкил этади. Бундай панель турли соҳаларда қўлланиши мумкин, масалан, рақамли таблолар, «ақлли» столлар, автомобиллардаги ахборот-кўнгилочар тизимлар, аквариумлар, тўлдирилган реаллик воситалари каби.

LG Display’дан маълум қилишларича, дастурий таъминот ишлаб чиқувчилар аллақачон янги дисплейга мосланган фойдаланувчи интерфейсини яратишган. Бироқ мазкур янги қурилманинг бозорга қачон тақдим этилиши масаласи очиқ қолмоқда.

ZDNet нашрининг таъкидлашича, LG Display бу каби дисплейларни яратишда етарлича тажрибага эга. 2014 йили бу компания 18 дюймли қайишқоқ OLED-панель, шунингдек, шаффоф дисплей ҳам яратган эди. 2015 йилда эса 18 дюймли, қайиша олиш радиуси 30 миллиметрни ташкил этувчи «ўралувчан» экран тақдим этилган. 2016 йилга келиб эса LG Display ёруғликнинг 40 фоизини ўтказувчи 55 дюймли дисплей яратган.

Жанубий Корея раҳбарияти LG Display олдига диагонали 60 дюймдан катта бўлган шаффоф 4K-дисплейни яратиш вазифасини қўйган. Бу билан улар технологиялар соҳасида Хитой ва Тайванни ортда қолдиришмоқчи.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.