Энг кучли камерага эга смартфон, ниҳоят суратга олиб кўрди

Энг кучли камерага эга смартфон, ниҳоят суратга олиб кўрди

4 октябрда Samsung'нинг Galaxy Note 8 DxOMark'нинг тадқиқотларига кўра, жаҳоннинг энг яхши камерафони, деб топилган эди. Ундан кейинги ўринга эса Apple'нинг iPhone 8 Plus смартфони сурат олишда тенгсиз деб эътироф этилган. Бироқ, Samsung ва Apple смартфонларининг камера имкониятларига берилган бу баҳо ҳамда эътироф қисқа муддат ичида бошқа бир камерафон томонидан тортиб олинди.

5 окятбрда DxOMark фотография лабораторияси томонидан янги тақдим қилинган Google Pixel 2 ва Google Pixel 2 XL гаджетларининг камера имкониятлари ўрганилди. Бир хил камера модуллари ва технологиясига эга Google Pixel 2 ва Pixel 2 XL девайсларининг камералари бир овоздан 98 балл олиб, 94 балл олган Galaxy Note 8 ва iPhone 8 Plus'ни "мағлуб" қилди.

DxOMark'га кўра, Pixel смартфонлари кенг динамик диапазонга эгалиги, ҳар қандай шароитда яхши суратга олиши, деталларга бой суратлари ва кучли ёритиш тизими билан, портрет жанрида юқори имкониятларга эгалиги билан тенгсиз.

Қуйида Pixel смартфонлари олган суратларни томоша қилинг.

Бош камераларнинг аниқлиги 12 мегапикселли, олд камера эса 8 мегапикселли. Dual-pixel сенсорларга эга модуллар ҳисобига орқа фонни ғира-шира қилиш мумкин.

Камера бир вақтнинг ўзида ҳам электрон, ҳам оптик барқарорлаштириш тизимларига эга бўлган. Бу эса ҳар қандай шароитда қўлда яхши тасвирлар олиш имконини беради. Мазкур технологик хусусият ҳозирча бозордаги бирор смартфонда йўқ.

 

Камерадаги Motion Photos функцияси Apple'нинг Live Photos функциясига ўхшайди ва унда "жонли" суратлар олиш мумкин. Смартфон бунда 3 секундли қисқа роликлар ҳам ёзиб, кейин энг яхши кадрларни танлайди ва сифатли сурат тайёрлайди.

Энди "Портрет" режими ҳам олд, ҳам бош камерада жорий қилинган. Аҳамиятли жиҳати шундаки, энди бу режимда нафақат одамларни, балки биноларни ҳам орқа фонини хиралаштириб суратга олиш мумкин.


Google Pixel 2 смартфони стандарт формадаги 5 дюймли ҳамда Full HD (1920 х 1080 пикселли) сиғимли OLED-дисплейга эга бўлган. Экран Gorilla Glass 5, 2.5D шишалари билан қопланган. Pixel 2 XL эса 6 дюймли, pOLED-экранли, томонлар нисбати 18:9 бўлган ва юпқа ромли дисплей билан таъминланган. Унинг пикселлар сиғими юқори -- QHD (2880 x 1440 белгига тенг). Экран 3D шаклидаги Gorilla Glass 5 шишаси билан ҳимояланган. Ҳар иккаласи кучли процессорга эга бўлган.

Батафсил ўқинг: Google расман Pixel 2 ва Pixel 2 XL'ни тақдим қилди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.