Энг кучли Snapdragon 835 процессорили яна бир смартфон тақдим қилинди

Энг кучли Snapdragon 835 процессорили яна бир смартфон тақдим қилинди

Sharp 20 апрел куни ўз юрти — Японияда 5.3 дюймли Aquos R номли смартфонини тақдим қилди. Мобил алоқа воситаси жозибадор дизайн ва илғор жиҳатларга эга. Aquos R корпуси металл ва шиша уйғунлигида тайёрланган. У кумуш ва қора рангли талқинларда ишлаб чиқарилади. Смартфон сув ҳамда чанг таъсиридан ҳимояланган корпус билан таъминланган.

Sharp Aquos R смартфонининг энг муҳим хусусияти — унда айни пайтда жаҳоннинг энг пешқадам Snapdragon 835 процессори ўрнатилгани. 64 бит тезликда ишлайдиган бу чипда 8 та ядро фаолият кўрсатади. Девайсдаги график-тасвирни қайта ишлашга Adreno 540 видео-картаси масъул. Телефон аппаратининг тезкор хотира сиғими 4 ГБ, доимий хотираси 64 ГБ. Хотирани кенгайтириш мумкин.

Aquos R гаджетида QHD (2560 x 1440 пикселли, ҳар дюймда 554 белги!) сиғимли юқори даражалаи экран танланган. Унда HDR10 кенгайтирилган динамик диапазони жорий қилинган ва экрандаги кадр алмашинуви частотаси секундига 120 Гц.ни ташкил қилади.

Электр токи сиғими 3,160 мА соат бўлган аккумуляторни Quick Charge 3.0 технологияси ёрдамида тезкор қувватлаш мумкин. Унинг учун махсус ихчам қувватлаш станцияси ҳам яратилган. Robokuru номли док-станция камера ва микрофонга эга бўлиб, фойдаланувчини топиб у томонга қайрилади, шунингдек унга смартфонни қувватлаш бўйича овозли буйруқ бериш ҳам мумкин.

Камера қисмига юзлансак, бош камера учун 22.6 мегапикселли модул танланган. Унинг оптик прибор f/1.9 стандартига эга ҳамда автофокус, оптик барқарорлаштириш, LED фоточақноқ билан таъминланган. Олд камера эса 16 МП сенсор танланган. Бу камера кенг бурчак остида сурат олишга мўлжалланган.

Sharp Aquos R смартфони Android 7.1.1 Nougat операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатади. Бу тизимда EMOP номли “сунъий ақл” ёрдамчи тизими бўлиб, “Hello Emop” дейишингиз билан бу тизим сизнинг саволларингизга жавоб бера бошлайди. Мисол учун, бу сунъий ақл тизими фойдаланувчининг географик жойлашган маконини ўзи мустақил билади ва у ердаги янгиликлар, об-ҳаво маълумотлари билан таништиради.

2 та SIM-картали смартфон алоқанинг WiFi ac, 3G, LTE, Bluetooth 5.0, GPS, A GPS тармоқларида ишлайди. Шунингдек, унда бармоқ изларик сканери, USB Type C туридаги универсал порт мавжуд.

Sharp Aquos R ўлчамлари: 153 x 74 x 8.7 мм. Нарх-наво масаласида япониялик ишлаб чиқарувчи бирор маълумотни тақдим этмаган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!