Энг илғор флагманлар рингда: камералар жанги

Энг илғор флагманлар рингда: камералар жанги

CNET нашри куни кеча iPhone 8 Plus ҳамда Samsung Galaxy Note 8 флагманлари камераларини видео тасвирга олиш бўйича имкониятларини синовдан ўтказди ва ғолибни аниқлади.

Журналистлар синовни авто-фокуснинг тезкорлиги, экспозицияни созлаш қобилияти ҳамда ранг-тус бериш имкониятини ўрганишдан бошлашди. Илк натижаларга кўра, iPhone 8 Plus'да олинган тасвир рақиби олган тасвирдан ранг-тусга тўйингани ва табиийлиги билан ажралиб турибди. Техник жиҳатдан эса Note 8 устун келиб, суратни ёришитириб олишга усталигини кўрсатди. Бироқ, бу маҳорат тасвирнинг оқариб кетишига сабаб бўлмоқда.

Чап томондаги суратлар Galaxy Note 8'да, ўнг томондагиси iPhone 8 Plus'да олинган. 

Фокусни бериш борасида Note 8'нинг тезкорлигини кузатиш мумкин. Фокуснинг кескин алмашиши фотосурат олишда иш берса ҳам, видеода бу қобилият баъзида панд беради. iPhone 8 Plus'да фокуснинг ўзгариши ўртача бўлгани ҳисобига олинган видео нисбатан кинематографик деталларга бой ва таассуротли чиқади.

Note 8 эса ҳаракатли видео тасвирга олишда ҳам ўзининг кучли жиҳатини намойиш қилди. Бунда оптик барқарорлаштиргич билан ўзаро ҳамкорлик ва уйғун фаолият иш беради. Натижада, видеодаги кадрларнинг ўтиш силлиқлиги ва равонлиги юқори бўлди.

iPhone 8 эса ёруғлик энг паст бўлган шароитларда тенгсиз "кўз"га эгалигини намойиш қилди. Мисол учун, қоронғу шароитда видео тасвирга олиш шартида iPhone олган тасвир табиийроқ ва аниқ-равшан акс этган.

«Note флагманида суратга олишда унинг AMOLED-дислпейга эгалигини унутмаслик керак. Видео тасвир ранги iPhone 8 Plus билан солиштирганда унда тўйинган ва нисбатан ёрқин акс этади. Бироқ, ҳар иккала флагман олган видеони бошқа бирор мониторда кўрсангиз, вазият ўзгаради ва айфон олган суратларнинг аниқ-тиниқлиги маълум бўлади», – деб ёзилади CNET нашрида.

Эслатиб ўтамиз, iPhone 8 Plus бош камерасига 2 та 12 мегапикселли сенсор ўрнатилган. Улардан бири 1.8, бошқаси 2.8 ҳажмли ёруғлик линзасига эга бўлган. Ундаги автофокуслаш, ранг-тус бериш ва барқарорлаштириш функциялари такомиллашган. Ҳар иккала сенсор оптик барқарорлаштириш тизимига эга. Худди Note 8 каби!

Камера ва чип ҳамда янгича акселерометр сенсори, шунингдек илғор дастур ёрдамида секундига 60 кадрли видео тасвирни узатиш имконини беради. Бу эса реал воқелик ўйинларини ўйнаш учун айни муддао.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.