Энг яхши ҳамёнбоп смартфонлар

  •   DiMaX
  •  2614
  •  19.01.2017 18:31

Энг яхши ҳамёнбоп смартфонлар

Номдор брендлар томонидан ишлаб чиқарилган қурилмаларни балки иккиланмасдан сотиб олса бўлар, фақат нархидан чўчимасангиз. Ҳамёнбоплари эса одатда унча таниқли бўлмаган номга эга бўлади, яна хусусиятлари, сифати ҳам…

Бироқ ҳамёнбоп смартфонларнинг ҳам яхшилари бор, албатта. Ferra нашри 2016 йилда ишлаб чиқарилган энг зўр ҳамёнбоп смартфонлар рўйхатини тақдим этган. Бир кўринг-да, балки навбатдаги ажралмас ҳамроҳингизни айнан шулар орасидан танларсиз?

HomTom HT17

Афтидан, бу номга илгари дуч келмагансиз ва «мана шу матоҳ» зўрлар рўйхатига қандай кириб қолганига ҳайрон бўлаётгандирсиз ҳам? Ҳар эҳтимолга қарши таништириб ўтамиз: HomTom – бу таниқли Doogee брендининг тармоқ корхонасидир.

Бевосита моделнинг ўзига келсак, унинг камераси айтарли сифатли эмас, тезкорлиги ҳам ўртача (тезкор хотираси атиги 1 Гбайт), карнайчалари ҳам кучли эмас. Лекин арзонлигини ҳисобга олсак (тахминан 550-600 минг сўмларга тўғри келади), HomTom HT17 қурилмаси ушбу рўйхатдан жой олишга лойиқ.

Blackview A8 Max

Бу гаджетнинг тезкор хотираси 2, доимий хотираси эса 16 Гбайтга тенг. Экрани ёрқинроқ, ишлаш тезлиги юқори, камералари ҳам нисбатан сифатли тасвирга туширади. Фақат унинг GPS қабул қилиш даражаси пастроқ, қувват олиш тезлиги ҳам айтарли эмас. Бироқ 600-650 минг сўмларга шундан ортиқ телефонни талаб қилиб ҳам бўлмайди-да!

Honor 4C Pro

Honor 4C Pro моделини хитойликлар ўтган йилнинг апрелида қиммат баҳолашган бўлса, кейинчалик унинг нархи тушган – тахминан 1 160 минг сўм атрофида. Смартфон ўзи шу нархига лойиқ – ўртача камера, MediaTek процессори, ғичирлайдиган корпус… Нима ҳам дердик, агар бенчмарклар ишқибози бўлмасангиз, чиройли кўриниш ва кучли аккумуляторга эга бу модель ҳам чаккимас

Xiaomi Redmi 4A

Мазкур ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотларининг сифатига алоҳида эътибор беради ва одатда улар номдор брендларникидан қолишмайди. Унинг Redmi 4A модели эса ҳамёнбоп қилиб чиқарилган – гарчи саккиз ядроли процессорга эга, тезкор бўлса-да, аккумулятори сиғими 4000 дан 3120 мАч гача қисқартирилган. Буни қарангки, ташқи кўринишидан у ҳечам паст нарх сегментидаги маҳсулотга ўхшамайди!

Инсоф билан айтганда, Redmi 4A яхши характеристикага эга энг арзон смартфондир. Нархи эса қувонч билан ҳайратланарли – тахминан 1300 минг сўм.

Meizu M3s mini

Хитойнинг энг сифатли смартфонлар ишлаб чиқарувчиларидан бири Meizu бўлса, унинг энг ҳамёнбоп моделларидан бири шу M3s mini ҳисобланади. Хитойнинг ўзида унинг нархи бизнинг пулга чаққанда тахминан 1 400 минг сўмни ташкил этади. Ўйлаб кўринг – саккиз ядроли процессор ўрнатилган, бежирим гаджет учун бу анча арзон. Фақат етказиб бериш ва устама ҳақлари билан бизга келгунча «сал» қимматлашини ҳамда операцион тизимини русчага «прошивка» қилиш заруратини ҳам инобатга олган маъқул.

Samsung Galaxy A3 (2016)

Ҳа, Samsung’нинг Galaxy A3 (2016) моделини ҳам нисбатан ҳамёнбоп моделлар рўйхатига киритиш мумкин. Ўзига хос имиджга эга ва кучли қурилма, тағин номдор бренд. Айтиш керакки, янги Galaxy A (2017) серияси чиқарилиши маълум қилиниши арафасида бу моделлар нисбатан арзонлаштирилди. Ёрқин AMOLED-дисплейга, сифатли камерага эга, тезкор ва чиройли смартфонни 1 520 минг сўмга жон деб олса бўлади, нима дедингиз? Тўғри, қаторасига бир нечта мессенжерни ёқиб қўйиб, тағин ўйин ҳам ўйнасангиз, тезлигига путур етиши тайин, аммо ўртача ишлатганда, бу жуда яхши ярайди.

Xiaomi Redmi 4 Prime (Redmi 4 Pro)

Тўғри, Redmi Note характеристикалари яхшироқ, аммо Xiaomi Redmi 4 Prime (Redmi 4 Pro) модели айнан ихчамлиги билан ҳам кўпчиликка маъқул келади. Ахир, 5 дюйм диагоналли Full HD-дисплейга эга смартфонни 1 175 минг сўм эвазига харид қилсангиз, нимаси ёмон? Кучли аккумулятор (4100 мАч) ва юқори тезлик (Snapdragon 625 процессори ва 3 Гбайт тезкор хотира) ҳам ҳавас қилгулик. Фақат камера айтарли кучли эмас, лекин бу нарх эвазига шунга кўнсангиз ҳам бўлади.

 

Хулласи калом, шунақа гаплар. Ҳамёнбоп смартфон – катта фожиа эмас, фақат улардан айримларининг камераси, бошқасининг аккумулятори, яна бирининг дизайни… кўнглингиздагидек бўлмаслиги мумкин. Шу боис характеристикаларини кўздан кечириб, маъқул келганини олсангиз, ҳар ҳолда нархига яраша хизмат қилиб беради.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!