Энг яхши смартфон дисплейи аниқланди ва бу...

Энг яхши смартфон дисплейи аниқланди ва бу...

DisplayMate Technologies – турли смартфонларнинг дисплейларини лаборатория шароитларида тестдан ўтказиб, уларнинг сифатига ўз баҳосини берувчи компаниядир. Унинг берган баҳолари адолатли бўлиб, унинг тестлари натижаларига асосланган ҳолда янги гаджетларнинг экранлари ҳақида холис тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

Куни кеча мазкур компания Samsung компаниясининг яқинда тақдим этилган Galaxy Note 8 фаблетини текширувдан ўтказди. Қизиғи, мазкур қурилма DisplayMate’нинг мезонлари бўйича энг юқори балл тўплаб, «A+» баҳосини олди. Бу – бутун мобил қурилмалар тарихидаги энг юксак баҳодир!

Samsung Galaxy Note 8’нинг дисплейи диагонали 6,3 дюйм, сифати QHD+ (2960 x 1440 нуқта), пикселлар зичлиги эса 521 ppi’га тенг. Экран томонларининг ўзаро нисбати 18,5:9 га тенг.

DisplayMate мутахассислари у ҳақда, жумладан, шундай дейишган:

«Субпикселли рендеринг ҳамда Diamond Pixel матрицаси тузилиши эвазига ўта юқори аниқликдаги дисплей яратилган. Бу – биз шу пайтгача тестдан ўтказиб кўрган барча дисплейлар орасида энг инновацион ва юқори сифатли мобил дисплейдир».

Galaxy Note 8 дисплейининг энг асосий хусусиятларидан бири унинг ўта юқори ёрқинликка эгалигидир. Ёрқинлик ўлчов бирлиги – нит билан ифодалаганда, 1200 нитга тенг. Таққослаш учун: ҳатто Galaxy S8 ҳамда S8 Plus моделларининг дисплейлари ёрқинлиги ҳам 1000 нит, яъни Note 8 кўрсаткичидан 200 нитга пастдир.

Шунингдек, Note 8 фаблетига UHD Alliance’нинг HDR Premium сертификати ҳам берилгани кўпчилик учун ҳайратланарли воқеа бўлган. Ахир, мазкур сертификат одатда премиум тоифасидаги 4K UHD-телевизорларга берилади-да. DisplayMate мутахассисларининг таъкидлашларича, Galaxy Note 8 қурилмасининг OLED-панели қора рангни идеал даражада етказиб бера олади. Девайснинг видеопроцессори эса оддий медиаконтентни шунақа тарзда қайта акс эттира оладики, уни HDR контентга мослаштирилган тасвир билан бемалол таққослаш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, бунгача Samsung Galaxy Note 8 фаблетининг процессори ҳам синовдан ўтказилган эди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.