Энг зўр пулли дастурларнинг бепул аналоглари

  •   DiMaX
  •  7067
  •  30.03.2017 16:23

Энг зўр пулли дастурларнинг бепул аналоглари

Компьютерда ишлашимизни қулайлаштирувчи кўплаб дастурлар бор, аммо кўпинча энг кераклилари пулли бўлади. Функционаллиги бўйича уларнинг ўрнини боса олувчи бепул дастурлар ҳам борлигини эса аксариятимиз билмаймиз. Қуйида шулардан айримларини ўрганиб олиш мумкин.

Офис тўплами

Компьютерда ҳужжатлар билан ишлаш учун одатда пулли Microsoft Office қўлланилади. Бироқ унинг ўрнига мутлақо бепул офис дастурлари тўплами – LibreOffice’дан ҳам фойдаланса бўлади. У жуда кўп оммабоп операцион тизимларда ишлай билади, жумладан, GNU/Linux, Microsoft Windows ва Mac OS X’да ҳам. Уншбу тўпламнинг асосий компонентлари: матнлар ва жадваллар процессори, тақдимот (презентация) файллари ва вектор муҳаррири.

Архиватор

Файлларни сиқиш учун фойдаланиладиган архиваторлар кўп, аммо бу борада биринчи ўринда WinRAR эсимизга тушади. Уни бепул 7-Zip дастури билан алмаштириш ҳам мумкин. Мазкур архиватор файлларни сиқиш ва архивдан чиқариш тезлигининг юқорилиги билан ажралиб туради. Унда архивни пароль билан ҳимоялаш функцияси мавжуд, шунингдек, 7-Zip барча оммалашган архив форматлари билан ишлай олади.

Мусиқа муҳаррири

Овозни қайта ишлашга мўлжалланган пулли дастурлар кўп, масалан – Adobe Audition ва WaveLab. Аммо уларнинг ўрнини биттагина бепул Audacity боса олади. Унда бу мақсадга йўналтирилган барча функциялар ва фильтрлар тўплами мавжуд. Шунингдек, кўплаб форматлардаги мусиқий файллар устида ишлаш имкони бор.

Дискларга ёзиш ва уларни нусхалаш

Ҳозирда кўпинча мусиқий ва видеофайлларни флешкаларга ёзиб олиш имкони ҳам мавжуд, аммо ҳали-ҳануз CD ва DVD-дисклар ҳам амалда. Уларга файлларни ёзиш учун одатда Nero Burning ROM ишлатилади. Шунинг ўрнига эса ImgBurn бепул дастурини тавсия этамиз. У барча оммабоп форматларни қўллаб-қувватлайди ҳамда Audio CD, DVD Video тарзида ҳам ёза билади.

Матнни таниш

Сканер орқали китоб ёки бошқа бирор қоғоздаги матнни компьютерга кўчиришга тўғри келганида, кўпинча ABBYY FineReader орқали матнни танитиб оламиз. Лекин унинг бепул аналоги – Free Online OCR ҳам матнни жуда сифатли ўқий билади. Уни ишлатиш учун сотиб олиш ёки ҳатто рўйхатдан ўтиш ҳам шарт эмас. Тағин бу дастур 70 та ошиқ тилни билади, бир неча тилдаги жумлалар ёзилган матнни ўқишга ҳам қурби етади. У барча зарурий форматларни (JPEG, PNG, GIF, BMP ва ҳоказо) таний билади. Уларни оддий матн (TXT), Microsoft Word ҳужжати (DOC) ва Adobe Acrobat PDF-файли каби форматларда сақлай олади.

Луғат

ABBYY компаниясининг машҳур дастурий таъминотларидан яна бири – ABBYY Lingvo луғатларидир. Бироқ бу борада ҳам ундан бирор нима харид қилмасдан, бепул StarDict луғатидан фойдаланиш имкони бор. У очиқ чиқиш кодига эга энг яхши электрон луғатлардан бири ҳисобланади. StarDict нафақат сўзларни ўгириб, балки талаффузини ҳам кўрсатиб беради. Шунингдек, дастурга қўшимча луғатларни қўшиб, унинг имкониятларини ошириш мумкин.

Антивирус дастури

Компьютерларнинг асосий муаммоларидан бири – вируслар, уларга қарши курашувчи антивируслар масаласида эса Kaspersky ҳамда ESET энг етакчилари бўлса керак. Бироқ уй компьютерлари учун шуларнинг ўрнини Avira Free Antivirus бемалол боса олади. Унинг тез-тез янгиланиб борадиган базаси реал вақт режимидаги ҳимояни ва вируслар сканерини ўз ичига олади. Дастур компьютерга деярли оғирлик туширмайди ва тезкор хотирада кам жой эгаллайди.

Суратлар муҳаррири

Растрли тасвир файллари устида ишлаш учун Adobe Photoshop жуда қулай, аммо у пулли дастур саналади. Унинг ўрнига бепул Gimp суратлар муҳарририни тавсия этишимиз мумкин. Бу дастур расмларни таҳрирлаш бўйича тўла функционалга эга: шаффофликни, қатламларни, турли фильтрларни қўллаб-қувватлайди, кўплаб форматлар билан ишлай олади. Gimp’нинг ягона салбий жиҳати – интерфейси жудаям қулай эмас. Аммо шунча имкониятларга эга бўлган бепул дастурнинг шу битта камчилигини кечирса бўлар, нима дедингиз?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!