Эркаклар соғлиги учун Wi-Fi хавфли!

  •   DiMaX
  •  4936
  •  13.02.2017 10:50

Эркаклар соғлиги учун Wi-Fi хавфли!

Кордовадаги Репродуктив тиббиёт маркази олимларининг тадқиқотлари натижаларига кўра, симсиз тармоқлар (Wi-Fi) таратаётган электромагнит нурланиши эркаклар соғлиги учун хавфлидир, деб ёзади mobinfo.uz сайти. Аниқланишича, мазкур нурлар эркаклар уруғининг сифатига салбий таъсир кўрсатади.

Ўтказилган илмий тадқиқотларда Wi-Fi тармоқлари ва эркак уруғининг сифати орасида боғлиқлик мавжудлиги аниқланди. Тажрибаларда турли ёшлардаги ўттиз нафар кўнгилли эркак иштирок этди. Уларнинг ҳар биридан биоматериал намуналари олинди. Текширувга олинган уруғларнинг ҳар бири икки қисмга ажратилиб, биринчи қисми Wi-Fi тармоғига уланган ноутбук ёнига тўрт соатлик муддатга қўйиб қўйилди. Иккинчи қисми ҳам худди шунга ўхшаш шароитларда, фақат Wi-Fi тўлқини йўқ жойда шунча муддат сақлаб турилди.

Тажриба якунида биринчи гуруҳдаги – Wi-Fi тўлқини ҳудудида сақланган намуналар тажриба аввалидаги ҳолатига нисбатан жиддий ўзгаришга учрагани аниқланди. Улардаги эркаклик уруғлари ҳаракатчанлиги чорак қисмга – 25 фоизга камайганлиги маълум бўлди. Шунингдек, улардан тўққиз фоизининг ҳужайрасида ДНК ўзгаришлари ҳам қайд этилди.

Иккинчи гуруҳдаги уруғларда эса ҳаракатчанлик тажриба бошидагига нисбатан 14 фоизга камайган, ҳужайрасидаги ДНК бузилишлари бўлса атиги уч фоизида учраган. Шу вақт оралиғида ҳалок бўлган уруғ ҳужайралари сони бўйича эса биринчи ва иккинчи гуруҳлардаги намуналар орасида айтарли фарқ сезилмаган.

Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, бу борада эркакларга шунақа маслаҳат бериш мумкин: Wi-Fi ёқиқ бўлган қурилмалар, жумладан смартфонларни бел соҳангиздан имкон қадар узоқроқ тутинг!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!