Эскирган гаджетларни нима қилиш керак?

Эскирган гаджетларни нима қилиш керак?

Ҳозирги кунда биз гаджетларни узоғи билан 2-3 йилда алиштиришга ўрганиб қолдик. Смартфонларнинг алмаштирилиш вақти планшетларга нисбатан бирмунча тезроқ эканини яхши биласиз. Одатда, эскирган қурилмаларни кимгадир сотамиз, бериб юборамиз ёки шунчаки уйнинг бир четига ташлаб қўямиз. Бироқ уларни бошқа мақсадларда ҳам ишлатиш мумкин. Ҳозир ана шундай эскирган матоҳларнинг “иккинчи умри” борасида баъзи нарсаларни маълум қилмоқчимиз.

Мультимедиа: ошхонадаги радио ва ТВ

Эски қурилмадан самарали фойдаланишнинг энг оддий усулларидан бири – уни «кўчмас» мусиқий марказ ёки радио сифатида ишлатишдир. Бунинг учун эса бор-йўғи оддий аудиоплеер дастур керак бўлади.

Смартфоннинг ички хотирасидан олинган мусиқани ёки интернет-радио сервислари, масалан, «Яндекс.Радио»ни тинглаш учун оддий плеер керак бўлади,  холос. Агар ички динамикларнинг товуш баландлиги етарли бўлмаса, симли ёки симсиз акустика ҳам улаш мумкин. Бугунги кунда мобил қурилмалар учун жажжи ва арзон колонкалардан тортиб, жуда кучли тизимларгача топса бўлади. Уйда ҳар куни фойдаланиш учун биз ҳар икки тоифа орасидан жой олган Divoom Voombox`ни танладик. Ушбу гаджет портотив қурилма учун жуда яхши бўлган 30 ватт қувватга эга, бундан ташқари, сув ва чанг ўтказмаслиги боис уни ошхона ва ювиниш хонасида ҳам бемалол ишлатса бўлаверади.  6000 мАc.ли ички аккумулятор бир неча соат мобайнида, жумладан, табиат қўйнида мусиқа тинглаш имконини беради.

Планшет ошхонада телекўрсатувларни томоша қилиш учун ажойиб вариант бўла олади. Бунинг учун унга теледастурларни қабул қилувчи илова ўрнатилса кифоя. Россия каналларини IPTV иловасида (Сақлаб олинг: IPTV) бепул кўриш мумкин. Унда Интернетда кенг тарқалган плейлистлар ҳам мавжуд бўлиб, улар одатда ҳудудий телеканалларни томоша қилиш имконини беради.

Мультимедиа: уй тармоғи учун аудио ва видеосервер

Эски гаджетни ишлатишнинг яна бир варианти  – мусиқани уй тармоғидаги ҳар қандай қурилмага: планшетдан то телевизоргача тарқатиб берадиган медиасерверга айлантиришдир. Смартфондан ясалган медиасервер шовқинсиз ва энергия истеъмоли жиҳатидан самарали бўлади, хатто тўғри созланса, аксарият приставкалар ва қимматбаҳо NAS`дан кам ишламайди. Бунинг учун сизга бор-йўғи битта илова – Kodi (Сақлаб олинг: Kodi) керак бўлади.  У бепул ва қулай интерфейсга ҳамда очиқ чиқиш кодига эга.

Kodi`ни созлаш осон ва атиги бир неча дақиқа вақтни олади холос. Биринчи галда, дастур ўрнатилганидан ва ишга туширилганидан кейин асосий экранда «Тизим» бўлимидаги «Созлаш»ни очинг, сўнгра «Хизматлар» — «UPnP/DLNA» бўлимига ўтинг ва «Медиатекадан фойдаланишни ёқиш» бандини фаоллаштиринг. Кейин «Веб-сервер» бўлимида «HTTP  билан масофадан бошқаришга рухсат бериш» бандини фаоллаштиринг. Бу бошқа қурилмалар смартфоннинг мультимедиавий кутубхонасидан фойдалана олиши учун имконият яратади.

Шундан сўнг фақатгина Kodi кутубхонасига ўз файлларингизни қўшсангиз кифоя. Бунинг учун асосий менюда категориялардан бирини («Фото», «Видео» ёки «Мусиқа») танланг ва олдин «Файллар», сўнгра — «…қўшиш»ни босинг. «Обзор» тугмачасини босиш билан фойдаланса бўладиган манбалар рўйхати очилади. Бизни ички тўплагичдаги файллар қизиқтиради. Шу боис «Туб ФС» бандини танлаш, керакли папкани топиш ва ОК тугмачасини босиш керак. «Файллар» бўлимида контент папкаларга тақсимланган бўлади (бошқача айтганда, исталган файл менежеридаги каби кўринишга эга бўлади).

 

Агар гап мусиқа ҳақида бораётган ва сизда ID3-теглар жойида бўлса, ўз коллекциянгизни ижрочилар, альбомлар ва жанрларга ажратган ҳолда кўришингиз мумкин бўлади. Видео борасида эса аксарият фильмлар ҳақидаги маълумот онлайн-манбалардан юклаб олинади.

Шу билан бутун созлаш якунига етади: энди сиз исталган қурилмадаги, у хоҳ компьютер, планшет, хоҳ ақлли телевизор бўлсин, DLNA-мижозни очиб, смартфонда сақланаётган мусиқа ёки видеони айлантиришингиз мумкин. Сизнинг эски-янги медиасерверингизни жавоннинг бирор бурчагига ташлаб қўйиб, уни масофадан туриб бошқариш ҳам мумкин.

Келгусида сиз созлашни ўзгартиришни, масалан, медиасервернинг имкониятларини оширувчи кўплаб плагинлардан бирини ўрнатишни ёки янги ресурслар қўшишни истаб қолишингиз мумкин. Бу ишни ҳам масофадан туриб бажарса бўлади. Бунинг учун уй тармоғидаги исталган қурилмада браузернинг манзил қаторига медиасервернинг локал IP-манзилини киритиш ва икки нуқтадан кейин унинг портини (қоида тариқасида – 8080) ёзиш керак холос.

Kodi иловасини бошқа Android-қурилмадан бошқариш янада осон.  Kore иловаси (Сақлаб олинг: Kore) исталган смартфонни пультга айлантира олади.

Медиасервернинг функцияси борасида ҳаммаси яхши бўлиши мумкину, фақат фильмлар смартфон хотирасида жуда кўп жой олиши тайин, ҳажми 200 ГБ ва ундан ортиқ бўлган хотира карталари нафақат қиммат туради, балки барча қурилмалар ҳам уларни кўтара олмайди. Шу боис смартфонга ташқи тўплагич – флешка ёки 2,5 дюймли HDD ёхуд SSD улаш тавсия этилади. Бунинг учун сизга бир вақтнинг ўзида тўплагични улаш ва энергия етказиб бериш имкони бўлган USB OTG кабель зарур бўлади. Тўғриси, бу каби кабеллар смартфон ва планшетларнинг барча моделларига ҳам мос келавермайди.

Видеокузатув: IP-камера ёки радио энага

Эски смартфондан хонадонни масофадан туриб кузатиш ва видео ёзиб олиш учун бепул IP-камера ясаса ҳам бўлади. Бунинг учун IP Webcam (Сақлаб олинг: IP Webcam) ўрнатилса, яъни дастурни ўрнатиб, «Ишга тушириш» тугмачаси босилса, кифоя.

Шундан сўнг симсиз локал тармоқда бўлган исталган қурилмада браузерни очиб, смартфоннинг IP-манзилини (у «Ишга тушириш» тугмачаси босилганлан кейин экраннинг пастида кўринади) ва портни (қоида тариқасида – 8080) ёзиш керак, шунда масофадан туриб видео кўришга имконият очилади. Шу ернинг ўзида видеонинг сифатини, катталаштириш ва бошқа кўплаб параметрларни  созлаш мумкин. Смартфоннинг ички хотирасига видео ёзиш учун тегишли тугмача босилса кифоя. 5 дақиқадан 2 соатгача ҳажмдаги видеоларни ёзиб олиш имконияти бор, бунда жой тўлиб қолганида эски ёзувлар ўчириб ташланади. Смартфондан видеони браузер орқали «Видеоархив»  иловасидаги команда орқали юклаб олиш мумкин.

IP Webcamнинг имкониятлари жуда кенг: дастур камера олдидаги ҳаракатни ушлай олади, смартфон ёқилганда автоматик тарзда ёқилиши мумкин, ёзувлар устида хизмат қайдлаорини киритиш ва бошқа бир қатор функцияларни таклиф этади. булардан ташқари, IP Webcamли смартфондан веб-камера сифатида ҳам фойдаланса бўлади, бунинг учун илованинг веб-интерфейсидаги ҳавола орқали ўтиб, драйвер ўрнатилса кифоя. Аммо веб-камера режимида илова товушни узата олмайди, бу эса смартфондан мазкур йўналишда фойдаланиш самарадорлигини пасайтириб юборади.

Камерадан Интернет орқали видео томоша қилиш икки хил йўл билан амалга оширилади. Биринчиси – статик IP-манзилдан фойдаланиш ва портларни маршрутизатор орқали ташлаб бериш. Аксарият фойдаланувчиларда IP-манзил динамик, яъни вақти-вақти билан ўзгариб турадиган бўлади. Бундай ҳолатда камерадан доимий равишда фойдалана олиш учун DynDNS пулли серверидан фойдаланиш мумкин. У сизнинг тармоғингиздаги қурилмаларга ўзгармайдиган домен номи беради.

IP Webcam иловаси бепул енгил версияга ҳам эга бўлиб, унинг асосий чеклови барча ёзиб олинган видеороликларнинг бурчагида «IP Webcam ёрдамида ёзиб олинган» деган ёзувнинг туришидир.

Бундан ташқари, эски смартфондан иловалар ёрдамида радио энага – бола уйғонганидан хабар берувчи қурилма яратиш ҳам мумкин. Бу тоифадаги дастурларнинг энг яхшиларидан бири – Baby Monitor (Сақлаб олинг: Baby Monitor). Болалар кaроватчаси атрофида шовқин пайдо бўлиши билан илова сизга SMS юборади ёки киритилган рақамга қўнғироқ қилади. Baby Monitor сурат ҳам юбориши мумкин. Мазкур илованинг созламаси фақат битта, аммо жуда фойдали: ползунка ёрдамида микрофоннинг сезгирлигини ошириш мумкин.

 

Гаджетдан масофадан туриб кузатиш мосламаси ёки радио энага сифатида фойдаланишингиздан қатъи назар, смартфонни тўғри ҳолатда жойлаштиришингиз зарур бўлади. Бунинг учун эгилувчан мосламадан, масалан, мана бунақасидан фойдаланиш мумкин.

Хавфсизлик: IP-камералар учун терминал

Кўпчилигимиз видеокузатувнинг саноат тизимларини кўрганмиз. Уларда ўнлаб камерлардан олинган тасвирлар бир жуфт экранда акс этиб туради. Уй шароитида фойдланиш учун эса бунча кўп камеранинг кераги йўқ. Агар сизда улардан бир нечта бўлса ҳам сматрфон ёки планшет масофадан туриб, доимий кузатиш вазифасини бемалол уддалай олади. Смартфон билан жуфтликда ONVIF протоколини кўтара оладиган исталган IP-камерадан, масалан, у қадар қиммат бўлмаган, хотира картаси, Wi-Fi ва инфрақизил ёритгичи бўлган Wanscam HW0021 камерасидан фойдаланиш мумкин.

Камерани масофадан туриб бошқариш учун tinyCam Monitor (Сақлаб олинг: tinyCam Monitor) универсал иловасидан фойдаланган маъқул. У бир вақтнинг ўзида бир нечта камерадан олинган тасвирларни кўриш ҳамда масофадан туриб уларни бошқариш (буриш, зум, ёритгич) имконини беради. Албатта, ёзувларни турли хил воситаларга сақлаб қўйиш имконияти бор. tinyCamнинг бепул версияси ҳам мавжуд, аммо у камералар сони, овозни узатиш даврийлиги ва бошқа бир қатор функциялар бўйича чекловларга эга.

Хавфсизлик: кириш эшиги учун сигнализация

Эски смартфондан фойдаланишнинг ностандарт усулларидан бири унинг ёрдамида сигнализация яратишдир. Агар у эшикка ўрнатилиб, DoorSec Quick Door Security иловаси (Сақлаб олинг: DoorSec Quick Door Security) юкланса, гаджет ҳар қандай ҳаракатни сезади (бунинг учун акселерометрдан фойдаланилади) ва баланд овозда сирена чалади ҳамда киритилган рақамга SMS жўнатади.

Иловани биринчи марта ишга туширишда ишончли телефон рaқамини киритиш ва ARM тугмачасини босиш керак бўлади. Шундан сўнг сизда эшикни ёпиш ёки смартфонни бошқа жойга ўрнатиб, тўртта белгили PIN ни эслаб қолиш учун 20 сония вақт бўлади. Смартфонни қўриқлашдан ўчириш учун ёки ишончли телефон рақамидан қўнғироқ қилиш ёхуд гаджетнинг ўзида PIN ни киритиш зарур.

Хулоса

Гарчи гаджетингиз эскириб, корпуси едирилиб кетган, экранига дарз етган ёки бошқа камчиликлари бўлса ҳам уни ташлаб юборишга шошилманг. Моҳир қўллар бундай мобил қурилмаларга қайта ҳаёт бағишлаши ва узоқ вақт давомида янги вазифаларни бажаришга йўналтириши мумкин. Биз юқорида эски қурилмалардан фойдаланишнинг энг қизиқарли бир неча усулини санаб ўтдик, аммо сиз озгина фантазия қилиб яна бошқа фойдали жиҳатларни кашф этишингизга ишончимиз комил. Масалан, смартфонни мобил роутерга айлантириб, дала ҳовлингиздаги барча қурилмаларга Интернет тарқатишингиз мумкин. Агар сизда эски смартфон ёки гаджетдан самарали фойдаланиш борасида қизиқарли таклифлар бўлса, изоҳларда ўз тажрибангиз билан ўртоқлашинг.