Европада иш вақтида интернетдан шахсий мақсадда фойдаланган ходимларнинг ишдан бўшатилиши қонунийлаштирилди

Европада иш вақтида интернетдан шахсий мақсадда фойдаланган ходимларнинг ишдан бўшатилиши қонунийлаштирилди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Суди компания ва ташкилот раҳбарларининг ўз ходимларининг WhatsApp, Facebook ва бошқа мессенжерлар, ижтимоий тармоқларида иш вақтидаги хатти-ҳаракатлари, шахсий хабарлари ва мулоқотларини назорат қилишларини қонунийлаштирди. Бу ҳақда 13 январь куни Европа оммавий ахборот воситалари маълум қилган.

Агар ходим иш вақтида ижтимоий тармоқ ёки мессенжерларда, идорага тегишли электрон почта ёки интернет тармоғидаги саҳифалардан шахсий мақсадда фойдаланганда иш берувчи буни иш самарадорлиги ва идора даромадига зарар етказиш, деб ҳисоблаган тақдирда, ходимнинг ишдан бўшатилиши асосли бўлади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Суди бу қарорга руминиялик инженернинг 2007 йилда Yahoo Messenger’идаги касбий фаолиятда фойдаланиши лозим бўлган почтадан шахсий мақсадларда, хусусан оила аъзолари билан алоқа қилишда фойдалангани учун ишдан бўшатилганига оид суд ишларидан сўнг шундай қарор қабул қилган.

Руминиялик Богдан Михай электрон почтаси бир ҳафта мобайнида назорат қилиб борилганида унинг ўз яқинларига шахсий масалада 45 варақдан кўпроқ электрон ёзишмаларни жўнатгани маълум бўлган. Компанияни судга берган Богдан Михай судда ютқазади. Боиси компания билан тузилган меҳнат шартномасида ходимнинг идорага тегишли моддий-техник базадан, жумладан интернет тармоғи ва алоқа воситаларидан фақатгина идоравий фаолиятда фойдаланиши зарурлиги кўрсатиб ўтилган бўлган.

“Бу ерда гап иш берувчининг ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида кетмоқда. Иш вақтида ходимнинг шахсий масалалар билан бандлиги меҳнат фаолиятига оид ҳеч бир қонунчиликка тўғри келмайди”, дейди Франциянинг Страсбург Суди.

Мазкур қарорга бўйсуниш Европа Иттифоқининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясини ратификация қилган барча давлатларига мажбурий ҳисобланади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!