Facebook "facebook.ru" домени учун россиялик компания билан курашмоқда

Facebook

Facebook компанияси айни пайтда фойдаланувчиларни тўғридан-тўғри «Золотая корона» тўлов тизими сайтига йўналтирувчи facebook.ru доменини зудлик билан ва текинга ўзига топширишини талаб қилмоқда.

Ижтимоий тармоқ вакиллари ўзларининг даъво аризаларида маълум қилишларича, Facebook брендига 2004 йилда асос солинган ва у барча талқин ва изоҳларда «facebook» савдо белгисининг ягона эгаси ҳисобланади.

Россияда facebook.ru доменининг эгаси ҳисобланган Молиявий технологиялар маркази эса доменни шунчаки бериб қўйиш ниятида эмас. Уларнинг сўзларига кўра, facebook.ru Россияда 2005 йилда, яъни Facebook мамлакат ҳудудида фаолиятини бошламаган даврда рўйхатга олинган.  

Молиявий технологиялар маркази компанияси ҳозирча бу доменни нима сабабдан ўшандаёқ сотиб олгани, Facebook тармоғининг бу қадар оммалашишини башорат қилган-қилмагани хусусида бир сўз демаган. Экспертларнинг фикрича, айни пайтда "facebook.ru" доменининг қиймати 1 млрд АҚШ долларини ташкил қилади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Мавзу:

#facebook

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.