Facebook Messenger Lite расман тақдим этилди

  •   DiMaX
  •  1166
  •  29.04.2017 10:12

Facebook Messenger Lite расман тақдим этилди

Messenger Lite бу – Android учун Facebook чат иловаси бўлиб, у фақат базавий функцияларга эга, жуда кам ресурс талаб қилади ва жуда тез ишлайди.

Кейинги вақтларда Facebook компанияси ўз мессенжерини такомиллаштиришга кўп куч сарфлади. Унда ўйинлар, ботлар, интеллектуал ассистент, муносабат билдириш ва «дислайк», гуруҳли видео-қўнғироқлар ва ҳоказолар пайдо бўлди. Буларнинг барчаси эса хабарлар ёзишадиган оддий сервисни кўп функцияли гигант иловага айлантирди. Табиийки, мазкур имкониятларига яраша, Facebook Messenger смартфонда кўп ресурс талаб қиладиган бўлиб бормоқда.

Аммо бу каби қўшимча функциялар барча фойдаланувчиларга ҳам керак эмас. Айримларга эса шунчаки фақат мессенжернинг ўзи керак. Facebook айнан шулар учун Messenger Lite иловасини тақдим этди.

Messenger Lite’нинг илк версияси яратилганига бир ярим йилдан ошиқ вақт бўлди, у фақат олтитагина мамлакатда ишлатилар эди. Аввалига Facebook’дагилар, бу илова интернетга уланиш ва унинг тезлиги муаммоли бўлган ҳудудларда кўпроқ оммалашади, деб ўйлашганди.

Аммо энди компания Messenger Lite’нинг географиясини кенгайтиришга қарор қилди. Эндиликда бу илова яна 132 мамлакатда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам ишламоқда.

Messenger Lite қурилма ресурсларидан фойдаланишни ва узатиладиган маълумотлар ҳажмини максимал даражада камайтириш мақсадида яратилган. Унда фақат энг асосий: матнли хабарлар ёзишиш, расмлар, стикерлар ва ҳаволалар узатиш функциялари мавжуд. Агарда сизга мессенжернинг шулардан бошқа функциялари керак бўлмаса, мана шу иловани синаб кўришингизни тавсия этамиз. Уни мана бу ҳавола орқали юклаб олиб ўрнатасиз.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!