Facebook Шавкат Мирзиёевнинг саҳифасига расмий мақом берди

Facebook Шавкат Мирзиёевнинг саҳифасига расмий мақом берди

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи доирасида, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги делегацияси ҳукумат топшириғи асосида Калифорния штатидаги "Кремний водийси"да бўлиб, бу ерда фаолият кўрсатувчи жаҳоннинг нуфузли IT-компаниялари билан ҳамкорлик юзасидан музокаралар олиб борди.

"Кремний водийси"даги муваффақиятли учрашувлардан бири Facebook компаниясининг бош қароргоҳида бўлиб ўтди. Компанияни иқтисодий ривожлантириш бўйича раҳбари Клэйр Дэви иштирокидаги муҳокамаларда Facebook вакилларининг Ўзбекистондаги IT-тадбирларида иштирок этиши, шу билан бирга, турли йўналишларда, жумладан тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, стартапларни амалга ошириш каби ижтимоий лойиҳаларда ҳамкорлик қилиш режалари муҳокама қилинди.

Мазкур учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Facebook тармоғидаги саҳифасига расмий мақом бериш бўйича ҳам келишиб олинган.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ўзининг фейсбукдаги саҳифасида мазкур музокараларнинг илк натижаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Facebook тармоғида фаолият кўрсатувчи саҳифасига расмий мақом берилганини эълон қилди.

"Facebook компанияси вакиллари учрашув вақтида берган ваъдалари устидан чиқмоқдалар. Мана бугундан бошлаб Пресидентимизниниг Facebook'даги саҳифаларига компания томонидан расмий статус берилди. (Кўк рангдаги белги). Бу эса ўз навбатида Пресидентимиз фаолиятларига доир ахборотларни янада кенгроқ оммага тарқатишга имконият беради ва турли хил бошқа норасмий аккаунтлардан фарқлаб, қидирув жараёнларида биринчи қилиб кўрсатади", дейди Шерзод Шерматов.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!