FBB'ни унутинг: Facebook'даги маълумотларингиз дахлсизлигини бошқача усулда текшириш мумкин

FBB'ни унутинг: Facebook'даги маълумотларингиз дахлсизлигини бошқача усулда текшириш мумкин

Бир неча ҳафтадан бери 80 миллиондан ошиқ Facebook тармоғи фойдаланувчисининг шахсий маълумотлари Cambridge Analytica фирмаси томонидан яширинча сиёсий мақсадлар йўлида ишлатилганлиги турли жанжалларга сабаб бўлиб келаётгани ҳақида бир неча бор хабар берган эдик. Ҳаттоки, Facebook асосчиси ва раҳбари Марк Цукерберг ушбу масала юзасидан АҚШ Сенатида сўроқ ҳам берди.

ЎҚИНГ: Цукерберг сизнинг Facebook’даги маълумотларингизни тарқатгани учун Конгрессда жавоб беради

Кеча Facebook ўз фойдаланувчилари шахсий маълумотлари Cambridge Analytica фирмаси томонидан яширинча ишлатилмаганини текшириш учун махсус дахлсизлик маълумотномасига эга бўлишларини эълон қилди.

Ҳозирда дунёнинг турли бурчакларидан фойдаланувчилар ўз Facebook саҳифаларини энг юқори қисмида «Protecting Your Information» (Сизнинг Маълумотларингизни Ҳимоялаш) деб бошланувчи махсус дахлсизлик хабарини олмоқдалар. Ушбу хабарда фойдаланувчининг Facebook иловасида созланган тилга мос равишда, унинг маълумотлари Cambridge Analytica томонидан ўғирланган ёки йўқлиги маълум қилинган. Агар сиз шахсий маълумотлари ўғирланган 87 миллион фойдаланувчи (уларнинг 71 миллиони АҚШда яшайди)дан бири бўлсангиз, унда ушбу махсус хабар орқали керакли саҳифага ўтиб, айнан қайси маълумотларингизга дахл қилингани ҳақида маълумот олишингиз мумкин.

Maxsus daxlsizlik xabari

 

Бундай хабар фойдаланувчиларга кечадан бошлаб жўнатила бошлангани ҳисобга олинса, Facebookънинг 1,8 миллиард фойдаланувчиси бундай хабарни қабул қилиб олгунча маълум вақт ўтишини тахмин қилиш мумкин.

ЎҚИНГ: Facebook қурилмангиз микрофони орқали сизни эшитиб турадими?

Бироқ сиз бу хабарни кутиб ўтиришингиз шарт эмас. Шунчаки браузерингиз қидирув саҳифасига https://www.facebook.com/help манзилини теринг ёки Facebook'дан Help Center (Ёрдам Маркази) бўлимини қидириб топинг. Мазкур бўлимга киргандан сўнг унинг энг юқори қисмидаги қидирув жойига шунчаки «Cambridge Analytica» жумласини териб кўринг. Олинган бир неча қидирув натижалари ичидан «How can I tell if my information was shared with Cambridge Analytica?» ёки «Была ли передана моя информация Cambridge Analytica» (Менинг маълумотларим Cambridge Analytica'га юборилганми?) номлисини танланг ва сизнинг олдингизда маълумотларингиз дахлсизлиги тўғрисида кичик билдиришнома пайдо бўлади.

Maxsus bildirishnoma

Бундан бироз олдин тармоқ бўйлаб «Марк Цукерберг аккаунтингиз хавфсизлигини текшириб кўриш учун махсус кодни ўйлаб топди. Изоҳларда шунчаки FBB ҳарфларини ёзинг ва улар кўк рангга кирса, демак сизнинг аккаунтингиз хавфсизликда» маъносидаги постлар кўпайиб кетган эди. Энди бундай постларга алдаманг ва биз кўрсатган йўл билан маълумотларингиз дахлсизлигини расман текшириб кўринг.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!