Февралда кутилаётган смартфонлар, уларнинг жиҳатлари

Февралда кутилаётган смартфонлар, уларнинг жиҳатлари

Анъанага кўра, жорий йилда ҳам Жаҳон мобил конгресси (MWC 2018) бизнинг диққат-эътиборимиздаги муҳим воқеалардан бири бўлади. 26 февралдан 1 мартга қадар Испаниянинг Барселона шаҳрида бўлиб ўтадиган IT-технологиялари анжуманида бу йил кучли "байроқдор" смартфонлар қаторида, бошланғич ва ўрта нархли девайслар ҳам тақдим этилади. Қуйида улар тўғрисидаги ҳозиргача бизга маълум жиҳатларни маълум қиламиз.  

Анжуман арафасида, яъни 26 февралда Samsung Galaxy S9 ҳамда Galaxy S9+ флагманлари тақдим қилинади. Galaxy S9 модели 5.8 дюймли, Galaxy S9 Plus эса 6.2 дюймли қайрилма ва Super AMOLED матрицали "Infinity", яъни ромсиз дисплейларга эга бўлишади. Яна бир муҳим жиҳати – бу моделларда йилнинг энг илғор процессори экани айтилаётган Snapdragon 845 ёки Exynos 9 Series 9810 чиплари ўрнатилади. Девайсларнинг "кенжасига" 4/64 гигабайтли хотира, Galaxy S9 Plus моделига 6/64 гигабайтли хотира ўрнатилади.

Аndroid 8.0 Oreo операцион тизимининг "Galaxy Experience U.I" талқинида ишлайдиган смартфонларда қўш пиксел технологияси татбиқ қилинган 12 мегапикселли кучли камералар, IP68 стандарти бўйича ҳимояланган корпус, стерео динамиклар бўлади. 

S9 модели 3000 мА соат, S9+  эса 3500 мА соат сиғимли аккумулятор билан таъминланади. Galaxy S9 Plus'да қўш сенсорли камера бўлиши мумкин. Смартфонлар 16 мартдан сотувга чиқарилади.

Sony брендидан кутилаётган флагман

Sony ҳам MWC 2018 анжуманига қуруқ келмайди ва 26 февралда Xperia XZ Pro номли смартфон моделини тақдим қилади. 2160x1080 пикселли, OLED матрицали бу дисплейнинг томонлар нисбати 18:9 стандартли бўлади. Девайснинг самарадорлиги учун Snapdragon 845 чипи ҳамда  Adreno 630 видео картаси масъул бўлади. Смартфон 4 ГБ тезкор ва 64 Гб доимий хотира билан таъминланади.

Xiaomi

Xiaomi брендини ҳам MWC 2018 анжумани иштирокчилари рўйхатида кўриш мумкин. Бу гал "хитойлик олма" бир оз "жиддий" флагман сифатида кутилаётган Xiaomi Mi MIX 2S моделини анжуманга олиб келади. Кучли Snapdragon 845 процессорига эга смартфонда камера ҳам ниҳоятда илғор – Sony IMX363 сенсори қўш пикселли автофокус технологиясига эга бўлади. Яъни смартфон тунги шароитда ҳам сифатли сурат олиш салоҳиятига эга бўлади. Xiaomi Mi MIX 2S Android 8.0 Oreo тизими бошқарувида ишлайди ва 3400 мА соат аккумулятор билан таъминланади.

LG

LG мобил анжуманга LG V30s модели билан келишни режа қилган. LG V30s бир муддат аввал тақдим қилинган LG V30+ моделига ўхшаш, бироқ 256 гигабайтли доимий хотираси ажралиб туради.

Moto

Moto бренди ҳам бу йил "уйғонган" кўринади. Боиси, бренд Барселонага Moto G6, Moto G6 Plus ҳамда Moto G6 Play смартфон моделлари билан ташриф буюрмоқда. Ўрта нархли Moto G6 модели 5.7 дюймли HD+ экранга, Snapdragon 450 чип ҳамда 3/4 Гб тезкор хотирага, 32/64 Гб доимий хотирага эга бўлади. Смартфон бош камераси 12+5 Мп қўш сенсордан, олд камера 16 мегапикселли бўлади. Унинг аккумулятори 3000 мА соат ток сиғимига эга бўлади.

Moto G6 Plus модели 5.93 дюймли ҳамда FHD+ сиғимли дисплей, Snapdragon 630 процессори, 3/4 ГБ тезкор ва 32/64 Гб доимий хотира, 12+5 мегапикселли бош камера, 16 МП аниқлигидаги олд камера, 3200 мА соат сиғимли батарея билан таъминланади.

Moto G6 Play модели эса номидан ҳам кўриниб турибдики, ўйин ўйнашни хуш кўрувчиларга мўлжалланган. Унга HD+ сиғимли, 18:9 стандартли дисплей, Snapdragon 430 чипсет, 4000 мА соат сиғимли батарея ўрнатилади.

Nokia

HMD компанияси "кўҳна" Nokia брендини бозорга қайтариш йўлида куч-ғайратини аямаяпти. Анжуманда тақдим этилиши кутилаётган Nokia 8 смартфони ҳам бугунги тренд асосида 18:9 стандартли экранга, "Android Go", яъни тоза андроид тизимига эга бўлади.

Nokia 1 эса Android 8.1 (Oreo) операцион тизимида ишлайди ва бренднинг энг арзон смартфони бўлади. HD экранли Nokia 1 модели 1 гигабайтли тезкор ҳамда 8 гигабайтли доимий хотира билан таъминланади.

Кутилаётган яна бир модел – Nokia 7 Plus модели Android 8.0 Oreo операцион тизимида ишлайди. Nokia 7 Plus Snapdragon 660 чипсети, 4 гигабайтли тезкор ва 64 Гб доимий хотирага эга бўлади. Смартфонга 6 дюймли, Full HD+ (2160 × 1080 пикселли) ва 18:9 ўлчамли, 2.5D қайрилма безак ҳамда Corning Gorilla ҳимоя шишаси қопланган экран ўрнатилади.

Смартфондаги бош камера 12+13 мегапикселли сенсорлар, 2 карралик оптик яқинлаштириш функциясига эга бўлади. Олд камера учун 16 мегапикселли сенсор ўрнатилади.

Huawei

Huawei ҳам "тўйга тўёна билан" деб янги девайсларини Испанияга олиб келмоқда. Хусусан, бу йил анжуманда MediaPad M5 планшети намойиш қилинади. 8.4 дюймли QHD дисплейли девайсга Kirin 960 процессори, 4 Гб тезкор хотира ўрнатилган.

Ulefone T2 Pro

26 февралда Ulefone бренди тақдим қиладиган Ulefone T2 Pro 6 дюймли (1,080 x 2,280 пикселли) экран, 8 ядроли Helio P70 процессори, 8 гигабайтли тезкор хотирага эга бўлади.

Asus

Тайванлик IT-инноватори 27 февралда мухлисларини хурсанд қилиш мақсадида, ASUS Zenfone туркумида ZenFone 5 Lite моделини тақдим қилади. 6 дюймли ва 18:9 стандартли смартфон Snapdragon процессорига, 20+2 МП сенсорли бош камера, 16+2 Мп сенсорларидан ташкил топган олд камерага эга бўлади.

Alcatel

Франциялик бу бренд ҳам рақобатда омон қолиш учун бор жон-жаҳди билан курашмоқда. Жумладан, Испанияга энг яқин смартфон ишлаб чиқарувчиси бўлган бренд Барселонага эрта етиб келади, шекилли, тақдимотни 24 февралдаёқ бошлаб юборади.

Тақдимотда Alcatel 5, Alcatel 3v, Alcatel 1x каби моделлар намойиш қилинади. Alcatel 3V модели 6 дюймли, Full HD+ сиғимли дисплей, MediaTek MT6737 процессори, 2/16 Гб тезкор ва доимий хотира билан таъминланади. Бош камера учун 16 + 2 мегапикселли сенсорлар танланган. Аккумуляторнинг ток сиғими 3000 мА соат.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!