Firefox Focus – ваҳимачилар ва тежамкорлар учун мобил браузер

  •   DiMaX
  •  1860
  •  26.07.2017 10:15

Firefox Focus – ваҳимачилар ва тежамкорлар учун мобил браузер

Интернетда сиз кирган сайтлар шахсий маълумотларингизни, саҳифада қанча вақт қолганингизни, қайси бўлимларга ўтганингизни мунтазам кузатиб боришидан хабарингиз бор. Бироқ бу кузатувлардан халос бўлишнинг ҳам бир қанча йўллари мавжуд. Mozilla Foundation компанияси эса бу масалага янгича ёндашди – ўзини доимий кузатув остида ҳис қилишни истамайдиганлар учун янги мобил браузер – Firefox Focus’ни тақдим этди.

Мазкур минималистик браузер интернетга киришингиз пайтида сайтлардан рекламаларни олиб ташлайди ва сайтлар сизни кузатишларига йўл қўймайди. Ҳатто унинг учун Mozilla тегишли слоган (шиор) ҳам ўйлаб топди: «Худди ҳеч ким кузатмаётгандек бемалол кезинг».

Focus гўёки махфийлик режими ёқилган оддий браузер сингари ишлайди. Яъни, у сиз ҳақингиздаги маълумотларни сайт эгаларига узатмайди, сиз кирган саҳифалар тарихини сақлаб қолмайди. Яна иловадан чиқишингиз билан барча вақтинчалик файлларни хотирадан ўчириб ташлайди.

Булардан ташқари, Focus дастурининг ўзига реклама чекловчиси – адблокер ҳам киритилган; у сайтлардан баннерларни олиб ташлаб кўрсатади. Иловага киритилган трекинг дастурлари фильтри эса сизнинг ижтимоий тармоқлардаги шахсий ёки тўловга оид маълумотларингиз бегона қўлларга тушиб қолишидан сақлайди.

Агарда ушбу минималистик браузернинг асосий функциялари ҳам камлик қилса, ўта ваҳимачи кишилар учун унинг созламаларида кўринмаслик режими ҳам мавжуд. Бу режим скриншотлар олишни тақиқлайди, тағин саҳифаларга кирганлигингиз ҳақидаги маълумотларни ҳатто телефонингиз хотирасидан ҳам йўқ қилиб юборади.

Илованинг бурчагидаги – корзина тасвири туширилган бинафшаранг тугмача эса ҳар қандай сайтдан из қолдирмасдан дарҳол чиқиб кетиш учун яратилган. У интернет-ташрифларингиз тарихини тозлайди ва сизни бошланғич экранга қайтаради.

Тўғри, Mozilla’нинг бу янги ишланмасида камчиликлар ҳам етарли. Илова қўшимча варақалар ярата билмайди ва бир вақтнинг ўзида фақат биттагина саҳифа билан ишлашни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, Focus хатчўп (закладка)лар билан ҳам ишлай олмайди: унда хатчўп яратиш ҳам, импорт қилиш ҳам имконсиз.

Англаганингиздек, Firefox Focus’ни сукут бўйича фойдаланиладиган асосий браузер сифатида ишлатиб бўлмайди – унда интернетда кундалик сайр қилиш учун керак бўладиган асосий функциялар мавжуд эмас. Аммо у, масалан, авиачипталар ёки интернет-дўконлардаги товарларни қурилма учун қўшиладиган нархларсиз харид қилишда ёрдам беради. Чунки айрим сайтлар харидорнинг телефони модели ҳақидаги маълумотларни олади ва шу асосида нархларни сал ўзгартириб тақдим этади. Ахир, қимматбаҳо смартфон ишлатадиганлар интернет-дўконлардаги товарлар нархига қўшилувчи озгина қўшимчаларга ҳам аҳамият бермасдан харид қилаверишади-да!

Firefox Focus, шунингдек, қаерга борсангиз изингиздан қолмасдан таъқиб этиб юрувчи рекламалардан ҳам сизни қутқаради. Ушбу браузер орқали интернет-дўконлардаги ҳар қандай товарларни кўришингиз ва буюртма қилишингиз мумкин; бир-икки кўрганингиздан сўнг интернетда ҳар қадамда айни шу товар рекламаси олдингиздан чиқиб қолавермайди.

Мазкур илова нафақат сизни ва шахсий маълумотларингизни ғараз ниятлилардан ҳимоя қилади, балки ҳамёнингиз учун ҳам фойдалидир. Ахир, рекламалар ҳамда кўп сонли кузатувчи модулларни браузер чеклаб қўйгач, сайтлар тезроқ юкланади, трафик ҳам анчагина тежалади. Демак, роумингда пайтингиз ёки мобил трафикни аяган ҳолда интернетга кириш учун Focus тенгсиз мобил браузер, дейишга асосимиз бор.

Mozilla’нинг Firefox Focus иловасини iOS тизимли қурилмалар учун мана бу, Android тизимида ишловчи гаджетлар учун эса мана бу ҳаволалар орқали юклаб олиш имкони мавжуд.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!