Forbes 2017 йилда энг кўп ҳақ олган блогерларни эълон қилди

Forbes 2017 йилда энг кўп ҳақ олган блогерларни эълон қилди

Forbes'нинг 2017 йилда YouTube'да энг кўп пул топган блогерлар рўйхатида Даниэл Миддлтон етакчилик қилмоқда. У видео тармоқда DanTDM лақаби билан яхши танилган. Бу блогер YouTube тарихида шу вақтга қадар мисли кўрилмаган миқдорда пул топган. Қуйида батафсил танишамиз.

1. 26 ёшли DanTDM 17 миллион кузатувчига эга ҳамда у йил давомида 16,5 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ишлаб топган. Бу блогер асосан видео ўйинлар. ўйинлар ҳамда интернетда майнинг, яъни пул ишлаб топиш усулларига бағишланган мавзуларни ёритади. Ўз ҳаётига оид блоглари ҳам мавжуд.

2. 25 ёшли Эван Фонг бу йил 15,5 миллион доллар маблағ ишлаб топди. Унинг 21 миллион нафар кузатувчилари мавжуд. Турли ўйинларнинг унутилмас лаҳзаларини мунтазам ёритиб боради. Шунингдек, ўйинлар ишлаб чиқариш ҳамда бадиий тасвирлар олиш билан шуғулланади.

3. Dude Perfect жамоаси баскетбол жамоаси сифатида иш бошлашган ва Гиннес рекордини ўрнатишга муваффақ бўлишган. Яъни, уларнинг спорт машқлари, турли-туман трюкларини кузатувчилар сони 24 миллиондан ошган. Бунинг эвазига эса жамоа йил давомида 14 миллион АҚШ доллари ишлаб топган.

4. Mark Fischbach (Markiplier) номли бу 28 ёшли блогер 54 миллион нафар кузатувчига эга. Унинг "Let's play video", яъни "келинг, ўйин ўйнаймиз" номли видео лавҳаларининг ўзига хослиги шундаки, бу блогер ўйин чоғида тинмай бақиради ва қичқиради. Бунинг учун эса реклама берувчиларидан бу йил 12,5 миллион доллар маблағ олган.

5. Логан Паул 22 ёшда ва YouTube'да қизиқарли видеолар эълон қилиб боради. Уни 4 миллион нафар одам кузатади. У тасвирларда ўзини актёр сифатида ҳам синовдан ўтказиб келмоқда. Бунинг эвазига у жорий йилда 12,5 миллион доллар ишлаб топган.

6. Феликс Кжелбергни 58 миллион нафар ютуберлар кузатишади. Швециялик блогер ўз блогида ўйинларни эълон қилиб боради. ОАВ уни кескин фикр билдирувчи шахс сифатида эътироф этган. Феликс ҳам бу йил рекламалари ҳисобига 12,5 миллион доллар маблағ олган.

7. 22 ёшли Жейк Паул 12 миллион нафар кузатувчисига эга. Унинг ишлаган маблағи 11,5 миллион доллар. Актёр сифатида танилган блогер интернетдаги мухлислари эътиборига ўзи иштирокидаги видеоларни тақдим қилиб келмоқда.

8. YouTube'даги "комедия қироллари"дан бири бу -- Smosh. 22 ёшли бу йигитнинг YouTube'даги 6 каналини 22 миллион нафар кузатувчи томоша қилиб боради. Уларда тўлиқ метражли фильмлар эълон қилинади. Бундан эса бу йил блогернинг ҳисобига 11 миллион доллар пул келиб тушган.

9. Ryan ToysReview номли блогда ўйинчоқлар қадоқдан очиб кўрилади. Уларни 10 миллион нафар кузатувчи томоша қилади. Суратдаги болакай ва унинг ота-онаси янги ўйинчоқларни очиб, ўзаро ҳазил-мутойиба қилишади. Бунинг учун эса нақ 11 миллион АҚШ доллари маблағ топишади.

10. Лили Сингҳ видоелари, комедик чиқишлари билан 12 миллион нафар ютубер ўртасида машҳур бўлган. 29 ёшли блогер ўзининг лаб бўёғини ҳамда бадиий фильмини тақдим қилишга улгурган. Бу блогер йилига 10,5 миллион АҚШ доллари топади.

Гувоҳи бўлганингиздек, YouTube тармоғида энг кўп ҳақ олувчи блогерларнинг 10 нафари бир йилда$127 млн доллар ишлаб топишади. Мана сизга, чинакам хазиналар ороли. Сиз ҳам бу тўғрида бир ўйлаб кўринг.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!