Forbes миллиардери Ўзбекистонга сармоя киритмоқчи

Forbes миллиардери Ўзбекистонга сармоя киритмоқчи

Бугун Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти иштирокида Миср Араб Республикасининг Orascom Telecom Holding компанияси бошқаруви раҳбари Нажиб Савирис билан музокара бўлиб ўтди. Мисрлик бизнесмен 14-16 март кунлари Ўзбекистонда бўлиб, Ўзбекистон IT-саноатининг салоҳияти, яқин истиқболдаги режалар билан танишмоқда.

Нажиб Савирис учрашувда Ўзбекистоннинг телекоммуникация соҳасига сармоя киритишга қизиқиш билдираётганини маълум қилди. Шу муносабат билан, Orascom Telecom Holding билан IT-инфратузилмасини ривожлантириш, хусусан маълумотларни қайта ишлаш марказларини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.


Музокаралар якунида томонлар ҳар икки томон учун манфаатли бўлган келишувларни амалга ошириш, сармоя киритиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

Юртимиз бўйлаб сафари давомида Нажиб Савириснинг Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига ташрифи режа қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Orascom Telecom Holding компанияси жаҳоннинг қатор мамлакатларида, жумладан Буюк Британия, Покистон, Иордания ва бошқа мамлакатларда телекоммуникация хизматларини кўрсатади.

Жаҳоннинг таниқли сармоядорларидан бири бўлган 63 ёшли Нажиб Савирис Швейцариянинг Цюрих олий техника мактабида таҳсил олган. Айни кунда у 4,1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги маблағ билан Forbes рўйхатига кўра, Мисрнинг иккинчи рақамли энг бой кишиси ҳисобланади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!