Galaxy A5 (2018) флагман хусусиятларига эга бўлади

  •   DiMaX
  •  3675
  •  26.09.2017 11:37

Galaxy A5 (2018) флагман хусусиятларига эга бўлади

Samsung компанияси ўзининг ўрта нарх сегментидаги – Galaxy A туркумига мансуб смартфонларига ҳам катта эътибор билан қарайди. Жумладан, 2018 йили ишлаб чиқариладиган Galaxy A5 модели ҳақида интернетда тарқалган маълумотлар ҳам бунинг исботидир.

GSMArena.com сайтида эълон қилинган мақола Samsung Galaxy A5 (2018) модели ҳақида дастлабки тасаввурлар ҳосил қилишимизга ёрдам беради. Шунингдек, ушбу манба орқали, мазкур қурилмада компаниянинг флагманларига хос хусусиятлар ҳам бўлишини билиб олишимиз мумкин.

Galaxy S туркумидаги флагманларидан фарқли равишда, Galaxy A сериясидаги смартфонлар одатда турли чипсетли талқинларда ишлаб чиқарилмайди. Бироқ компания 2018 йили бу ёндашувдан бироз чекиниб, ўрта нарх сегментидаги смартфонларини ҳам кучли процессорлар билан таъминламоқчи.

Хулласи калом, GSMArena.com сайтининг берган маълумотига кўра, машҳур Geekbench бенчмаркида Exynos 7885 чипсетига эга Galaxy A5 (2018) модели қайд этилган.

Гарчи расман тасдиқланмаган эса-да, Exynos 7885 ҳам, худди Exynos 7880 каби, 14 нанометрлик технологик жараёнга мос ҳолда тайёрланган чипсет бўлади. Унинг марказий процессорида юксак самарадорликка эга иккита Cortex-A73 ядроси олтита A53 ядроси билан ўзаро мувофиқликда ишлайди. Galaxy A5 (2017) моделига ўрнатилган нисбатан эски чипсетнинг марказий процессорида эса саккизта A53 ядроси мавжуд.

Ҳамонки гап келажак смартфони – 2018 йили тақдим этиладиган модел хусусида бораётган экан, унинг бошқа жиҳатлари ҳам бу йилгилардан устунроқ бўлиши табиий. Жумладан, Galaxy A5 (2018)’га модел талқинига боғлиқ ҳолда 4 ёки 6 гигабайтлик тезкор хотира ўрнатилиши тахмин қилинаётир. Келгуси йилнинг бошида, тахминан февралда намойиш этиладиган мазкур смартфон Android операцион тизимининг 7.1 Nougat талқини билан тақдим қилиниши айтилмоқда.

Афтидан, турли мамлакатлардаги фойдаланувчилар учун бу девайснинг ҳар хил чипсетларга эга талқинлари ишлаб чиқарилади. Кўриб чиқилаётган гаджетнинг модели номланишидан келиб чиқадиган бўлсак, дунё бозори учун Exynos чипи ўрнатилган (F) версияси тақдим этилади. Хитой бозори учун ишлаб чиқариладиган (0) версияси эса Snapdragon чипсетига ҳамда 6 гигабайтлик тезкор хотирага эга бўлади.

Galaxy A5 (2018) модели қўшалоқ камера билан чиқарилиши мумкинлиги ҳақида ҳам миш-мишлар тарқалган, аммо буниси ҳақиқатдан бирмунча узоқ бўлса керак. Балки шундай бўлар ҳам – буни биз билан бирга кузатинг!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!