Galaxy A8 & A8+: флагманлардан "юққан" 6 инновация!

Galaxy A8 & A8+: флагманлардан

Samsung қисқа фурсатда катта қизиқиш уйғотган Galaxy A8 (2018) ҳамда Galaxy A8+ (2018) смартфонларини бугун тақдим қилди. Йилнинг ўрта нархли смартфонлари ниҳоятда кўркам ва серҳашам! Айниқса, четидан-чеккасигача Infinity Display ҳамда 2 сенсорли олд камера тизими янги моделларнинг ўзига хос жиҳатлари бўлди.

Қуйида A8 (2018) ҳамда A8+ (2018) смартфонларида жорий қилинган, шу вақтга қадар бренднинг флагманларида татбиқ қилиб келинаётган 6 технология хусусида маълумот берамиз.

Қўш сенсорли олд камера билан янада мафтункорсиз!
Ҳар бир смартфонда ўз рақибидан устунлигини белгилайдиган бирор жиҳат бўлиши керак. Galaxy A8 (2018) ҳамда Galaxy A8+ (2018) смартфонларидаги бу устунлик -- уларнинг 2 та камера модулидан иборат селфи-камераларидан бошланади. Бу эса фойдаланувчиларга ғоятда таассуротли селфи суратлар олиш имконини беради. Galaxy Note 8 флагманида илк маротаба Live Focus фокуслаш технологияси жорий қилинган эди. Янги ўрта нархли моделлар ҳам бу жиҳатга эга бўлишган.

Олд сенсорлардан бири 16 мегапикселли, ёруғлик тақсимоти мосламаси f/1.9 стандартли. Унга ёрдамчи сифатида 8 мегапикселли, ёруғлик тақсимоти мосламаси f/1.9 стандартли яна бир камера модули ўрнатилган.

Бош камера эса 16 мегапикселли сурат олиш имкониятига эга. Унинг ёруғлик тақсимотига масъул мосламаси бир оз илғор -- f/1.7 стандартли. Унда видео тасвирни рақамли усулда барқарорлаштириш технологияси жорий қилинган. Шу билан бирга, мазкур сенсорда "Hyperlapse mode"(авваллари фақатгина Samsung’нинг флагманларида бўлар эди) режими жорий қилинган. Бу режим керакли пайтда видео тасвирни зарур тезликда олиш имконини беради. Афтидан, бош камера оптик барқарорлаштириш технологиясига эга бўлмаган. Демак, бу моделларда аввалги авлод Galaxy A'даги каби орқа фонни ғира-шира қилиб сурат олиш технологияси жорий қилинмаган.

Infinity Display -- дисплейнинг ниҳояси йўқ!
Galaxy A8 (2018) ҳамда Galaxy A8+ (2018) смартфонлари гарчи, Samsung’нинг ўрта нархли мобил алоқа воситалари бўлишса ҳам, компания бугунги бозорни инобатга олган ҳолда, уларни смартфон ромини эгаллаб олган Infinity Display экранлари билан таъминлаган. Бу ҳам компаниянинг флагманларига хос жиҳат эди.

Galaxy A8 (2018) смартфони 5,6 дюймли, 2220×1080 пикселли, Super AMOLED матрицали экранга эга бўлган. Galaxy A8+ (2018) модели эса 6 дюймли, 2220×1080 пикселли, Super AMOLED матрицаси билан таъминланган.

Infinity Display технологияси ҳар иккала смартфон, гарчи экран катталашган бўлса ҳам, фойдаланишга қулай деган.

Қувват сиғими ошиб, хотира ҳам кенгайди!

A8 ҳамда A8+ яп-янги Exynos 7885 процессорига эга бўлишган. 8 ядроли тошлардан 2 таси юқори самарадорликка, 6 таси ўртача самарадорликка масъул. Юқори самарадорлик учун жавобгар ядролар смартфонларнинг бир текис ва узилишларсиз, "аждодлари"дан тезкор ишлашларига жавобгар бўлишади. Аввалги Exynos чипларида асосий эътибор тезкорликка эмас, энерго-тежамкорликка қаратилган бўлар эди.

A8 4 ГБ тезкор, 32 ёки 64 ГБ доимий хотира, A8+ 6 ГБ тезкор, 32 ёки 64 ГБ доимий хотирага эга бўлган. Улардаги microSD бўлмачаси сиғими 256 гигабайтгача бўлган қўшимча хотира флешкасини қўллаб-қувватлайди.

Bluetooth 5.0 технологияси жорий қилинган!
Bluetooth 5 технологияси Bluetooth 4.2 версиясига қараганда 2 марта тезроқ маълумот узатиши мумкин. Bluetooth 5 модулига аввалги параметрларга солиштирганда саккиз марта кўп қурилмаларни улаш мумкин. Бундан ташқари, кам энергия сарфлаш режимида (Low Energy, LE) ишлаш радиуси тўрт баробарга ортади.
Янги технологияда энергия сарфини қисқартиришга эътибор қаратилган. Bluetooth 5, асосан, IoT (Internet of Things) соҳасига мўлжалланган.

Шу билан бирга, A8 ҳамда A8+ энди бир вақтнинг ўзида 2 та алоҳида Bluetooth-карнайларга мусиқани узата олишади.

Gear VR шлемларини энди сиз ҳам кийиб кўрасиз!

Galaxy A8 ҳамда Galaxy A8+ (2018) Samsung’нинг Gear VR шлемини қўллаб-қувватлайдиган илк "Galaxy A" туркумидаги моделлари. Ниҳоят, виртуал саёҳат қилишда энди ўрта нархли смартфонлардан ҳам фойдаланиш мумкин.

Samsung Pay платформаси энди очиқ!
Кутилганидек, Galaxy A8 (2018) ва Galaxy A8+ (2018) моделлари виртуал тўлов платформаси ҳисобланган Samsung Pay (MST ва NFC) функциясини қўллаб-қувватлайди. Уларга ушбу хизматнинг иловалари тайёр юкланган бўлади. Уни ўрнатиш учун эса кредит карточкага оид деталларни тўлдириш керак бўлади.

Нарх-наво!
Очиғини айтиш керак, бу моделлар флагманлардан фақат жиҳатларни эмас, бир оз нарх-навони ҳам юқтирган. Энди улар биз билган 300-400 долларлик смартфонлар эмас. «Салкам флагман» дея таърифланаётган бу смартфонлар қора, кул ранг, тилларанг ва мовий корпусларда сотувга чиқарилади. Уларнинг савдоси 2018 йилнинг январида бошланиши айтилмоқда. Аммо нархи борасида ҳозирча расмий маълумот берилмаган. Айрим норасмий хабарларга кўра, Galaxy A8 (2018) модели $590, Galaxy A8+ (2018) модели эса $650 АҚШ долларига нархланиши айтилган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!