Galaxy J5 2017: Табиатан башанг! Пулингизга ачинмайсиз!

Galaxy J5 2017: Табиатан башанг! Пулингизга ачинмайсиз!

Samsung флагманлари тан олинганига анча бўлган. Айниқса, сўнгги авлод "Galaxy S"лари нафақат муваффақиятли дизайни, балки пешқадам технологик жиҳатлари, шунингдек дастурий таъминот платформаси билан ҳам тилларга тушган.  Қолаверса, компания ҳамёнга қулай туркумни ҳам ташлаб қўйгани йўқ. Кучли "Galaxy A" туркуми "J" туркуми сўнгги йилларда энг яхши сотилаётган смартфонлар тоифасига кирган. Galaxy J5 2017 ҳам оммабоп гаджетлар қаторидан ўрин эгаллади.

Дизайн

Эътиборни тортадиган жозибадор смартфон яратиш — муваффақиятнинг ярми. Афтидан, Samsung дизайнерлари мана шундай тамойил асосида фикрлайдилар. 2016 йилда металл ромлар билан чекланган Galaxy J5 модели 2017 йилда тўлиқ металл корпусга жам қилинган. Дизайн ҳам энди кўзга яқинроқ.

Смартфон кўринишидан ҳозирги "Galaxy A" ҳамда 2016 йилга мансуб S7 моделларига ўхшаб кетади. Орқа панелда антенна учун пластик улоқлар, корпусга қапишган камерани кўрамиз.

Эргономик, яъни шаклдорлик нуқтаи назаридан смартфон ёқимли ва қўлга олганда юрак "жиз" қилади. Хусусан, унинг корпус ранглари дарров ўзига жалб қилади. Айниқса, оч кўк рангли корпус кўпчилик учун маъқул. Уни «ёмғирли осмон» ранг деб айтишади. Ёруғ хонада бу рангдаги корпус кулранг бўлиб ҳам кўриниши мумкин. Қора-кулранг, қора, тилла ранг талқинлар ҳам мавжуд.

Элементларнинг корпус бўйлаб жойлашуви 2016 йилги J5 Prime'ни эслатиб юборади — динамик корпуснинг ўнг томонидан, ўчириб-ёқиш тугмаси устида жойлашган. Бу дизайнда янгича ечим ва ҳозирча тўғри қарор деб қабул қилинган. Ҳар хил вазиятларда фойдаланиш учун қулай.

Samsung Galaxy J5 2017'нинг аввалги йилги моделлардан фарқли жиҳатлари ҳам бор. Мисол учун, механик бош тугма ёнидаги сенсор клавишлар остки ёритиш чироқларидан маҳрум бўлган.

Татбиқ қилинган қулай функциялар қаторида Home тугмасини 2 марта чертиш орқали камерани ишга туширишни айтиш мумкин. Аввалги йилги моделлардан фарқли равишда, бош тугмада бармоқ изи сканери ҳам ўрнатилган. Galaxy J5 2016'да сканер йўқ.

Шунингдек, хотира 3 тагача бармоқ изи сканерини эслаб қола олади. Бир тарафдан бу қулай ва кўпроқ бармоқ билан фойдаланиш имконини беради.  

 

Экран

Samsung'нинг аксарият смартфонларида бўлгани каби, бу девайсда ҳам SuperAMOLED дисплейдан фойдаланилган. Олдинги йилги модел ҳам худди шундай экран билан таъминланган. Ва, бу экран кўпчиликни ўзига тортиб туриши -- бор гап. Бу йилги моделда диагонал ва пиксел сиғимида ўзгариш йўқ — 5,2 дюйм, 1280 га 720 пиксел сиғимли.

Остки ёритиш даражасини 6 дан 350 кд/м² гача кўтирш мумкин. Экранда мутолаа режими ҳам мавжуд. Қуёш нури остида ҳам экранни созлаб берувчи режим  бор. Созламаларда ранг-тус узатишнинг 4 та режими таклиф қилинади. Экрандаги оқ тус даражасини мустақил созлаш ҳам мумкин. Қолаверса, кўк тусни пасайтирадиган фильтр ҳам бор.

Дисплей билан боғлиқ камчиликлар сирасига пикселлар сиғимининг пастлигини айтиш мумкин. Диққат билан қаралса, баъзи пикселлар кичик тўртбурчаклар шаклида кўзга ташланади. Бироқ, ёрқин ва тўйинган ранг узатиш, контраст ўз ишини қилади. Қуёш остида ҳам экрандан бемалол фойдаланиш мумкин.

Умуман олганда, Samsung Galaxy J5 2017'нинг экрани яхши ва Full HD матрицали рақиблари билан солиштирганда, ёмон эмас. AMOLED экран бўлса ҳам, смартфонда Always on Display, яъни баъзи маълумотлар акс этиб турадиган "мунтазам фаол экран" функциясининг йўқлиги таассуфли.

Аппарат платформаси ва самарадорлик

J5 2016 модели Qualcomm Snapdragon 410 платформасида ишлаган бўлса, 2017 йилги модел бирмунча илғор — 8 ядроли Samsung Exynos Octa 7870 чипида фаолият кўрсатади. Бу чип "J7 2016" смартфонида ҳам татбиқ қилинган. Тезкор ва доимий хотира сиғими ўзгармаган — 2 ва 16 ГБ.

Смартфонда 2 та NanoSIM карталар ва 1 та хотира картаси учун алоҳида бўлмачаларнинг мавжудлиги фойдаланувчига таскин беради.

Exynos 7870 процессори 8 ядродан биорат ва унинг частота тезлиги 1.6 ГГц.гача кўтарилади. Телефонда Mali-T830  график процессори ўрнатилган.

Exynos 7870 процессори Galaxy J7 2015’даги 7580 моделининг такомиллашган талқини ҳисобланади. Янги процессор 14 нанометрли техник жараёнга асосланган. Samsung вакиллари маълум қилганларидек, процессор чиндан ҳам энерго-тежамкорлиги билан ажралиб туради.  Ҳозирча Galaxy J5 (2017) ҳамда Galaxy J7 (2016) илғор Exynos 7870 “электрон юраги”га эга ягона смартфонлар.

Mali-T830 MP2 видеокартаси эса ҳамёнбоп смартфонларда кенг татбиқ этилаётган график-тасвир процессоридир. Бу аввалги моделда татбиқ этилган видеокартадан бир оз кучлироқ.

Бенчмарк тестларида Samsung J5 (2017) самарадорликда ўзининг "хитойлик" рақиблари бўлмиш Asus ZenFone 3, Huawei Honor 8 Lite, Nokia 5'дан паст балл тўплаган.

Speedtest тестида маълумотлар узатиш тезлиги секундига 11,33 мегабит. Бу J3'дан 2 баробар юқори дегани. iPhone 7 Plus'да бу кўрсаткич 13,44 мегабит. Кўриниб турибдики, маълумот узатишда муаммо йўқ.

Коммуникация имкониятлари ва дастурий таъминот

J5 2017'да 2 диапазонли Wi-Fi модуллари, бармоқ излари сканери, NFC модули, MST каби стандартлар мавжуд. Бу орқали компания J5 2017 имконияти Galaxy'нинг "A" ва "S" туркумларидан қолишмаслигини исботлаган.

Смартфон Android 7.0 операцион тизими бошқарувида фаолият кўрсатади. Буни 2018 йил бошида кейинги авлод -- "Oreo"га янгилаш мумкин бўлади.

Қувватдорлик

Аккумуляторнинг ток сиғими 3000 мА соат — 2016 йилги моделдан 100 мА соат кам дегани. Лекин, айтиш керакки, Exynos платформаси 14 нанометрли техник жараёнда ишлайди. Шу жиҳатдан у камроқ қувват сарф қилади. Натижада, Samsung Galaxy J5 (2017) тўлиқ қувват билан "аждоди"га қараганда узоғроқ фаолият кўрсатади. 

Мисол учун, 3G-интернет, ўйин ва сурат олганда, мусиқа тинглаб, видео томоша қилганда, яъни ўта фаол фойдаланганда, Galaxy J5 (2017)'нинг тўлиқ қуввати унга 1.5-2 кунга етади.

Камералар

Samsung Galaxy J5 2017'да 2 та, ҳар бири 13 мегапикселли бош ва олд камералар ўрнатилган. Уларнинг ҳар иккаласи фоточақноқ билан таъминланган. Улар FullHD аниқлигидаги видео тасвирга оладилар. Бош камерада ёруғлик тақсимотига масъул диафрагма f/1.7, олд модулда — f/1.9. Яъни, ёмон эмас.

Автофокус фақат бош камерада мавжуд. Камера интерфейси анъанавий кўринишда. Ёруғлик яхши бўлса, ҳар иккала камера яхши суратга олади. Қуйидаги суратларга қараб, камера имкониятига ўзингиз баҳо беринг.

Хулоса

Samsung Galaxy J5 (2017) узоққа етадиган қувватдорлиги, нафис  дизайни, HD бўлса ҳам, Full HD экранлар билан деярли рақобат қилиши, ўрта даражали процессори билан диққатга сазовор.

2017 йилнинг 22 ноябр ҳолатида "Малика"да Galaxy J5 (2017) 1 845 000 сўмдан сотилмоқда. Ундан бир оз юқори талқинга мансуб Galaxy J7 (2017)'нинг нархи эса 2 132 000 сўм. Galaxy J7 Full HD экрани, чанг ва томчидан ҳимояланган экрани билан ўзига хос.

Galaxy J5 (2017) бозорда ASUS ZenFone 3, Honor 8 Lite, Nokia 5  ёки Huawei Nova смартфонлари билан рақобатга киришади. Улардан ягона устунлиги сифатида унинг Samsung девайси эканини айтиш мумкин.

Хулоса

Samsung Galaxy J5 (2017) узоққа етадиган қувватдорлиги, нафис  дизайни, HD бўлса ҳам, Full HD экранлар билан рақобат қилиши, ўрта даражали процессори билан диққатга сазовор.

7.4балл

Galaxy J5 (2017) бозорда ASUS ZenFone 3, Honor 8 Lite, Nokia 5  ёки Huawei Nova смартфонлари билан рақобатга киришади. Улардан ягона устунлиги сифатида унинг ...

Дизайн

Экран

Процессор

Камера

Аккумулятор

Қаердан сотиб олиш мумкин?

asaxiy.uz 1.8 млн сўм Сотиб олиш
"Малика" 1.8 млн сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • Сифатли металл корпус
  • аккумулятор узоққ етади
  • бармоқ излари сканери

 Камчилиги

  • Процессор рақибларникидан паст ва қизийди
  • Дисплей яхшироқ бўлиши керак эди
Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.