Galaxy J6: техник жиҳат, нарх ва "жонли" суратлар

Galaxy J6: техник жиҳат, нарх ва

Бир муддат аввал Galaxy A6 ҳамда Galaxy A6+ смартфонларининг тақдимот маросими бўлиб ўтган эди. Айни пайтда мазкур смартфонлар жаҳоннинг смартфон бозорларида сотилмоқда, айрим жойларда аввалдан буюртма қабул қилинмоқда.

Ўқинг: Куни кеча тақдим этилган Samsung Galaxy A6 ва A6+ нархлари маълум бўлди

Ҳар иккала мобил қурилма техник жиҳатларига нисбатан анча қиммат. Шу боис компания янада арзон ҳамда бугунги талаб асосида тўлиқ экранли смартфон ишлаб чиқариш жараёнини тезлаштириб юборди. Samsung Galaxy J6 ана шундай жиҳатлар билан таъминланади.

Таниқли инсайдер Роланд Квандт ўзининг ахборот тармоқларида Samsung Galaxy J6 моделининг техник жиҳатлари ҳамда нархига оид маълумотларни эълон қилди.

Маълум қилинишича, нисбатан ҳамёнбоп мобил қурилма учун пластмасса корпус тайёрланмоқда. Шу билан бирга, смартфонда диагонали 5,6 дюймли чўзинчоқ ва 1480 га 720 та пикселни (HD+) сиғдира оладиган, шунингдек томонлар нисбати 18,5:9 ўлчамли экран бўлади. Дисплейнинг Super AMOLED технологияси асосида яратилишини ҳисобга олсак, унинг тасфир намойиши юқори ҳамда сифатли бўлади.

Қолган жиҳатлар қаторида Samsung Galaxy J6 эга бўладиган 8 ядроли ва 1,4 ГГц частота тезлигида ишлайдиган Exynos 7870 процессорини айтиш мумкин. Шунингдек, смартфоннинг 2/3/4 ГБ талқиндаги тезкор ҳамда 32/64 ГБ доимий хотира версиялари ҳам ишлаб чиқарилади. microSD хотира бўлмачаси ёрдамида фойдаланувчи смартфоннинг маълулмотлар омборхонасини 256 гигабайтгача катталаштириши мумкин.

Ўзига хос жиҳати шундаки, бунинг учун сим-карта бўлмачаларидан бири банд бўлмайди. Хотира картаси билан бирга, 2 та SIM-картадан ҳам фойдаланиш мумкин.

Камера масаласида эса, смартфон бош камерасига 13 мегапикселли бош ҳамда 8 мегапикселли олд камера танланган. Куч-қувватни эса Samsung Galaxy J6 модели электр токи сиғими 3000 мА соат бўлган аккумулятор батареядан олади. Афсуски, бу арзон моделда тезкор қувват олиш функцияси жорий қилинмайди.

Пластик корпуснинг орқа панелида чўзинчоқ шаклдаги бармоқ изи сканерини кўрамиз. Galaxy J6 қадоқданоқ Android 8.0 Oreo'нинг ўзлаштирилган Samsung Experience UI 9.0 тизимида фаолият кўрсатади.

Нарх ҳам инсайдерлар томонидан ҳозирданоқ маълум қилинган. Смартфон Европа электроника бозорида 295 АҚШ долларидан сотилади. Харидор ихтиёрида смартфонннинг қора, бинафша ранг ҳамда тилла ранг талқинлари бўлади. Samsung Galaxy J6 бугунги илғор модулларга эга бўлмаслиги мумкин. Бироқ ундан LTE 4G тармоғида фойдаланиш мумкин.

Ўқинг: OnePlus 6'да олинган илк суратлар