Samsung Galaxy J7 (2017): қудратли бренднинг илҳоми

Samsung Galaxy J7 (2017): қудратли бренднинг илҳоми

Сўзбоши ...

"Samsung Galaxy J" оиласининг "каттаси", жаҳоннинг маълум ва машҳур смартфонларидан бири бўлган J7 гаджети 2017 йилда ҳам янги жиҳатлар бойитилиб қайта ишлаб чиқилди.

Samsung J7 (2017) – 5.5 дюймли, FullHD сиғимли ва SuperAMOLED матрицали дисплей, 8 ядроли Samsung Exynos процессори, 3 гигабайтли тезкор хотира ва 2 та SIM-карта, MicroSD хотира бўлмачасига, 13 мегапикселли олд ва орқа камераларга эга смартфон.

Аввалги йилги модел билан таққослаганда, Нафақат, платформа, шу билан бирга ташқи дизайнда ҳам ўзгаришлар қилинган. Жумладан, 2016 йилги талқин металл ром ва пластик томдан ишлаб чиқилган бўлса, 2017 йилги талқин тўлиқ металл корпусга эга бўлди. 

Samsung J7 (2017) девайсининг корпуси IP54 стандартига расман эга бўлган. Яъни, у чанг ва сув таъсирига бардошли. Флагманларга хос ҳимоя бўлмаса ҳам, ҳарқалай бу смартфондан турли шароитларда фойдаланиш қулайлигини беради.  

Шунингдек, Samsung J7 (2017) флагманлардан яна бир жиҳатни ўзлаштирган: Always On Display функцияси. Яъни, экраннинг бир қисми мунтазам фаол бўлиб, унда сана, вақт каби тез-тез кўриладиган маълумотлар акс этиб туради.

Дизайн ва бошқарув элементлари 

Samsung Galaxy J7 – бу услуб ҳамда имкониятлар уйғунлигининг намунаси. Смартфон учун танланган силлиқ ва равон металл нафислигини кафт дарров ҳис қилади. Айниқса, янгича дизайнда камера туйнуги силлиқлашгани ва корпусдан бўртиб чиқмагани орқа панел дизайнидаги муҳим ечим бўлган.  2.5D эффектига эга ҳимоя шишаси эса Galaxy J7'га ҳашамдорлик бағишлаган.

"Galaxy J" туркумига хос янги дизайн ечимига кўра, орқа панелдаги пластик антенна улоғи "u" шаклида, панелнинг юқори қисмида тотилган. 

Экран остида — стандарт жамланма: 2 та сенсор тугма ва бармоқ излари сканери жойлашган механик "Home" тугмаси. Samsung бу йилги J7'ни ёруғлик датчиги билан сийабди. Олд камера эса анъанага мувофиқ, фоточақноққа эга бўлган. Олд панелда, шунингдек суҳбат динамиг ҳам мавжуд.

Олд панел чеккаларининг ясси ва қайрилма экани гаджет дизайнида муҳим ўрин тутган. Корпус қуйисида 3.5 мм.ли аудио-туйнук, микрофон туйнуги, пластик улоқ ҳамда MicroUSB порти мавжуд.

Корпус ўнг томонида "ўчириш-ёқиш" тугмаси, Сал тепароқда ягона ташқи овоз динамиги.  Динамикнинг бу ерга жойлашгани – қойилмақом ечим бўлган. Столга қўйганда ёки кафтда турганда бу карнай бекилиб қолмайди.

Том қисми бўм-бўш, фақат пластик улоқлар мавжуд. 

Корпус чапида — 2 та алоҳида овозни бошқариш тугмалари ва 2 та бўлмача.

Қўш-картали бўлмачага битта сим-карта ва хотира флешкасини қўйиш мумкин. Иккинчи алоҳида бўлмачага эга бошқа сим-картани қўйиш мумкин. Ақлли ечим. Одатда сим-карталардан бири тез-тез алмашиб туради. 16 ёки 32 ГБ доимий хотира смартфон фойдаланувчиси учун камлик қилади.

Смартфон қора, тилла ранг ҳамда кўк рангли корпусларда ишлаб чиқарилмоқда.

 

Экран имкониятлари 

J7 смартфони 5,5 дюймли ёрқин экранга эга бўлган. Дисплей олд панелнинг 73.1%  қисмини эгаллаб олган. SuperAMOLED экраннинг пикселлар сиғими 1920×1080 белгига тенг, яъни  Full HD. Ҳар дюймда ўртача 401 пиксел. Бу -- яхши кўрсаткич.

2.5D шаклидаги қайрилма ҳимоя шишаси дизайн учун ҳам, ҳимоя учун айни муддао. Экран доғ-дуғ ва бармоқ изларига қарши плёнка билан қопланган. Экрандаги ёруғлик заҳираси ёз қуёши остида ҳам смартфондан бемалол фойдаланиш имконини беради. SuperAMOLED матрицага хос илғор жиҳат бунда ҳам мужассам: сурат экраннинг барча қисмида ёрқин ва рангларга тўйинган ҳолатда акс этади.

Операцион тизим экран ва шрфифт ўлчамини, кўк тус даражасини  хоҳишга кўра созлаш имконини беради.

J7 ўз туркумида энг яхши экранга эга бўлган смартфон.

Юқорида айтилган Always On Display мунтазам фаол экран қисмида соат, сана, аккумулятор қувватининг фоизи ҳамда огоҳлантиришлар туради. Уларга 2 марта босиш орқали ўтиш мумкин.

Платофрма "тормоз"ланиши ҳақиқатми? 

Samsung Galaxy J7 (2017) ички платформаси 2016 йилги J7 билан солиштириб кўрганда, деярли ўзгармаган. Янги талқин ҳам 8 ядроли  Exynos 7870 процессорга эга бўлган. Унинг частота тезлиги 1.6 ГГц ва бу чипнинг маълумотларни қайта ишлаш жараёни 14 нанометр. Тезкор хотиранинг 2 дан 3 гигабайтга етгани яхши янгилик бўлди.

Доимий хотира сиғими 16 ёки 32 гигабайт бўлади. Қўшимча хотира бўлмачаси 256 гигабайтгача бўлган флешкаларни қўллаб-қувватлайди.

Процессор минг қилганда ҳам, ҳамёнбоп доирага киради. Шундай бўлса ҳам, платформа фаолияти барқарор ва узилишлар кам кузатилади.

Бу процессор ишлашига кўра J5 билан бир хил. Бу ҳам оғир иш буюриб қолсангиз, бир оз қизиб кета бошлайди.

Смартфон симсиз алоқанинг Wi-Fi 802.11 a/b/g/n/ac (2,4 ГГц ва 5 ГГц), Bluetooth 4.1 LE стандартларини, NFC плюс эса спорт гаджетларига мўлжалланган ANT+ стандартини ҳам қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, навигация имкониятлари GPS, Glonass, Beidou каби сунъий йўлдош тизимларига мўлжалланган.

Алоқа ва коммуникация бўйича смартфонда бирор муаммо йўқ.

Аккумулятор 

Samsung Galaxy J7 (2017) қувватини электр сиғими 3600 мА соат бўлган аккумулятордан олади. AMOLED-экран учун ҳамда тежамкор процессор эса девайсга тўлиқ қувват билан узоқ "яшаш" имконини беради.

Смартфонга максимал даражада иш буюриб. ўйинлар ўйнаб, интернетдан самарали фойдаланганда, смартфон бир сутка индамай "туриб" беради.

Мунтазам Wi-Fi, 3G тармоғида, аккаунтларни кўздан кечириш ва почта, мессенжерларда суҳбат қурганда, 20 дақиқа қўнғироқлашганда,бир соатлик веб-серфинг ва бир соатлик онлайн-видео томоша қилганда, смартфон тўлиқ қуввати 2 кунга етади.

Ўртача фойдаланганда тўлиқ қувватли Samsung Galaxy J7 (2017) 3 кун сизни безовта қилмайди.

Қувват масаласида биргина камчилик — гаджетда тезкор қувватлаш технологиясининг жорий қилинмагани. Бироқ, биз J-туркумига тааллуқли смартфон билан танишиб чиқаётганимизни унутмаслигимиз ҳам керак.

 

Камера — J5 билан бир хил

Олд ва орқа камералар учун 13 мегапикселли модуллар танланган. Камеранинг ишлаши тезкор ва  автофокус аниқ. Автофокус фақатгина бош камерада бор. 

Бош камера оптик линзасининг ҳажми – f/1.7, яъни айни пайтдаги энг пешқадам диафрагма.

Бош камера ёруғлик яхши шароитда яхши суратга олади. Кечки пайтда эса аниқ-тиниқ сурат олиш мушкул. Бош камера аксарият ҳамёнбоп хитойлик камерафонлардан таассуротлироқ сурат олади.

Смартфоннинг олд камераси ҳам светодиодли фоточақноққа эга бўлган.

Ҳар иккала камера FullHD видео тасвирга олади.

Қуйидаги суратларга қараб, ўзингиз баҳо беринг.



Terabayt нуқтаи назари 

AnTuTu бенчмарки натижаларига кўра, смартфон имкониятига баҳо бериш ҳамда харид қилиш ёки қилмаслик ҳақида қарор қабул қилиш ҳам мумкин. Бу ресурсда бор-йўғи 43 минг балл олган олган Galaxy J7 учун 370 АҚШ доллари тўлашга тайёр одамлар ҳам бор.

Гаджет SuperAMOLED экрани, яхши камераси, ишончли қуввати ва металл корпус, ўзига хос дизайни билан кўпчиликка мақбул келади. Samsung'нинг тежамкор ихлосмандлари учун бундан яхши танлов йўқ.

Тўғри, бу пулга Galaxy J7 (2017)'дан 2 баробар яхшироқ жиҳатларга эга «хитойлик»ни харид қилиш мумкин. Мисол учун, 5,5 дюймли гаджетлар орасида Galaxy J7 (2017) билан беллаша оладиган Nokia 6'ни 100 доллар арзонга харид қилиш мумкин. Honor 6X ёки Meizu MX6 ҳам кучли камералари билан қаҳрамонимизнинг рақиблари.

Хулоса 

Биз сайтимиз орқали жаҳонинг етакчи смартфонсози яқинда бозорга чиқарган Galaxy J серияси (2017) таркибига кирувчи J3, J5 ва J7 смартфонлари ҳақида батафсил маълумот бердик.

Ўқинг: 

Galaxy J5 (2017): яхши сотилаётган Samsung‘нинг сири нимада?

Samsung J3 (2017) сотувга чиқди: пулни тежаймизми?

Galaxy J5 ва J7 яхши суратга олади. Galaxy J3 камераси эса бу борада мақтана олмайди.

Galaxy J серияси (2017) — Samsung'нинг энг арзон металл гаджетлари. Шу билан бирга, фаолият самарадорлигини таҳлил қиладиган бўлсак, смартфон нархи унинг имкониятига нисбатан қимматлигини кўриш мумкин. Аниқроғи, бозор рақобатига дош бериш истагида бўлган бошқа смартфон ишлаб чиқарувчиларининг "инсофи" боис, биз арзон нархга ҳам яхши смартфон харид қилиш мумкинлигига ишондик.

Бироқ, юқоридаги омиллар Galaxy J сериясига мансуб гаджетларга жаҳон миқёсида энг яхши сотилишига тўсиқ бўла олмайди. Бу – Samsung брендининг кучи.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

asaxiy.uz 2.8 млн сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги