Galaxy Note 8: аввалдан буюртма, расмий нарх ва янги рекорд

Galaxy Note 8: аввалдан буюртма, расмий нарх ва янги рекорд

Samsung яқинда  ўзининг энг сўнгги ва жаҳоннинг энг инновацион "байроқдори" деб ҳисобланаётган Galaxy Note 8 харид қилиш истагини билдириб қанча харидор буюртма берганини маълум қилди. Шу йилнинг 23 августида тақдим қилинган фаблетга аввалдан буюртма аллақачон бошлаб юборилди. Маълум бўлишича, Galaxy Note 8'га қизиқиш унинг "аждодлари"никидан юқори экан. Бу тўғрида The Korea Herald нашри хабар бермоқда.

Охирги пайшанба куни Кореяда бошланган аввалдан буюртма бериш жараёнлари натижалари асосида ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, биринчи куннинг ўзида Galaxy Note 8'га берилган буюртмалар сони бутун Galaxy Note 7'га буюртма олиш давридаги рақамдан ҳам катта.

Яъни, бир кунда 395,000 дона Galaxy Note 8 буюртма қилинган бўлса, 2016 йилда 13 кун ичида буюртма қилинган Galaxy Note 7 миқдори 380,000 тани ташкил қилган.

The Galaxy Note 8’нинг натижасини Galaxy S8 флагманининг савдоси билан қиёслаш мумкин: дастлабки 2 кунда 550,000 дона Galaxy S8 аввалдан буюртма қилинган.

Таҳлилларга кўра, Galaxy Note 8 буюртма қилганларнинг 65% қисми фаблетнинг 64 гигабайтли арзон талқинини маъқул кўришмоқда. Ранглар кесимида "Deep Blue Sea" деб номланган кўк корпусли талқин оммалашмоқда.  

Шунингдек, The Korea Herald газетаси Galaxy Note 8'нинг Кореядаги расмий баҳосини ҳам эълон қилди. Унга кўра, 64 гигабайтли версия $963, 256 гигабайтли қиммат талқин $1,104 доллардан сотилмоқда. Америка Қўшма Штатларида эса Galaxy Note 8'нинг арзон талқини $929.99 доллардан сотилмоқда.

Galaxy Note 8 фаблетига аввалдан буюртма Кореяда 8 кун давом этади. Экспертларнинг фикрича, Samsung бу давр ичида 1 миллиондан ошиқ Note 8 сотишга эришади. Фаблет 15 сентябрдан бошлаб эркин савдога чиқарилади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Мавзу:

#Galaxy Note 8

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.