Galaxy Note 8’нинг iPhone’ларда йўқ 8 жиҳати

Galaxy Note 8’нинг iPhone’ларда йўқ 8 жиҳати

Samsung’нинг узоқ кутилган Galaxy Note 8 фаблети яқинда тақдим этилди. Энди дунё бўйлаб кўпчилик кўз тикиб турган яна бир инқилобий қурилма – iPhone 8 (ёки iPhone Edition) тақдимоти 12 сентябрда бўлиб ўтади.

«Популярная механика» сайти Samsung’нинг ушбу девайсида мавжуд бўлган, аммо асосий рақобатчи – iPhone’нинг ҳеч бир моделида учрамайдиган жиҳатларни санаб ўтган. Келинг, уларга биз ҳам бир назар соламиз.

1. Қўшимча хотира картаси учун слот.

Galaxy Note 8 девайсининг ички хотираси шундоқ ҳам чакки эмас – 64 гигабайт. Лекин унга яна 256 ГБ ҳажмли хотира картасини ҳам қўйса бўлади. iPhone’ларнинг исталган модели эса фақатгина доимий хотирадан фойдалана олади.


2. Live Message.

Samsung’нинг сўнгги фаблети функцияларини қулай бошқариш ҳамда унда ёзиш учун ўзининг махсус стилусидан фойдаланиш имкони мавжуд. Galaxy Note 8’нинг шунақа қизиқ функцияларидан бири эса Live Message ҳисобланади. Унинг ёрдамида сиз экранда хабарни ёзасиз, ёзганингиз анимацияланган GIF-суратга айланади ва ижтимоий тармоқларга жўнатилади.


3. Кўз ёй пардаси сканери.

Ҳа, Samsung смартфонида бу датчик бор, «Олма» маҳсулотларида эса йўқ. Блокдан чиқаришнинг мазкур усули бармоқ изи ёки коддан кўра осонроқдир.


4. Симсиз қувватлаш.

Айтишларича, iPhone 8 моделида ҳам ушбу технология жорий этилар эмиш. Аммо ҳозирча Samsung бу борада ҳам Apple’дан олдинда.


5. Samsung DeX Station.

Бу – Samsung Galaxy Note’ни бир лаҳзадаёқ стационар компьютерга айлантиришга имкон берувчи док-станциядир. Яъни, унинг ёрдами билан фаблетни оддий мониторга ва клавиатурага улайсиз; шу билан бирга, қурилмада Android’нинг десктоп версияси ўз-ўзидан ишга тушиб кетади. iPhone’ни эса телевизорга улаш мумкин, аммо унда худди оддий компьютердаги сингари ишлаб бўлмайди.

6. Кенгайтирилган оптик барқарорлаштириш.

Note 8 камерасидаги ҳар иккала линза ҳам оптик барқарорлаштириш тизимига эга. Айфоннинг эса биттагина линзасида бундай имконият бор. Бу омил суратнинг сифатига яққол таъсирини кўрсатади.


7. «Ювиб ташлаш» эффекти.

Samsung фаблетида расмларда суратга олишдан олдин ҳам, кейин ҳам орқа фонга «ювилганлик» эффектини бериш мумкин. iPhone эса бундай имкониятга эга эмас.


8. Бир вақтнинг ўзида экранда иккита илова ишлаши.

Galaxy Note’нинг ҳам, iPhone’нинг ҳам дисплейлари етарлича катта диагоналга эга. Лекин шу экранда бир вақтнинг ўзида иккита дастурни очиб қўйиб ишлатиш имконияти фақатгина Samsung фаблетида мавжуд. Apple қурилмаларида эса бир вақтда экранда фақат биттагина иловани очиб фойдаланиш мумкин, иккинчиси йиғилган ҳолда – орқа фонда туради.

Табиийки, Samsung Galaxy Note’нинг юқорида санаб ўтилган устунликлари айни ҳозирги кунлар учун долзарбдир. Apple’нинг яқин кунлар ичида тақдим этиладиган модели, балки, булардан ташқари афзалликларга ҳам эга бўлар. Барчасига биринчилар қаторида гувоҳ бўлиш учун биздан узоқлашманг!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.