Galaxy Note 8 ва iPhone 7 Plus: қай бири яхшироқ?
Жанубий кореялик техногигантнинг мобил қурилмалари орасида ҳозирда энг илғори – Galaxy Note 8 фаблети ҳисобланади. Аниқроғи, у нафақат Samsung телефонлари ичида, балки умуман бозордаги Android-смартфонлар орасида тенгсиздир.
ЎҚИНГ: Ҳиндистонда "Йилнинг флагман смартфони" маълум қилинди
Galaxy Note 8 улкан ва ёрқин дисплейи, илғор процессори, оптик зумга ва тезкор автофокусга эга қўшалоқ камераси каби жиҳатларига кўра барча iPhone’лардан устундир. Унда қулоқчин учун 3,5 миллиметрлик тирқиш ҳам, иккита SIM-карта ёки хотира картаси учун слот ҳам бор – булар фойдаланувчига танлаш имконини тақдим этади. Гарчи батареяси нисбатан тезроқ бўшаб қоладиган бўлса-да, тезкор қувватлаш технологияси шарофати билан 70 дақиқадаёқ унинг аккумуляторини тўлдириш мумкин.
Умуман олганда, Samsung’нинг мазкур фаблети кўп жиҳатдан айфонлардан устунликларга эга.
ЎҚИНГ: Ринг: Galaxy Note 8'нинг iPhone X'га йўналган 6 та аниқ зарбаси
Ушбу фаблет қиймати доирасидаги нархларда унинг асосий рақиби – Apple’нинг iPhone 7 Plus смартфонини харид қилиш ҳам мумкин. Хўш, мазкур айфоннинг кореяликлар флагманларидан устун жиҳатлари нималарда?
Гарчи умумий афзалликлар – қулай iOS интерфейси, тезкор янгиланишлар, афсонавий Apple экотизими кабиларни ҳисобга олмаганда ҳам, нисбатан эски iPhone 7 Plus модели янги Galaxy Note 8’дан тўртта хусусиятига кўра баланд келади. Келинг, шуларга бир назар соламиз.
ЎҚИНГ: iPhone 7 Plus: Кучли. Ишончли. Қимматбаҳо. | Тўлиқ тавсиф
- Корпуси Galaxy Note 8’никидан кўра яхшироқ
Агарда асфальт ёки бетонга тушиб кетмаса, iPhone 7 Plus’нинг металлдан ясалган корпусига ҳеч нима бўлмайди. Galaxy Note 8’да эса унақа эмас – мазкур фаблетнинг шиша корпуси нисбатан тез синади. Қолаверса, уни таъмирлаш ҳам қийин ва кўп вақтни олади; ҳали нисбатан янги модел эканини ҳисобга олсак, унинг эҳтиёт қисмларини топиш ҳам мушкул. Еттинчи айфоннинг «плюсли» моделини таъмирлаш ва унга эҳтиёт қисмлар топиш эса унчалик мушкуллик туғдирмайди.
- iPhone 7 Plus’нинг овози яхшироқ.
Ушбу параметр қурилмаларнинг динамикларига ҳам, жамланманинг ўзидаги қулоқчинларга ҳам тегишли. Samsung’нинг фаблети ҳар иккаласида ҳам рақибидан ортда қолади, унга ҳатто AKG гарнитураси ҳам ёрдам юера олмайди. iPhone 7 Plus’ни эса колонка сифатида ҳам, плеер тарзида ҳам (тағин ҳатто стандарт AirPods билан) қўлласа бўлади. iPhone’ларда овоз чиқариш эталон даражасида, бу факт билан келишмасликнинг иложи йўқ.
- Аккумулятори кўпроқ вақтга етади.
Бу жиҳатига кўра ҳам еттинчи авлод айфоннинг қўли баланд келади. Тўлақонли фойдаланиш шароитларида ҳам, iPhone 7 Plus’ни суткада бир марта, ёки ухлашга ётаётган пайт қувватласа етарли. Galaxy Note 8 эса бундай ишлатишда кечки пайтга бориб, батареяси бўшайди. Тўғри, бенда операцион тизимнинг оптимизациясида ҳам гап кўп, аммо аккумулятор сиғими – бу мисолимизда ҳал қилувчи омил. Ахир, бундай улкан ва ёрқин экранли қурилма учун 3300 мА/соат камлиги кундай равшан-ку. Эҳтимол, бундай «ихчам» батарея қўйиш билан Samsung мазкур қурилмаларини портлашдан ҳимоялагандир.
- Эргономик томондан афзал.
Ҳаммаси оддий: гарчи сал қийинчилик билан бўлса-да, iPhone 7 Plus битта кафтга ўрнашади ва уни шу қўлнинг ўзи биланоқ бошқариш мумкин. Galaxy Note 8 моделида эса бунақа эмас – уни кафтга жойлаштиришнинг мутлақо имкони йўқ.
Хулосалар
Кимгаки дизайн, ҳайратланарли ташқи кўриниш, улкан экран ва кўп нарсани улаш эркинлиги муҳим бўлса, Samsung Galaxy Note 8 айнан уларга мос.
Apple iPhone 7 Plus эса – ишончли ва чидамли, катта дисплей ва ажойиб овоз тизимига эга смартфонни танлайдиганлар учундир.
Тўғри, бу хулосаларга қўшилмайдиганлар ҳам кўплаб топилади, зеро, ҳеч кимнинг фикри мутлақ ҳақиқат бўлмаслиги ҳам табиий-ку. Айниқса, Apple ва Samsung ишқибозлари орасидаги баҳсларда ёки iOS ҳамда Android тарафдорлари ўртасидаги тортишувларда бирор томонни тўла ғолиб, деб айтиш мушкул.