Galaxy Note 9’да бармоқ изи сканери экраннинг ўзига жойланади

Galaxy Note 9’да бармоқ изи сканери экраннинг ўзига жойланади

Samsung компанияси Galaxy Note фаблетларининг кейинги авлоди Note 8 дизайнидаги асосий камчилик – дактилоскопик датчикнинг орқа панелдаги камера ёнида жойлашувидан халос бўлади. Samsung Galaxy Note 9 моделида бармоқ изини ўқийдиган янгича – оптик сканер бевосита дисплейнинг ўзига жойлаштирилади, деб ёзади BusinessInsider нашри.

Бу ҳақда KGI Securities компанияси вакили, ишлаб чиқарувчилар билан алоқалари туфайли танилган таҳлилчи Минг-Чи Куо (Ming-Chi Kuo) хабар берган.

Саккизинчи авлод Galaxy Note смартфонида фойдаланувчи бармоқ изи датчигини босаман деб, камеранинг оптикаси устига тегаверганидан, уларнинг устини хиралаштириб юбориши эҳтимоли юқори. Бундан Samsung ҳам хабардор, аммо мазкур ҳолатни муаммо деб ҳисобламайди-да, ҳар гал суратга олишдан аввал объективларни артиб қўйишни тавсия этади.

Агарда Samsung Galaxy Note 9 моделида шундай оптик сканер жорий этилса, бармоқни дисплейнинг ўзига босибоқ смартфонни блокдан чиқариш мумкин бўлади. Apple ҳам айни шу функцияни iPhone X моделига татбиқ этмоқчи эди, бироқ вақт тиғизлиги сабабли бундан воз кечишига тўғри келганди. Бунинг ўрнига эса «юбилей айфони»да юзни таниб блокни очувчи Face ID тизими жорий этилган.

Минг-Чи Куо берган маълумотларга кўра, бундай сканер учун керак бўладиган бутловчи қисмларни Samsung’га етказиб бериш ҳуқуқи учун ҳозирда бирданига учта компания ўзаро мусобақалашмоқда. Улардан бири – Apple’нинг бу борадаги ҳамкори Synaptics бўлиб, кореялик рақобатчи унга буюртма бериши эҳтимоли камроқ, чунки у бошқа технологияларни қўллайди. Кореядаги BeyondEyes компанияси ёки ишлаб чиқарувчининг шўъба корхонаси – Samsung LSI мазкур бутловчи қисмни етказиб берувчи сифатида танланиши мумкин. Улар аллақачон ўз маҳсулот намуналарини Samsung’га тақдим этиб ҳам улгуришган. Шунингдек, Samsung учун ҳозирги сканерларни етказиб бераётган Egis ҳам бу тендерда иштирок этиши мумкин.

Хабарга кўра, Samsung смартфонларида юзни таниш функцияси ҳам пайдо бўлади, аммо Apple’ники каби илғор даражада эмас. Таҳлилчининг таъкидлашича, купертинолик гигант керакли 3D-сенсорларни такомиллаштиришда устунликка эга. Бу борада у ўз рақибларидан 18–30 ойча илгарилаб кетган.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.