Galaxy S7 EDGE: Samsung’нинг технологик “шоҳ асари”

Galaxy S7 EDGE: Samsung’нинг технологик “шоҳ асари”

Қисқача техник тавсиф:

Ўлчамлари: 150.9 x 72.6 x 7.7 мм, 157 грамм.
Операцион тизим: Android 6.0.1, TouchWiz 2016.
Дисплей ва экран: 5.5 дюй, QHD-сиғим, SuperAMOLED матрица, экран ёруғлигини автоматик бошқариш тизими, Always On функцияси, турли режимлар, Corning Gorilla Glass 4 ҳимоя шишаси.
Оператив хотира: 4 ГБ.
Доимий хотира: 32/64 ГБ, қўшимча хотира бўлмачаси 200 ГБ.гача.
SIM-карта: 2 та гибрид, яъни 1 та SIM-карта + хотира бўлмачаси ёки 2 SIM-карта.
Процессор: 8 ядроли, частота тезлиги 1.8 ГГц бўлган Exynos 8890, MALI T880 MP12 видеокарта (баъзи минтақаларда Qualcomm Snapdragon 820).
Алоқа: 4G LTE cat12/13, Wi-Fi, Bluetooth, GPS, GLONASS, BDS ва NFC.
Сенсорлар: бармоқ излари сканери, акселерометр, гироскоп, оралиқ-масофа, компас, барометр, юрак ҳажмини ўлчам датчиги, SpO2.
Олд камера: 5 мегапикселли, фоточақноқ (экран шу вазифани бажаради),
Бош камера: 12 мегапикселли, дуал пиксель ва автофокус тизимлари, фоточақноқ, 4К видео ёза олади.
Аккумулятор: Li-Ion 3600 мА соат, қувватни тежаш ва тезкор қувватлаш технологиялари. 3G алоқа тармоғида 27 соатгача мулоқот.

Samsung Galaxy S7 edge: Танишув

2015 йил Samsung учун чинакам тажрибаларга бой йил бўлди. Смартфон ишлаб чиқаришда компания таваккалчилик билан янги технологияларни татбиқ этишдан чўчимади. Эҳтимол, шу сабаб ҳам компания 2016 йилда смартфон бозорининг мутлақ пешқадамига айлангандир.

Компания даромади иккинчи чоракда 18%га ошиб, $7.17 миллиард долларни ташкил қилган. Жумладан, мобиль алоқа воситалари савдосидан олинган даромадда ўсиш 57%ни ташкил қилади. Бунда асосан Galaxy S7 ва Galaxy S7 Edge флагманларининг ҳиссаси бўлганини компания ҳам эътироф этган.

Samsung’нинг смартфон қўшимча хотира картасидан воз кечиши, илк маротаба яхлит корпусли смартфон ишлаб чиқарилгани, S6 ва унга ўлчам жиҳатдан ўхшаш бўлса ҳам, ён томонга букилган соҳил экранли S6 EDGE аввалига смартфон ишқибозларини чўчитиб юборди. Аммо, пластик корпусли смартфонларни тутиб. зериккан кафтларга металл ва шиша уйғунлигидаги, серҳашам смартфонни тақдим этгач, кореялик ишлаб чиқарувчи оғизни очириб қўядиган смартфонлар тайёрлашда устаси фаранг эканини исбот қила олди.

Сотувга чиқарилгач, EDGE туркумининг анъанавий кўринишдаги смартфонлардан бозорбоплиги маълум бўлди. Унга смартфон бозорида талаб ҳам юқори бўлди. Дастлабки 3-4 ой соҳил экранли гелексилар тақчиллиги юзага келди. Компания уларни тайёрлаб беришга улгармаётган эди.

2015 йилнинг кузида Samsung яна бир жуфт – Note 5 ҳамда S6 EDGE Plus “байроқдор”ларини сотувга чиқарди. Шу йилга қадар Samsung’нинг анъанавий “юзи” ва бош смартфони бўлиб келган Note туркуми флагманлари ўз ўрни ва нуфузини EDGE серияси вакилларига бўшатиб берди.

2016 йил эса EDGE туркумида экран диагонали илк “EDGE”дан каттароқ бўлган  S7 EDGE гаджети намойиш этилди. Аввалги сиёсатдан фарқли равишда соҳил экранли флагман анъанавий S7’дан ҳам дизайн, ҳам ички имкониятлар билан кучлироқ эди.

S7/S7 EDGE 2016 йилда ишлаб чиқарилган ва бирор эътирозга учрамаган муваффақиятли “ақлли телефон”лар бўлишди.  Улар ҳам S6/S6 EDGE’га хос тарихни такрорлаб,  нархдаги фарқнинг катталигига қарамасдан, Европа ва Осиё смартфон бозорида S7 EDGE’га катта миқдорда эҳтиёж пайдо бўлган. Йирик экран, ноодатий дизайн ва каттароқ аккумулятор билан S7 EDGE 2016 йилнинг етакчи, инновацион IT-маҳсулотига айланган.

Samsung Galaxy S7 edge: Дизайн ва корпус

Шу вақтга қадар тақдим этилган смартфонларнинг барчасида бирор камчилик кўзга ташланган. Минглаб, миллионлаб фойдаланувчилар, экспертларнинг барчасига бирдай манзурлик бирор гаджетга насиб этмаган. Тўғрироғи, S7 EDGE’га қадар шундай бўлган. 2015 йилда ридизайн қилинган Samsung флагманлари бир хилликдан чарчаган мобиль алоқа воситалари фойдаланувчиларининг дидини қитиқлади, нигоҳини тортди ва ҳайратини оширди.

Samsung янги флагманларига металл ром, корпуснинг орқа панелига эса Corning Gorilla Glass 4 ҳимоя шишаси кийдирди.

S7 Edge 150.9 x 72.6 мм бўлиб, 157 грамм тош босади.

Samsung Galaxy S7 EDGE’нинг корпуси алюминий қотишмасидан тайёрланган. У бошқа Galaxy/Note туркуми вакиллари каби пишиқлик жиҳатидан фойдаланувчида ишонч туғдиради.

2016 йилда ҳам бу дизайн ва кўриниш сақлаб қолинди. Биргина фарқ шуки, Samsung Galaxy S7 флагмани 2.5D ҳошия ва безак шишасига эга бўлди. Айни пайтда, Корея IT-гигантидан сўнг барча компаниялар бу услубдан фойдаланишмоқда. Аммо, компания бошқалардан ажралиб туриш учун 3D шаклидаги шишадан фойдаланмоқда. Ҳали бирор ишлаб чиқарувчи Gorilla Glass 4 шишасини бундай букик ҳошия шишаси билан уйғунлаштиришга муваффақ бўлмаган эди.

Galaxy S7 edge дизайни космик услубда, аммо кир кўтармайдиган, нафис ва нозик корпусга эга. Уни асраш керак, акс ҳолда таъмирлаш унинг ярим нархига тушиши мумкин.

S6 edge 5,1 дюйм бўлган бўлса, Galaxy S7 edge 5,5 дюйм диагоналга эга бўлди. Дизайнерлик  концепцияси ўзгармаган, бироқ корпуснинг “мушакдор”лиги ошган: ўткир шаклдаги ён томон қирралар унинг кафтга мустаҳкам ўрнашишига ёрдам беради. Samsung Galaxy S7 EDGE’нинг орқа панели бир оз қия шаклга эга.

Унинг корпусидаги муҳим янгилик – сув ва чанг таъсирига чидамли экани бўлди. Шу сабабли ҳам, Galaxy S5 кўпчиликка манзур бўлган эди. S7 edge IP68 стандарти бўйича сертификатга эга бўлди. Яъни, чангдан қўрқмайди, бир ярим метргача сув ичида 30 дақиқа жон сақлайди.

Кўриб турганингиз каби, Samsung Galaxy S7 EDGE 2015 йил флагманлари ва қисман 2016 йилнинг А-серия смартфонларига ўхшаб кетади.

Корпусдаги яна бир қувонарли ечим  – унда хотира картаси бўлмачасининг мавжудлиги бўлди. Энди  S6’нинг бош камчилигига барҳам берилиб, янги смарфтон 64 гигабайтгача бўлган хотира флешкасини қўллаб-қувватлайди. Бу бўлмача гибрид, яъни уни сим-карта учун ёки micro SD флешка учун ишлатиш мумкин.

Samsung Galaxy S7 EDGE яхлит корпусли бўлиб, фойдаланувчи уни мустақил оча олмайди. Бунинг учун сервис марказга мурожаат қилиш керак.

microUSB-порти эса сувдан мана бундай ҳимоя қилинган, модомики бирор носозлик бўлса, махсус назоратчи тизим бу ҳақда бохабар қилади.

Samsung Galaxy S7 EDGE’нинг ташқи металл деталларнинг барчаси занглашга қарши қўшимча ҳимоя билан таъминланган.

Сиз суратда смартфоннинг сувдан ҳимояланган қўшимча қисмларини бўялган ҳолатда кўриб турибсиз.

Samsung Galaxy S7 EDGE’нинг Black Onyx – қора оникс корпусли талқини айниқса, кўп сотилмоқда.

Samsung Galaxy S7 EDGE’нинг SIM-карта бўлмачасига диққат қилинг: унинг қуйи томонида ўрнатилган резина улоқ ичкарига кирмоқчи бўлган чангларни олиб қолади.

Гарчи, шиша қобиқ тез доғ бўлса ҳам, унда бармоқ излари у қадар кўзга ташланмайди ва осонлик билан артилади.

Корпус материали билан юзага келган ягона муаммо – ундаги бошқарув тугмаларининг ранги ўчишидир. Айнича, қора рангли талқинда бу яққол сезилади.

Samsung Galaxy S7 edge: Дисплей ва экран

Galaxy S6 каби экраннинг пикселлар сиғими  2560х1440 белгига тенг. Яъни, Quad HD сиғимли. Аммо, янги технологияларни жорий этилиши ҳисобига намойиш янада илғор даражага етди. Мисол учун, янада илғор SuperAMOLED матрица ҳисобига максималь ёруғлик даражаси 25 фоизга ошди ва экрандаги ёруғлик заҳираси ҳам кўпайди.

Бекорга Apple ҳам ўз мобиль қурилмаларига AMOLED матрицани татбиқ этиш режасини ўйлаб кўрмаган.

Ҳар дюймдаги пикселлар миқдори 534 тани ташкил қилади. Шу сабабли тасвир экранда аниқ ва деталларга бой равишда намоён бўлади. Экрандаги ранглар меъёри ўртасидаги қарама-қаршилик ҳам юқори, ҳар бир ранг ажралиб туради.

Бу экран билан қоронғу ва кундузги шароитларда бир хил қулайлик билан фойдаланиш мумкин. S7 EDGE экрани кўзни олиш, нур остида ярқираб қолиш каби камчиликлардан холи. Қуёш остида ҳам ёрқин ва рангли тасвирга гувоҳ бўлиш мумкин.

Смартфон автоматик равишда ёруғликни аниқлаб, экранни созлаш кўникмасига эга.

Кўпчилик жазирама ва қиш кунларида қора ойнали, қуёшдан ҳимоялайдиган кўзойнак тақиб, смартфондан фойдаланади. Модомики одатдаги суюқ-кристалл экранга қора шишали кўзойнакда қарасангиз, ундаги ранг-тасвир етказиш тизимининг бузилишига, экраннинг хиралашишига гувоҳ бўласиз. Аммо  светодиодли дисплейга эга Galaxy S7 смартфонларида бу каби муаммо кузатилмайди.

Ранг-тасвир узатиш режимини созламалар орқали танлаш ҳам мумкин. Мисол учун, “Асосий” режим танланса, унда ранг туслари  sRGB диапазонида, яъни ёрқин ва реал ҳолатга яқин акс этади.

Айниқса,  дисплейнинг Always On (доимо фаол) функцияси зўр ғоя бўлган. У қуйидагича ишлайди: смартфон уйқу режимида бўлганида ҳам дисплейнинг бир қисми уйғоқ бўлади. У ерда огоҳлантириш, хабар ва соат, тақвим намойиш этилади. Ишлаб чиқарувчининг айтишича. бу функция соатига қувватнинг 1 фоизини истеъмол қилар экан. Always On функциясини ишлатмасангиз, смартфон тўлиқ қувват билан 20–30% фоиз узоғроқ ишлайди.

Always On функцияси смартфон блокировка бўлган тақдирда ишламайди.

Оддий ёрқин суратларни ҳам доимий фаол дисплейга чиқариб қўйиш ишлаб чиқарувчининг илғор фикрлаши маҳсулидир.

Samsung Galaxy S7 edge: Процессор ва платформа, хотира

S7 edge’нинг Samsung Exynos 8890 процессорига эга талқини 4 ГБ оператив хотира билан таъминланган. Бу 8 ядроли чипсет Qualcomm Snapdragon 820 процессоридан ҳам самарали бўлиб, қувватни ҳам тежайди.

2015 йилда Samsung флагманларида Qualcomm процессорларини татбиқ этишдан воз кечди. Бу процессорлар Самсунг смартфонларида ҳаддан ташқари қизиб кетар эди. Шундан кейин Qualcomm изланишлар олиб боришга мажбур бўлиб, Snapdragon 810 процессорини яратган.

2015 йилга қадар гўё Exynos’ли флагманлар  Qualcomm процессорига эга смартфонлардан ёмон ишлаб келаётгандек эди. Аммо 2016 йилдан Exynos чиплари янада такомиллашди.

Айни пайтда кўплаб мамлакатлар Samsung’нинг Exynos талқинли смартфонларини сотиб олади. Бу процессорнинг аввалгиларидан 30%га сермаҳсул экани айтилмоқда, Mali-T880 видеокартаси эса энди T780’дан 80% тезкорроқ.

Samsung Galaxy S7 EDGE ҳам Qualcomm Snapdragon 820, ҳам Exynos 8890 Octa процессорли талқинларда ишлаб чиқарилади. Шунингдек, унинг GPU Adreno 530 ҳамда Mali-T880 MP12 видеокарталарига эга талқинлари мавжуд.

AnTuTu мобиль воситалар имкониятини баҳолайдиган бенчмаркда Samsung Galaxy S7 edge 2 та хитойлик смартфондан кейин 3-ўринни эгаллаб турибди.

Exynos LTE cat.12/13 алоқа тармоғида секундига 600 Мбит.гача ( оператор бу сифатга жавоб берса, 1 ГБ фильмни бир дақиқада юклаб олиш мумкин) маълумотни юклаб олиш мумкин.

Айни пайтда S7 EDGE тезкор ва самарали ишлайдиган аппарат ҳисобланади. Янги процессор тезкор ва смартфон бозорининг энг яхши чипларидан биридир. Қувват тежаш имконияти ҳам юқори.

Телефонда қўшимча Exynos M1 процессори ҳам бўлиб, у ҳаракатни ҳисоблаб боради. Флагман қизиб кетмаслиги учун унинг платформасида махсус совутиш тизими яратилган.

Флагманнинг доимий ички хотираси 32 ёки 64 ГБ сиғимли бўлиб, microSD ёрдамида уни 200 ГБ.гача кенгайтириш мумкин.

Samsung Galaxy S7 edge: Дастурий таъминот

S7 EDGE Android 6 операцион тизимининг мослаштирилган TouchWiz талқини бошқарувида фаолият кўрсатади. Флагман смартфонлар дастури бўлган Android тизими бу қурилмада енгил ва тез ишлайди. Узилиш ва “қотиб қолиш”ларни фойдаланувчи унутиб юборади.

Samsung Galaxy S7 edge: Қувват манбаи

Аккумулятор сиғими аввалги гелексиларникидан бир оз ошган – 3600 мА соат (Galaxy S6 edge+’дан 600 мА соат кўпроқ). Қурилманинг ишлаш вақти доимо унинг муҳим жиҳатларидан бўлиб келган. Қувват манбаи доимо дастурий таъминотнинг тўғри ишлаши ва тизимдаги барқарорлик билан ҳисоблашиб келган.

Бу қувват смартфонга экран ёруғлиги 60%га созланса, ҳар куни 3.5-4 соат фойдаланилса, ўртача 2 кунга етади. Максималь ёруғликдаги видеони 13 – 14 соат томоша қилса бўлади.

Телефонда иккита ташқи смисиз қувватлаш стандарти мавжуд. Шунингдек, тезкор қувватлаш тизими унга 10 минут ичида қувватни 100 фоизга тўлдириш имконини беради. Жаҳоннинг кўплаб бундай кучли флагманлари бу каби технологияни орзу қилишади.

2016 йилда Samsung флагманларининг энг катта ютуғи – уларда узоғроқ ишлаш кўникмасининг жорий этилгани бўлди. Ҳатто янги илғор телефон аппаратлари 1.5-2 баробар узоғроқ ишлайдиган бўлди.

Samsung Galaxy S7 edge’да универсал ва оммалашаётган USB Type-C ўрнига Micro-USB 2.0. портини жорий қилган. Унинг ёрдамида флагманни қувватлаш мумкин.

Galaxy S7 edge’ни 24 соат давомида ўртача ишлатганда унинг 59 фоиз қуввати сарфланади. Geekbench 3 синов тажрибасида Galaxy S7 edge видеони 11 соат 25 дақиқа ўқиб, қувватдорлик бўйича рекорд ўрнатган.

Samsung Galaxy S7 edge: Камера

Аввалги 16 Мп бош камеранинг 12 Мп.га тушиб қолиши бошида фойдаланувчиларнинг диққатини оширди.  Аммо камера матрицасининг катталашгани, унда янги Dual Pixel автофокуслаш тизими жорий қилингани S7 edge’ни кучли камерага эга бўлишини таъминлаган. Янги камера технологиясида ҳар бир пиксель 2 мустақил фотодиоддан ташкил топган. Уларнинг бири суратни гавдалантирса, бошқаси суратга тезкор ва аниқ  фазали тизимда фокус белгилайди.

Galaxy S7 ва S7 edge смартфонларига хос энг муҳим жиҳат – уларнинг ёруғлик паст шароитда ҳам юқори сифатли суратлар олишидир. Бунда эса суратни оптик барқарорлаштириш тизими муҳим аҳамият касб этади.

Соя ва нур ўртасида баланс меъёрида, тасвир аниқ-тиниқ акс этади. Оқ тус билан боғлиқ хиралик кўзга ташланади, бироқ камдан-кам.

Galaxy S7/S7 EDGE флагманларида Samsung учун махсус ишлаб чиқарилган Sony IMX260 камера модулларидан фойдаланилган. Бу модулларда объективнинг ёруғликни қамраб олиш диафрагмаси  f/1.7. Диафрагманинг катталиги матрицага маназар ҳақида кўпроқ маълумот етиб келишига хизмат қилади.

Ҳаваскор фотосуратчилар учун «автопилот» номли сифатли суратга туширишга ёрдам берувчи дастур мавжуд.

Ҳаттоки камера дастурий таъминотида “Таом” деб номланган режим бўлиб, сиз энди овқатларни турли тусдаги рангларда кўришингиз мумкин.

5 мегапикселли олд камера ҳам юқори сифатли суратлар олади.

Қуйидаги мисоллар ёрдамида S7 EDGE камерасининг имкониятларига ўзингиз баҳо беринг.

S7 флагманида олинган видео: 

 

Samsung Galaxy S7 edge: Бармоқ излари сканери

Бармоқ излари сканери олд панелнинг бош тугмасидан ўрин олган. Қурилмани қутидан олгач, аввалига махфий сўз орқали сканерни рўйхатдан ўтказиш ва сўнгра ҳар иккала бош бармоқни 2 мартадан унинг устига босиш орқали ишга тушириш мумкин.

Негадир S7 edge бармоқ излари сканери жуда тезкордек туйилмади. Galaxy S6 смартфонида бу сканер жуда тез ишлар эди.

Samsung Galaxy S7 edge: Коммуникация, илова ҳамда функциялар

Galaxy S7 edge алоқанинг 4G тармоғига мўлжалланган бўлиб, секундига 450 Мбит маълумот юклаш мумкин бўлган LTE Cat 9’ни қўллаб-қувватлайди. Аммо, ҳозирча, реал ҳаётда бу тезликни учратиш имкони йўқ.

Шунингдек, унда симсиз алоқанинг 11ac Wi-Fi, Bluetooth 4.2 LE, GPS, GLONASS, BDS ва NFC технологиялари татбиқ этилган. Ундаги Samsung Pay ва Android Pay тўлов тизимлари орқали онлайн пул тўловларини амалга ошириш мумкин. Galaxy S7 edge’даги юрак уришини мониторинг қилувчи SpO2 сенсори ҳатто қондаги кислород миқдорини ҳам аниқлай олади.

S Health иловаси эса жисмоний ҳаракатингизни, овқат калорияси ва фаолликни қайд этиб, тавсиялар бериб боради.

“Multi-task” функцияси ёрдамида экранда 2 та  иловадан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш мумкин. “Бир қўлда бошқариш” функцияси эса 5.5 дюймли экранни ягона кафтда бошқаришга ёрдам беради. Бош меню (HOME) тугмасини 3 марта боссангиз, экран ҳажми 3 мартага қисқаради ва сиз мини-фонни бошқараётгандек бўласиз.

Samsung Galaxy S7 edge: Нарх-наво

2016 йилнинг 14 август ҳолатида «Малика» савдо марказида Samsung Galaxy S7 edge’нинг 32 ГБ талқини 3,289,000 сўмдан сотилмоқда. Халқаро Amazon онлайн дўкони эса худди шу телефон аппарати учун 620 АҚШ доллари сўрамоқда.

Samsung Galaxy S7 edge: Хулоса

Бир муддат аввал Strategy Analytics маркетинг ва тадқиқотлар компаниясининг таҳлилчилари смартфон бозорини ўрганиб, 2016 йилнинг энг оммабоп ва бозорбоп гаджетлари рўйхатини шакллантирган эдилар. Унга кўра, Samsung Galaxy S7 Edge халқаро смартфон бозорининг энг кўп сотилган мобиль алоқа воситаси бўлди. Март ойидан бошлаб, бир вақтнинг ўзида 60 та халқаро смартфон бозорида сотувга чиққан смартфон бозорида шу кунга қадар 13,3 млн дона сотилган. Таҳлилчиларнинг фикрича, телефон қайрилма экран туфайли яратилган қулайлик ва беқиёс дизайн сабабли бу қадар оммалашган.

Samsung Galaxy S7 edge’да алоқа сифати, платформа фаолияти, овоз узатиш тизими, дизайн ва деталларнинг йиғилишида, камера сифати ва экран намойиши юқори даражада.

IP68 сертификатига эгалиги, аккумуляторнинг кенг сиғимли экани, тизимнинг барқарор ва узилишларсиз ишлаши, Android операцион тизимининг бой талқини, дастурий таъминотларга бойлиги Samsung’нинг ҳақиқий мўъжизакор смартфонни тақдим этишига хизмат қилган.

Муҳандислик нуқтаи назаридан ҳам бу қурилма чинакам мўъжаз технологик шедевр асарнинг ўзгинаси – унда энг сўнгги ва келажак технологиялари жорий қилинган.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

www.asaxiy.uz 4,032,000 сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.