Galaxy S9'да Galaxy S8'даги бош камчилик бўлмайди

Galaxy S9'да Galaxy S8'даги бош камчилик бўлмайди

"Samsung Galaxy S" туркумида тақдим этилажак янги авлод флагман смартфонларида Galaxy S8 моделида кузатилган бош камчиликлардан бири бартараф қилинади. Инсайдер ҳамда расмий оммавий ахборот воситаларининг маълум қилишларича, Samsung Galaxy S9 флагмани қўш сенсорли камераларга эга бўлади. Смартфондаги бармоқ излари сканери энди бошқа жойга кўчирилади.

Galaxy S8 тақдим қилингач, унинг бармоқ излари сканерининг камера билан ёнма-ён жойлаштирилгани фойдаланувчи учун катта ноқулайлик туғдириши кўп маротаба таъкидланган ва танқид остига олинган эди. Galaxy S8 флагманидаги бармоқ излари сканери учун ноўрин жой танлангани фойдаланувчилар томонидан ҳам айтилган эди. Жумладан, фойдаланувчилар адашиб сканер деб ўйлаб ҳар гал камера модулига бармоқ босишган ва камера юзаси хиралашиб қолаверган.

Энди компания муҳандислари биометрик сенсорни бош камеранинг ёнига эмас, остига жойлаштиришга қарор қилдилар. Бу эса адашиб камера оптикасини босишнинг олдини олади.

Samsung Galaxy S9 флагманида бундай муаммо бўлмайди ва ҳозиргача эълон қилинган рендер суратларда ҳам компаниянинг бу технологик қарори ўз ифодасини топган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.