Galaxy S9 Plus'даги технологик инновация саноатда янгилик бўлади

Galaxy S9 Plus'даги технологик инновация саноатда янгилик бўлади

Бугунги харидор ва ишқибозларни ҳайратда қолдириш смартфон ишлаб чиқарувчилари учун тобора қийин вазифага айланиб бормоқда. Шу сабабли ҳам компаниялар янги смартфонларида миллионлаб инсонлар диққатини тортадиган ностандарт ечим ва таклифларни олға суришга мажбур бўлишмоқда. Кечагина Samsung Galaxy S9+ девайсининг хотира сиғимларига оид тарқалган маълумотлар барчанинг эътиборини қозонди. Унга кўра, гаджетнинг хотираси iPhone X'нинг энг юқори модификациясидаги хотирадан ҳам йирик бўлади.

Хитойнинг Weibo тармоғида маълум қилинган янги тафсилотга кўра, Samsung компанияси Galaxy S9 смартфонини 4/64 ГБ ва 4/128 ГБ талқинда, шунингдек Galaxy S9+ моделини 6/64 ГБ, 6/128 ГБ ҳамда 6/256 ГБ хотира сиғимларида ишлаб чиқаради. Бундан ташқари, манбанинг маълум қилишича, савдога смартфоннинг эксклюзив версияси ҳам чиқарилади. Унинг тезкор хотираси 6 ГБ, доимий хотираси 512 ГБ сиғимли бўлади. Бунгача жаҳондаги бирор оммабоп смартфон моделида бундай технологик жиҳат илгари сурилмаган.

Samsung Galaxy S9 ҳамда Galaxy S9 Plus'нинг махсус талқинлари айрим давлатларда сотилади. Сабаби, бу девайснинг энг арзон талқини жаҳон смартфон бозорида ўртача 870 АҚШ долларидан, қиммат талқинлари, яъни 256 ГБ ва 512 ГБ хотирали версиялари 1400 АҚШ долларидан сотувга чиқарилади.

Маълум қилинишича, Samsung Galaxy S9+ моделининг 512 гигабайтли версияси Осиёнинг баъзи давлатларида, жумладан Хитойда ҳам сотилади. Samsung Galaxy S9 ҳамда Galaxy S9 Plus ўзидаги 8 ядроли Exynos 9810 процессори билан ажралиб туради. Унинг частота тезлиги 2,9 ГГц.га етади. Шунингдек, смартфонлар ромдан холи Super AMOLED-экрани, Face ID юз-қиёфа сенсори, такомиллашган Bixby овозли ёрдамчиси билан ажралиб туради.

Galaxy S9 ва Galaxy S9+ гаджетларининг тақдимоти 2018 йилнинг феврал ойи якунида кутилмоқда.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.